Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Журналистларнинг уйини тортиб олишмоқчими?

Журналистларнинг уйини тортиб олишмоқчими?

Фото: «Spot.uz»

Мамлакатимизда бўлаётган шиддатли ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар даврида ҳар соҳадаги янгиликларни ёритиб бораётган журналист ҳамкасбларимизнинг шахсий ёки ижтимоий ҳаётида қандай муаммолар борлигини эътиборга олмайдиган кимсалар бўлиб қолаётгандаймиз. Бундай хулосага келишимга «Xabar.uz» сайтида 27 апрель куни эълон қилинган «Бино сотилмоқда. Таҳририят журналистлари энди кўчада қоладими?» мақоласи сабаб бўлди.

Унда айтилишича, журналистларга ўз уйидек бўлиб қолган, халқ орасида «Газета корпуси» номини олган 7 қаватли бино сотувга қўйилган экан. Бу мақолани ўқигандан сўнг кўнглимни ғалати туйғулар эгаллаб олди. Ҳамкасб дўстларим биттама-битта кўз олдимдан ўта бошлади. Наҳотки, ўзим шу касбнинг нонини еб, бу соҳада ишлайдиганларга қанчалик қийинлигини билиб туриб, индамай ўтиришим инсофданми деган савол каминани қийнаб қўйди. Кеч бўлиб қолган бўлса-да дўстларимга телефон қилиб вазиятни ўргандим. Ҳақиқат экан.

Ҳатто бу бино сотувга қўйилгани ҳақида эълон ҳам берилган. Мазкур бино Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли эмиш, қандайдир сабабларга кўра аукционга қўйилганмиш (бошланғич баҳоси 18 млрд. сўм). «E-ijro auksion» сайтидаги маълумотларга кўра сотиш ҳужжатини расмийлаштирган орган — иқтисодий суд. Ижрочи эса Миробод тумани мажбурий ижро бюроси экан.

Масалага янада аниқлик киритиш учун суриштирдик. Мутасаддиларнинг айтишича, бинонинг фақатгина эгаси ўзгарармиш. Журналистлар ҳайдаб чиқарилмасмиш. Олдингидек ижара ҳақини тўлаб бемалол ишлайверармиш. Шов-шув бўлишидан чўчиб шундай дейилдими ёки ҳақиқатан ҳам шундайми, бу бизга қоронғи.

Ҳозирги замонда мулкдорнинг ҳақ-ҳуқуқини кенг оммага ёритиб бераётган журналистлар бир кун келиб, ўзлари мулкдорлик ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиган бинонинг келгуси эгаси олдида ноҳақ бўлиб қолмайдими?

Журналистлар борган сари ошиб бораётган ижара ҳақини тўлашни уддалай олмай ёки бошқа сабабларга кўра кўчага ҳайдаб чиқарилмаслигига ким кафил бўлади, тўғрироғи, бунга қандайдир кафолат борми? Бино сотилганда шу масала инобатга олиниб, қандайдир ҳужжат билан тасдиқланадими деган саволларимиз жавобсиз қолди.

Қанчадан-қанча жонини жабборга бериб ишлаётган журналист дўстларимиз пропискасиз, уйсиз, майдагина маошга қаноат қилиб, енгил машинасиз, автобус ва метрода ўз ҳисобидан жойларга бориб, мақолалар ёзмоқда. Нафақат шаҳар ичида, балки чет қишлоқларга журналистик тадқиқот олиб бориш учун ҳам ўз ҳисобидан қатнаб юрган ҳамкасбларимиз оз эмас.

Юқорида келтирилган вазиятлардан кўпчилигимиз хабардормиз, шу муаммолар ичида юрибмиз-ку ахир. Лекин Ўзбекистон журналистларининг моддий аҳволи қандай, ишлаш учун қандай шарт-шароитлар мавжудлигига эса эътиборсизмиз. Аниқроғи, бунга парво ҳам қилмайдиган кимсаларга айланиб бораётгандекмиз.

Ижтимоий тармоқларда фаол кўп дўстларимиз баъзан Ўзбекистон журналистларига танқид тошларини отиб туради, камина ҳам бу ишдан четда эмас. Бирон янгиликни чет эл ахборот агентликлари Ўзбекистон журналистларидан олдин ёритса ҳамкасбларимиздан ёзғирамиз. Таҳририятга берилган мақоламиз чиқмай қолса ёки кечикиб чиқса дўстимиздан хафа бўламиз. Ҳозирги куннинг ҳақиқатларини нега ёзмайсизлар, фалончи ҳоким ундай қилибди, бу амалдор бундай қилибди деб дағдаға ҳам қилиб турамиз. Лекин шунча танқидимизни ва ситамларимизни кўтарадиган дўстларимизнинг муаммоларига парво ҳам қилмаймиз. Доно халқимизнинг «Бўзчи белбоққа ёлчимас» деган мақоли тўғри экан!

Шуҳрат Саломов,
публицист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг