Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналистнинг «танка»си ким?

Журналистнинг «танка»си ким?

Фото: «Xabar.uz»

Дунёдаги энг хавфли касблар ўнлигига кирадиган журналистика қонунан қўриқланишга муҳтож. Шунинг учун ҳар бир давлатда оммавий ахборот воситалари, журналист ҳуқуқларини ҳамоя қилувчи қонунлар мавжуд.

Мамлакатимизда журналистика ривожига қаратилган эътибор натижасида бугун соҳа вакилларининг эркин фаолият юритиши таъминланди. Бу айниқса, сўнгги икки йилда яққол кўзга ташланмоқда. Ижтимоий тармоқларнинг ҳаётимизга чуқур кириб келиши электрон ОАВ имкониятларини кенгайтирди. Публицистиканинг маълум бир функциялари Интернет тармоғида, ахборот сайтларида акс эта бошлади. Уларда танқидий материаллар сони кўпайди.

Шу сингари давлат ва нодавлат телеканаллар фаолиятида ҳам таҳлилий-танқидий кўрсатувлар салмоғи ҳамда савияси ошди. Эътиборли жиҳати, эфирга узатилган лавҳа вақт ўтиб шунчаки унутилмаяпти. Унда кўтарилган масаланинг ечими юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўраляпти. Алал-оқибат йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар жойида ҳал этиляпти.

Гарчи бугун одамлар жиддий матбуотни ўқишга ҳафсала қилмаётган бўлса-да, газета-журналларнинг ҳам хос ўқувчиси бор. Вақт ўтиб умумжамият бу босқичдан ҳам ўтади, одамлар яна соф адабиётга, ҳақиқий публицистикага қайтади. Матбуот ОАВнинг классик кўриниши бўлиб қолаверади. Буни ривожланган давлатларнинг миллион тиражли газета-журналлари мисолида айтиш мумкин.

Аср ошганда тарих матбуотда чиққан материалларга таяниб ёзилади. Шунинг учун ҳам ижтимоий-сиёсий, маърифий нашрларнинг айни кундаги мундарижаси бугунги ислоҳотлар жараёнига муштарак тузилган. Матбуотда танқидий мақолалар сони кўпайди, жамиятда урчий бошлаган иллатлар жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиляпти. Буларнинг бари «Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган тамойил ҳар бир хонадонга кириб боришига замин яратаётир.

Бироқ танқид ёзган журналист, муаммони кўтариб чиққан ОАВ ҳеч қаерда хушланмайди. Унга нисбатан очиқчасига таҳдид, журналистлик фаолиятига тўсқинлик қилинади. Журналист таъқиб остига олинади, унга душман кўзи билан қаралади. Афсуски, жамиятимиз ҳам бундан мустасно эмас. Кунда кунора, ижтимоий тармоқлар орқали у ёки бу журналистга босим ўтказилгани, журналистик текширув учун бирор идорага борган оммавий ахборот воситаси ходими фаолиятига қаршилик қилингани каби хабарларни ўқияпмиз.

Журналист дахлсизлиги қонун билан қўриқланади. Давлат ОАВнинг эркин фаолият юритишини кафолатлайди. Шунга қарамай, идора ва ташкилотларнинг «оёғи ердан узилган» айрим ходимлари амалдаги қонунчилигимизга очиқ-ойдин қарши бориб журналистга зўрлигини кўрсатмоқчи бўляпти. Қонунларимизга бундай беписандлик қачон пайдо бўлди? Нега улар жавобгарликдан қўрқмайди?

«Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда айтилганидек, «танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди»(8-модда). «Журналист ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга... Журналист текшируви даврида у қўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас.» (9-модда) «Журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор бир маълумотни талаб этиш тақиқланади» (10-модда).

Ахборот олиш хуқуқининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади («Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси).

Хўш, ахборот олишга тўсқинлик қилиш, журналистлик фаолиятига аралашиш, журналистнинг текширув пайтида тўплаган материалларини зўрлик билан олиб қўйиш, ўчириш, фото-видео, овоз ёзиш асбобларини тортиб олиш қандай жавобгарликка сабаб бўлади?

Бу саволга қонунларимизда аниқ жавоб йўқ. На Жиноят, на Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда «ОАВ фаолиятига аралашиш», «журналистни таъқиб қилиш», «журналистга тазйиқ ўтказиш» тушунчалари аниқ акс эттирилмаган. Соҳа мутахассисларининг айтишича, агар ҳуқуқи бузилган оммавий ахборот воситаси вакили ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилса улар ишни ўрганиб вазиятга баҳо беради. Ишда ҳуқуқбузарлик ва жиноят аломатлари топилсагина иккинчи томонни жавобгарликка тортиш мумкин бўлади.

Бундан кўринадики, қонунларимиз ислоҳга мухтож. Аввало, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга зарурат бор. Унда журналистнинг шахсий дахлсизлигидан ташқари, касби нуқтаи назардан ҳам дахлсиз экани аниқ акс эттирилиши лозим. Бундан ташқари, «журналист текшируви» тушунчасига ҳам батафсил таъриф берилиши керак. Журналист текшируви ўтказиш тартиби, унга қўйиладиган талаблар аниқ баён этилиши зарур. Чунки қонунчилигимизда фақат «журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист текшируви ўтказиш» ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган, холос.

Маъмурий ва жиноят қонунчилигига ҳам журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимояловчи, ОАВ эркинлигини таъминловчи меъёрларни киритиш ва аниқ моддалар орқали жавобгарликни кучайтириш мақсадга мувофиқдир. Шундагина журналистга таҳдид ва тазйиқ, очиқчасига босим ўтказиш ҳолатлари камаяди.

Қарийб ўн беш йилдан буён шу соҳада меҳнат қилиб келаётган бўлсам-да, ҳозиргача журналистни таъқиб қилган идора ёки ташкилот, мансабдор шахс жазога тортилганини эшитмадим. Бунда журналистларнинг ўзи ҳам айбдор, албатта. Кўпчилик юзхотир қилади, ортиқча оворагарчиликдан қочиб ҳуқуқини поймол қилган тараф устидан шикоят қилмайди. «Журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади. Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди. («Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси)». Аслида шунинг ўзиёқ, ҳаммани сергак торттириши зарур. Гап журналистнинг ҳаёти, шахсий дахлсизлиги ҳақида борар экан, унга қилинган ҳар қандай таҳдидга нисбатан қатъий чора қўллаш шарт.

Қаҳрамон Сайдалиев


Мақола «Жамият» газетасининг 13 апрель сонида «Журналистнинг ортида ким бор» сарлавҳаси остида чоп этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг