Жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлашга ИИВ ва Миллий гвардия жавобгар бўлади

Жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлашга ИИВ ва Миллий гвардия жавобгар бўлади

Фото: «President.uz»

Кеча, 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтгани ва унда Президент Шавкат Мирзиёев маъруза қилгани ҳақида хабар берган эдик.

— Бутун дунёда мамлакат ичида тартиб-интизом ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан армия эмас, Мудофаа вазирлиги эмас, балки алоҳида тузилмалар шуғулланади. Маълумки, бугунги кунда биз “Хавфсиз шаҳар – хавфсиз мамлакат” концепцияси асосида юртимизда жамоат тартибини таъминлашга қаратилган катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Шу муносабат билан мана шу янги тузилма, яъни, Миллий гвардия ташкил этилди, — деди Президент. — Энди бундан буён ҳар бир шаҳар ва вилоятда хавфсиз ҳудуд лойиҳасини амалга ошириш, жамоат тартибини сақлаш учун Ички ишлар вазирлиги билан бирга Миллий гвардия масъул ва жавобгар этиб белгиланади. Бу вазифаларни бажариш учун Миллий гвардия жойлардаги давлат ҳокимияти идоралари, жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматовга ташкилий ишларни тезроқ якунлаб, ўзининг бевосита вазифаси бўлган жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масаласи билан яқиндан шуғулланиш топширилади. Бундан буён мамлакатда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш масаласига ички ишлар вазири П.Бобожонов ва Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматов шахсан жавобгар бўлади.

Ҳозирги пайтда Миллий гвардия томонидан қўшинлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилмоқда, шунингдек, ўз Ватанига садоқатли, юқори малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.