Гумон. Инсонийлик. Тоға (митти ҳикоялар)
Гумон
Келин бўлганига кўп бўлмади. Эгизак қайинсингилчалари ортидан қолмайди.
— Яшириб е, қонинг кам, — деди бир куни онаси унга ярим елим халтача майиз узатаётиб. Шундай қилди. Ҳар куни бир сиқим ейди, сўнг яна тортмага солади.
Ўша куни эрталаб тортмадан елим халтачани тополмади. Қизчалардан гумон қилди.
— Нега менинг нарсамга тегасизлар?! — дея ўдағайлади қайинсингилларига. —Яна уйимга кирсанглар, қаттиқ хафа қиламан!
Ишхонасига келди, сумкасидан конспект дафтарни олаётиб, елим қопчада қолган бир сиқим майизга кўзи тушди. «Эсим қурсин! Кеча ишда ейман деб солиб қўйгандим-ку!»
Уйига келгунича, майиз воқеаси унутилгандек эди. Аммо очиқ турган тортмага кўзи тушгач, ичида нимадир чирт этиб узилгандек бўлди: майиз тўла елим халтача сиғмаганидан тортма ёпилмай қолганди. Ҳар куни чопқиллаб қаршилайдиган қизчалар ҳам кўринмасди…
Одамийлик
Ғамхўрлик, меҳр ва табассум. Бу туйғулар инсонга шунчалар зарур эканки, ўн бир кундан бери шифохонада ётиб, у бунга амин бўлди.
Ўзини даволаётган шифокору ҳамшираларнинг юзини бирор марта кўргани йўқ. Бошдан-оёқ оппоқ кийинишган, юзларида махсус ойна ниқоб, фақат кўзлар кўринади. Аммо у билади, дўхтирлар доим беморларга табассум улашади. Баъзан аҳволи оғирлаша бошласа, хавотир ёки хотиржамлик борми, дея шифокорларнинг кўзларига диққат билан тикилади, илғаганлари эса унга таъсир этмай қолмайди...
— Кучли экансиз! Тузалдингиз! Бугун уйга жавоб!
Тўғри, у кучсизмас, аммо шу пайтгача бировга ёрдами тегмаган, муҳтожликдан оғир аҳволда қолганларга заррача ачинмаган. Негадир табассумли чеҳра унинг ғашини келтирарди. Эҳ, бу дард уни не кўйга солмади: кучидан, ишончидан, умидидан бирдек айрилди-қолди, ҳатто табассумни соғиняпти. Баралла кўринмаса-да, ниқоблар ортидаги табассум ҳам унга мадор бўлаётир.
У касалхонада одамнинг одамга муҳтож эканини, кўнгил-кўнгилдан сув ичишини, умр йўлларида яхши дўст, ҳамфикр ва дарддош доим зарурлигини, кибр одамийликка бегона эканини тан олди. Ўн бир кундан бери ҳеч ким йўқламаган бўлса-да, ўзи барча танишларини қўмсади. Йўтали тиниб, овози равонлашгач, телефонда кўпчилиги билан боғланиб ҳол сўраб чиқди.
...Ҳозир касалхонани тарк этмоқда. Эҳтимол, кўчада учратса, шу оқ либослиларнинг бирортасини танимас, аммо одамийликнинг ниқоблар бекитолмаган қиёфасию инсонни ўлимдан қайтаришга қодир қудрати борлигини у энди унутмайди...
Тоға
— Кечагина топширдингиз-ку. Яна келдингизми? Ўзингизга ачинмайсизми?
Офтобда қорайиб кетган, 50 ёшлардаги озғин кишига шифокорнинг раҳми келди.
— Жияним опамдан ёдгор. Ҳозир аҳволи оғир. Қон гуруҳимиз ҳам бир хил экан...
— Эрининг қон гуруҳи ҳам мос-ку. У топширса бўлмайдими бу сафар?!
Туғруқхона ҳовлисида қошларини чимириб турган аёл, яъни бемор келиннинг қайнонаси гапга аралашди:
— Ўғлим қон беролмайди, у нимжон. Бу кишининг ташвишини қилманг, меҳнатда қотган чайир одам. Новвот чой ичиб турса, тезда ўзига келади!
Беморнинг аҳволи яхшиланди, ярим литрдан зиёд қон топширган тоға эса ҳалигача ўзини ўнглолмайди.
Дарвоқе, «нимжон» куёв бир ҳафтадан сўнг машинасини янгилади. Айтишича, янги машинаси анча кенг ва қулаймиш, илгаригисининг рули қорнига тегиб ҳайдашга халал берган экан...
Юлдуз Ҳожиева


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter