Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналист Комилжон Шамсиддинов «Artel»дан шикоят қилди

Журналист Комилжон Шамсиддинов «Artel»дан шикоят қилди

фото: «Afisha.uz»

Тележурналист, Ўзбекистон телевидениесининг «Таҳлилнома» дастурлари орқали кўпчиликка таниш Комилжон Шамсиддинов ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида «Artel» компанияси билан боғлиқ воқеани ёзиб қолдирди. Қуйида унинг фикрларини ўқишингиз мумкин.

Номингдан «ўргилай», «Artel»...

Бир томони – тўхтовсиз берилган рекламаларнинг таъсири, бошқа тарафдан азбаройи қизиқишми ва ёхуд салгина ватанпарварпарлик важи ҳам бўлганми, ишқилиб, камина икки ярим йил бурун «ARTEL» русумли, ўзгинамизда ишлаб чиқарилган телевизор харид қилганди. Шу пайтгача дуппа-дуруст ишлаб ҳам юрганди-ю, бир сабаб билан денг (тўғрироғи, юзасини артаётган латта намроқ эканми, ким билсин), ўтган ҳафта «лоп» этиб кўрсатмай қолди. Тўғрироғи, овоз бор-у, тасвир йўқ. «3 йилгача» деб берилган кафолат муддатига ҳали борлиги боис у матоҳни азза-базза кўтариб, «сервис маркази»га олиб бордим.

У ердаги мутахассислар «кафолат қоғози»ни синчиклаб кўздан кечиришди, ўша ердаги уста ташхисни айтди: «арзанда»мизнинг экрани куйиб қолибди. Энг қизиғи шундан сўнг бошланди. «Майли, ўша куйган эҳтиёт қисмнинг пулини тўлай қолай», дея қанчалигини сўрасам, компьютерига сўров жўнатиб, уни ҳижжалаб ўқиган қизгина менга қараб, «янги экран 2 миллион 400 минг сўм тураркан, уни ўрнатиш 50 минг сўм бўлади» деди. Яна, денг бу савилни ташлаб кетсам, узоғи билан бир ҳафталарда «ўрнатиб бўлинармиш»...

«Ия, эскини тузатиш шунча турса, янгисининг нархи қанча экан» дея қизиқиб, устахона жойлашган «Медиа парк» дўконини айландим. Менинг телевизоримдан ҳам кейин чиққан, янгироқ русумдагиси 2 800 000 сўм турибди. Савдолашиб кўрсам, яна 200 минг сўм тушириб ҳам беришаркан. Эътибор қилинг, бу дегани менинг – диагонали 42 дюймли телевизоримни тузатиш қарийб 2 ярим миллион сўмга тушса, шу пулга яна 100 минг сўм қўшсам, ундан бир дюйм ортиқ, яъни 43 дюймли, яп-янги телевизор оларканман. Шу гапни ўша ердаги сотувчиларга ҳам айтсам, улар кулиб, «Ака, асосий телевизорнинг асосий «запчаст»и – экран бўлади ўзи» дейишди.

Хўп, шундоқ ҳам дейлик. Унда бу маиший техниканинг қолган ускуналари, яъни корпуси, «плата»си, овоз чиқариш динамиклари, пульти, қолган ва ҳоказолари сариқ чақа ҳам турмас экан-да?.. Табиийки, бу каби саволларга жавоб ололмаслигимни билиб, телевизорни қўлтиқлаб, яна бир зўр бериб реклама қилинган жараён – «утилизация бурчаги»га бордим ва энди каттакон қутига айланган корпусни у ерга топширсам, эвазига нима олишим мумкинлигини суриштирдим. Каминага тушунтиришларича, мендаги матоҳга нари борса, 250 минг сўмлик (нақд пул эмас) купон беришармиш. Янаям қизиғи шуки, шу купонни бошқа бир «ARTEL» телевизори харидига ишлата олмас эканман. Яъни купонни хориждан келтирилган, нархи отнинг калласидек турган – соқол олгич, музлаткич ва ёки шунга ўхшаш импорт буюмларига сарфлашим мумкин эмиш... Ҳайрат устига ҳайрат...

Компаниянинг бу тахлит «отангга бор, онангга бор» тарзидаги хурмача қилиқларини қандоқ талқин қилишга ҳайронсан. Ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган фирма – маҳсулоти кўпроқ сотилишидан манфаатдор эмасми аслида? Ва ёки қайси эсини билган компания – ўз маҳсулотининг эҳтиёт қисми нархини – бутун бошли маҳсулот нархига тенглаштириб қўяркан? Бунда бошқа бир – «харид қилсанг, маҳсулотнинг ўзини сотиб ол, бўлмаса, катта кўча» қабилидаги иддао яширингани йўқми? Ёки бўлмаса, зўр бериб жар солинаётган – буюмларини утилизация орқали йиғиштириб олинишидан ростдан ҳам манфаат кўрадиган бўлса, мижозга юқорида тилга олинганидек, майнавозчилик қилинишидан не наф?..

Саволлар мўл. Уларга жавоб ололмаслигимни билгач, ноилож «арзанда» матоҳни қўлтиқлаб, уйнинг бир бурчагига ташлаб қўйдим. Жилла қурса, эртага – «рекламанинг зўри билан сотиб олинган, шунчаки майнавозчиликка гувоҳ бўлган ғирт арзон маҳсулот» сифатида болаларимга кўрсатиб юрарман...

Хуллас, у бўлди, бу бўлди, лекин шахсан мен бундан кейин «ARTEL» сўзини минбаъд тилимга олмайдиган бўлдим. Балки бу номдаги матоҳларнинг ишхонамдаги турларидан қутула олмасман, чунки давлат корхоналари кўпинча шу русумдагиларни ёппасига харид қилишади. Аммо ўзим – хонадонимга уларни ҳаргиз йўлатмайман. Кўнгил қолди. Сарлавҳадаги қўштирноққа олинган «ўргилай»ни эса – тушунган одам тушунди...

Изоҳлар 7

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг