Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғонада соҳалар ривожи: саноат, IT ва туризм

Фарғонада соҳалар ривожи: саноат, IT ва туризм

Фарғона вилояти кейинги йилларда иқтисодий, саноат ва туризм салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган йирик лойиҳалар марказига айланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрел ойида вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлар эса ҳудуддаги ўзгаришларни янада кўпайтиради. 5–6 май кунлари «Фарғонада — Янги Ўзбекистон нафаси» шиори остида ташкил этилган пресс-тур давомида журналистлар ана шу янгиланиш жараёнларини жойларда кўриш имконига эга бўлишди.

Сафарнинг дастлабки манзилларидан бири Фарғона шаҳридаги «Фарғона экспо» халқаро кўргазмалар маркази бўлди. Беш гектар майдонда барпо этилган мажмуа нафақат кўргазма майдони, балки инвесторлар ва тадбиркорлар учун доимий мулоқот платформаси сифатида шакллантирилган.

Марказда 200 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини намойиш эта олади. Саккиз қаватли бинода савдо ва инвестиция ташкилотлари, экспортчилар ҳамда бизнес вакиллари учун офислар жойлаштирилган. Бу ерда йил давомида 15 та тармоқ бўйича кўргазма ва ярмаркалар ўтказилиши режалаштирилган.

Фарғона шаҳридаги IT-парк мажмуаси эса рақамли иқтисодиётга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди. 150 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган мажмуа бир вақтнинг ўзида 200 нафар фойдаланувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда дастурчилар ва фрилансерлар учун замонавий коворкинг ҳудудлари, резидент компаниялар учун офислар ташкил қилинган. Марказ йилига 3 мингдан ортиқ ёшларни ўқитиш, уларни IT лойиҳаларга жалб қилиш имконини беради. Сўнгги йилларда Фарғона вилоятида ахборот технологиялари хизматлари ҳажми тўрт баробарга ўсгани, экспорт эса 23 миллион доллардан ошгани соҳадаги ўсиш суръатини кўрсатади.

Қувасой шаҳридаги «Crown Ceramic» қўшма корхонаси эса саноатда юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган лойиҳалардан бири сифатида намоён бўлди. Корхона йилига 8 миллион квадрат метр керамогранит плита ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда маҳаллий хомашёдан фойдаланиш даражаси 97 фоизни ташкил этади. Замонавий рақамлаштирилган технологиялар, энергия тежовчи ускуналар ва экологик талабларга мос фильтрлар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширмоқда. Корхона маҳсулотлари бугуннинг ўзида Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда, яқин йилларда Қозоғистон, Россия ва Европа бозорларига чиқиш режалаштирилган. Айниқса, оддий сой тошидан юқори сифатли экспортбоп маҳсулот тайёрланаётгани ҳудуддаги саноат трансформациясининг амалий намунаси бўлиб кўринди.

Марғилон шаҳридаги «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуаси эса миллий мерос ва замонавий туризмни уйғунлаштирган йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. 35 гектар майдонда қурилган мажмуада меҳмонхоналар, карвонсарой, миллий бозор, музейлар ва ҳунармандлар маркази жой олган.

Бу ерда «Отабек ва Кумуш уйи» музейи ҳам ташкил этилган бўлиб, унда «Ўткан кунлар» романи муҳити қайта яратилган. Туркиянинг «Studio Vertebra» компанияси томонидан ишлаб чиқилган бош режага кўра, келгусида мажмуа ҳудудида бизнес марказ, йирик масжид ва юзлаб савдо нуқталари ҳам пайдо бўлади. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига 250 минггача хорижий сайёҳ жалб қилиниши кутилмоқда.

Пресс-турнинг иккинчи куни Қува туманидаги «Қува Агростар» корхонаси билан танишувдан бошланди. Бу ерда маҳсулот етиштиришдан тортиб сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортгача бўлган жараёнлар ягона тизимга бирлаштирилган. Корхона халқаро сертификатлар асосида ишламоқда ва Япония ҳамда Жанубий Корея каби талабчан бозорларга маҳсулот экспорт қилишни бошлаган. 3 минг хонадон ва минглаб деҳқон хўжаликлари билан кооперация тизими йўлга қўйилгани эса қишлоқ аҳолиси даромадини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Қува туманидаги агровольтаика технологияси жорий этилган қишлоқ хўжалиги мажмуаси эса Ўзбекистон учун янги тажриба сифатида қизиқиш уйғотди. 110 гектар майдонда ташкил этилган мажмуада қуёш панеллари, интенсив боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик бир тизимга бирлаштирилган. Қуёш панеллари электр энергияси ишлаб чиқариш билан бирга тупроқ намлигини сақлаш ва экинларга соя бериш вазифасини ҳам бажаради. Австрия технологияси асосидаги ёмғирлатиб суғориш тизими сув сарфини сезиларли қисқартирган. Ҳозирда бу ерда экспортбоп узум навлари етиштирилиб, 350 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланган.

Сафарнинг навбатдаги манзили «Каркидон» сув омбори ҳудудида барпо этилаётган туризм мажмуаси бўлди. 508 гектар майдонда ташкил этилаётган ҳудудда шале услубидаги уйлар, меҳмон уйлари, экобозор, ресторанлар ва агротуризм объектлари қурилган. Келгусида мотокросс, картинг, гольф ва дор йўли каби фаол туризм йўналишлари ҳам йўлга қўйилади. Лойиҳа йилига 750 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Пресс-тур якунида журналистлар «Янги Қува» маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ва инфратузилма ишлари билан ҳам танишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг