Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳудудий ўрмон хўжаликларига замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари тарқатилди

Ҳудудий ўрмон хўжаликларига замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари тарқатилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 ноябрдаги «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 199-сон Фармонида ўрмон хўжаликларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш белгиланган.

Ушбу фармонга асосан Экология вазирлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ўрмонлар барпо этиш, қайта тиклаш ва ўрмон ёнғинларига қарши курашиш тадбирлари учун махсус техникаларни сотиб олиш, хўжаликларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 2024 – 2026-йилларда республика буджетидан талаб этиладиган зарур маблағлар ажратилмоқда. 2025 йилда республика буджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 81 та қишлоқ хўжалиги техникалари – 15 та трактор, 55 та култиватор, 6 та мини экскаватор ва 5 та сув ташувчи автомашина харид қилинди.

Ушбу техникаларнинг барчаси «Тошкент трактор заводи», «Самарқанд автомобил заводи» ҳамда Хоразмдаги «UzXCMG» каби маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган.

Бугун Тошкент шаҳридаги Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш марказида ушбу техникалар ҳудудий давлат ўрмон хўжаликларига тарқатилди. Тадбирда ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, Агентликнинг масъул раҳбар ва ходимлари, ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Э. Муҳиддинов кириш сўзи билан очиб, соҳада амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, давлатимиз томонидан ўрмон хўжаликлари моддий-техник базасини яхшилашга қаратилаётган юксак эътиборни эътироф этди.

«Биламизки, юртимизда экологик барқарорликни таъминлашда ўрмонларнинг ўрни катта. Шу мақсадда охирги йилларда ўрмон хўжалиги соҳасида самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса тизимда меҳнат қилаётган ҳар бир ходимга янада масъулият юклайди. Президентимизнинг бевосита эътибори билан бугун ҳудудларга замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларининг берилаётгани соҳа ходимларига янада масъулият юклайди. Янада куч-ғайрат ва шижоат билан ишлашга ундайди», – деди Э.Муҳиддинов.

Замонавий техникалар ёнғинга қарши курашиш, терасса усулида ўрмонлар барпо этиш, кўчат экиш ва экилган кўчатларни суғориш учун мўлжалланган. Эндиликда республика ҳудудларида ушбу махсус техникалар ёрдамида яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини кенг кўламда давом эттириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш имконияти янада кенгаяди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг