Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсон ҳуқуқлари топталмоқда! Тегишли ташкилотлар нега жим қараб турибди?

Инсон ҳуқуқлари топталмоқда! Тегишли ташкилотлар нега жим қараб турибди?

Ҳозирги кунда телевидение, газета ва интернет сайтларида жинояти ҳали исботланмаган гумондорларнинг юзини оммага кўрсатиш, исм-фамилияси ва адресларини ошкор этиш ҳоллари кўп учрамоқда. Ахир инсон ҳуқуқлари деган тушунча қаерга кетди? У одам жиноят қилмаяпти, қоида бузяпти холос.

Хўш, бу борада Ўзбекистондаги ташкилотлар бирор тушунтириш ёки эътироз билан чиқиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилдими? Ўзбек халқи буни билмас ё англамас ҳали. Аслида уларни телеэкранга олиб чиққанни, шахсий маълумотларини ошкор этганни бемалол судга беришга ҳақли. Лекин мазкур соҳадаги ҳуқуқий саводхонлик у даражада ривожланмаган.

Масалан, яқинда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Тошкентдаги сауналарнинг бирида фоҳишалик билан шуғулланган аёллар ушлангани эълон қилинди, суратлари, шахсий маълумотлари сайтда берилди. Бунга эса Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева ҳам ўз эътирозини билдирди.

Скрин: Facebook / Sayyora Hodzhaeva

Хўш, ушбу ҳуқуқий саводхонликни оширадиган Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) бор, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази бор. Улар одамларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиқиши керак эмасми?

Биз ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида 2017 йил 24 ноябрь куни академик Акмал Саидов раҳбарлик қиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказига расман хат юбордик ва 6 та савол билан мурожаат қилдик (саволлар жуда қийин ҳам эмас, суратга қаранг). Лекин уларнинг жавобини ҳамон кутмоқдамиз.

Фото: «Xabar.uz»

Мурожаатимизга амалдаги қонунларга кўра энг узоғи билан бир ой ичида жавоб берилиши керак эди. Аммо орадан икки ой ўтибди ҳамки, саволларимизга жавоб ололганимиз йўқ.

Шундан сўнг 2018 йил 15 январь куни мазкур саволларни «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида белгиланган муддат (етти кун) ичида жавоб берилишини сўраб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев номига юбордик. Омбудсман котибиятидан роппа-роса 7 кун деганда жавоб хати келди.

Фото: «Xabar.uz»

Давлат раҳбари қайта-қайта таъкидлаётганидек, ишга муносабатини ўзгартирган ташкилотлар ҳам бор экан-ку дея қувондик. Бироқ жавоб хати ҳафсаламизни пир қилди. Биз йўллаган 6 та саволнинг фақат биттасига жавоб берилган бўлиб, қолганлари қўшимча равишда маълум қилинаркан. Қизиқ, битта хатга икки марта жавоб ёзгандан бу ишни биттада ҳал қилган осон эмасми?

Асосий саволларимизга ҳалигача жавоб кутмоқдамиз. Хулоса ўзингиздан...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг