Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каттақўрғон фожиаси. Бу ҳолат такрорланмаслиги учун мактаблар маҳаллий ҳокимлик тасарруфидан чиқарилиши керак

Каттақўрғон фожиаси. Бу ҳолат такрорланмаслиги учун мактаблар маҳаллий ҳокимлик тасарруфидан чиқарилиши керак

Фото: «Xabar.uz»

14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси Диана Енекеева кўча тозалашга мажбуран олиб чиқилганда юк машинаси уриб кетиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Бу интернет-нашрлар ва ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди ва катта резонанс келтириб чиқарди. Чунки давлатимиз раҳбари ўқитувчилар ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилишни қаттиқ қоралаб, бу ҳолга барҳам бериш лозимлигини бир неча марта такрорлаган эди.

Бироқ ҳамон жойлардаги ҳокимликлар Президент топшириғини назар-писанд қилмасдан, ободончилик ва қишлоқ хўжалиги ишларида ўқитувчилар ва шифокорлар меҳнатидан фойдаланиб, кўзбўямачилик қилиб келаётгани кишини ғазаблантиради.

Каттақўрғон туманида эса ана шундай вазиятда кутилмаган фожиа рўй берди. Фожиа эҳтиётсизлик ва ноҳақлик оқибатида рўй берганини барча тушуниб турувди. Лекин Каттақўрғон туман ҳокимининг ўринбосари М.Музаффаров ва Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қ.Саидов имзоси билан тарқатилган раддияда «Ўрганишлар натижасига кўра, мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Енекеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган» дея масъулиятни ўзларидан соқит қилишмоқда.

Бу баёнотни ўқиган фуқароларимиз янада жунбушга келди ва вазият тўлалигича ноҳақликка айланди.

Шунга ўхшаш воқеа 2017 йил 16 сентябрь, шанба куни Жиззах туманида ҳам рўй берган ва пахтага олиб чиқилган Гулзода Тожибоевани автобус уриб юбориши натижасида у ҳалок бўлган эди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мактабда ёшлар иттифоқи етакчиси бўлиб ишлаган Гулзода Тожибоева олий маълумотга эга бўлмагани сабабли икки ҳафта бурун ишдан бўшатилгани ҳақида раддия эълон қилган эди.

Расмийлар ҳар икки вазиятда ҳам ўхшаш ҳаракат қилишди. Яъни, ўқитувчилар меҳнатга мажбуран олиб чиқилмаганини, ходим ўзи чиққанини даъво қилишган.

Яхшиямки, самарқандлик расмийлар Диана Енекеева олий маълумотга эга бўлмагани сабабли аллақачон ишдан бўшатилганини ёзишмади — ё эсларига келмаган, ё инсоф қилишган.

Хуллас, 14 март, чоршанба куни иш вақтида мажбурий меҳнатга олиб чиқилган Диананинг ёш гўдаги етим қолди. Ана энди меҳнат муносабатлари билан боғлиқ қизиқ вазият юзага келмоқда.

Меҳнат кодексининг 192-моддасига биноан ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.

Кодекснинг 193-моддасида эса зарар миқдори кўрсатилган бўлиб, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган. Демак, Диана Енекевванинг ўғли 16 ёшга тўлгунча онасининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида зарар тўловини олиши керак.

194-моддада ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан бирйўла бериладиган нафақанинг миқдори кўрсатиб ўтилган ва у марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас деб белгиланган.

Энди қаранг, туман ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаси ўқитувчи мажбурий меҳнатга олиб чиқилмаган, воқеа иш вақтида содир бўлмаган дея ушбу тўловларни тўлашдан бўйин товлаяптими? Ахир мутасаддилар тўғри гапираяпти дейилса, Диананинг ўғилчасига ҳам, бирйўла бериладиган 6 йиллик иш ҳақи ҳам тўланмаслиги керак-ку?!

Кўраяпсизми, ҳурматли ўқитувчилар, ҳокимият ва халқ таълими бошқармасидагилар сизларни қандай манипуляция қила олишади. Мажбурий меҳнатга олиб чиқишади, бирор кор-ҳол рўй берадиган бўлса — дарҳол бўйин товлашади ва қонунан кафолатланган компенсацияларни яқинларингизга ҳам беришмайди. Буларнинг қўлидан келади бу!

Яна бир жиҳат: ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнат — кўча тозалаш, пахта чопиғи, йиғиб-териб олишга жалб қилиш ишларига сира барҳам берилмаяпти. Таълим ва тиббиёт ходимлари касаба уюшмалари ҳам бу вазиятда жим қараб туришади.

Каттақўрғонда содир бўлган воқеага республика даражасидаги расмийлардан фақат Президент матбуот котиби Комил Алламжонов ва халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев муносабат билдиришди. Уларнинг ҳар иккиси ёш кадр. Албатта, бу қувонарли.

Энди мана шундай ёш кадрлар советча мафкурада қотиб қолган, коммунистлардек фикрлайдиган, ҳамон амал курсисини сақлаб турганларни силжитишлари учун бу борада кенг қамровли ислоҳотларга камарбаста бўлишлари керак.

Япония бош вазиридан мамлакатнинг бу қадар тараққий топганининг сири нимада эканлиги сўралганида, у шундай жавоб берган экан: «Биз ўқитувчиларга вазирнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик».

Биз ҳам тараққий топган давлат қурмоқчи эканмиз, ўқитувчиларни бошимизга кўтаришимиз, уларга хос бўлмаган ишлар билан кўча-кўйда ўлиб кетишларига барҳам бермоғимиз даркор. Майли, вазирнинг ойлигини бера олмас эканмиз, ҳеч бўлмаса уларни дахлсиз қилайлик ва эъзозлайлик.

Ва бунга чора сифатида биринчи навбатда мактаблар ва таълим муассасаларини маҳаллий — туман ва вилоят ҳокимликлари тасарруфидан чиқаришимиз керак. Мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари фақатгина туман, шаҳар ва вилоят халқ таълими бўлимларигагина бўйсунсин.

Халқ таълими бўлимлари таълим сифати билангина шуғулланиши керак.  Мактаб директорлари ҳокимликнинг ободончилик, қишлоқ хўжалиги ва бало-баттар, ҳоказо мавзулардаги мажлисларида қатнашишига тамомила чек қўйиш шарт.

Маҳаллий ҳокимият тарафидан мактабларнинг фаолиятига аралашиш қонун йўли билан таъқиб этилиши ва бу борада таълим соҳаси касаба уюшмаси мижжа қоқмай ишлашига эришишимиз лозим.

Мактаб ўқитувчисининг ойлик маошлари, қишлоқлардаги ва чет тилида дарс берувчи ўқитувчиларнинг устамалари аниқ белгиланган — бюджетдан пул олишади. Уларга маошлари учун республика бюджетидан аниқ суммани ўтказиб туриш наҳотки қийин бўлса? Мактабларни маҳаллий бюджетларга қарам қилмаслик керакки, ҳокимлар яна эски ҳунарини бошлайди.

Давлат тасарруфидаги шифохоналарда ҳам айнан мана шундай бўлиши керак.

Токи ўқитувчилар ва шифокорларни маҳаллий ёвуз ҳокимларнинг чангалидан қутқармас эканмиз, улар фарзандларимизга сифатли дарс ўтиш, саломатлигимизни таъминлаш ўрнига кўчаларда машина ғилдираги остида нобуд бўлаверишади...

Шуҳрат Шокиржонов,

журналист

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг