Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Иқтисодий ўсишга тўғаноқ бўлаётган икки муаммо: интернет ҳамда вақтинчалик прописка

Иқтисодий ўсишга тўғаноқ бўлаётган икки муаммо: интернет ҳамда вақтинчалик прописка

Foto: «Euromag.ru»

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламент олдида мурожаатномани тақдим этди. Унда мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган жуда кўплаб муаммо ва масалалар тилган олинди. Таъсирли тарихий нутқ.

Аммо Президент ўз маърузасида иқтисодиётнинг ўсишига реал тўсиқ бўлаётган икки масалани айтиб ўтса керак, деб ўйлагандим. Афсуски, бу масалалар тилга олинмади. Бу икки муаммонинг бири интернет сифати ва тезлигининг пастлиги, нархларининг юқорилиги бўлса, иккинчиси вақтинчалик прописка масаласи билан боғлиқ.

Ҳақиқат шундаки, интернет тезлиги ва сифати қанча ортса, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми шунча кўтарилади. Бугун интернет иқтисодиётнинг барча соҳаларини эгаллаб улгурди. Электрон савдодан тортиб, онлайн рекламагача ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчиларга қўл келмоқда. Оддийгина телеграм орқали қанчадан қанча ташкилот, фирма ва компаниялар фаолияти юритилмоқда.

Ҳужжат ва маълумотлар алмашиш, буйруқ ва топшириқларни қисқа вақтда эгаларига етказиш, билим ва тажриба алмашишда телеграмнинг ўрни беқиёс. Буни тан олиш керак. Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатишини етарлича асослаш мумкин. Аммо бу масала ҳамон ечимини топаётгани йўқ. Интернет тезлиги паст, сифати ёмон, нархи қиммат.

Иккинчи масала, яъни прописка, аниқроғи вақтинчалик рўйхатга олиш тизимининг иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатаётганини тан олишимиз керак. Майли, вилоятлардаги иқтисодий-ижтимоий вазият сабаб кўплар иш излаб пойтахтга ошиқаётгандир. Аммо Тошкентга келиб ҳеч ким ўғирлик, талончилик ёки тиланчилик қилаётгани йўқ-ку.

Пойтахтда ишчи-мутахассисларга талаб жуда юқори. Ишлаб чиқариш, қурилиш, хизмат кўрсатиш, давлат органларида иш ўринлари мавжудки вилоятликлар келиб уларга жойлашмоқда, пешона терини тўкиб, ҳалол меҳнат билан пул топаяпти. Оддий мисол: бугунги Тошкент улкан қурилиш майдонига айланган, эртага бу майдон янада кенгаяди, катта-катта лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий бизнес марказларини қуриш учун вилоятлардан янада кўпроқ ишчи кучлари келиши талаб қилинади. Бундай вазиятда прописка сиёсати иқтисодиётни ривожлантиришдан фақатгина тўсиши, ҳеч бўлмаганда тадбиркор вақтини олиб, асабларини бузишдан бошқага ярамайди.

Тўғри, прописка аввало фуқаролар рўйхатини юритиш учун керак. Масалага шу нуқтадан қарайлик. Фуқаролар милиция таянч пунктига паспорти ва унинг нусхаси билан бориб, участкавойнинг дафтари ёки махсус электрон базага қайд қилиб қўйсин: фалончи фалон манзилда вақтинча яшамоқда. Ижара шартномасига келсак, бу ҳужжат аслида ижарачи ва уй эгасининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилиши лозим. Бу борада тўғри тушунтиришлар олиб борилса, жараён максимал соддалаштирилса, уй эгалари ўз мол-мулкининг дахлсизлиги ва хавфсизлиги учун ҳам ихтиёрий равишда шартнома имзолайди. Танишлар ва қариндошлар уйида турганлар эса безовта қилинмаслиги керак, ахир қандай қилиб тоға ёки хола билан ижара шартномани тузишга мажбурланиши мумкин?

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг