Кўчмас мулк ва автомобиллар олди-сотдисини банк орқали қилиш 5 босқичда амалга оширилади – Марказий банк
Кўчмас мулк объектлари ҳамда ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситалари олди-сотдисини банклар орқали амалга ошириш 5 босқичда амалга оширилади.
Марказий банкнинг билдиришича, бу борадаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартибини белгиловчи Низом тасдиқланади.
Кўчмас мулк обекти ва транспорт воситасини нотариал тартибда олди-сотди қилишда харидор, сотувчи ёки уларнинг вакили ўзаро келишувга эришгандан сўнг қуйидаги амалиётларни бажариши керак бўлади.
1-босқич:
Харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.
Аризада:
- тарафларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
- тарафларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат рақами ва серияси;
- тарафларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), агар тарафлар ёки улардан бири юридик шахс бўлса, унинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
- шартнома обектининг маълумотлари;
- шартнома суммаси;
- тарафларнинг банк реквизитлари кўрсатилади.
2-босқич:
Банк томонидан ариза асосида эскроу ҳисобварағи шартномаси тузилади ва эскроу ҳисобварағи очилади.
Харидор ёки унинг вакили бир нечта бўлишидан қатъи назар битта олди-сотди шартномаси учун битта эскроу ҳисобварағи очилади.
Банк ва харидор ёки унинг вакили билан эскроу ҳисобварағи шартномаси тузилгандан сўнг, харидор ёки унинг вакили томонидан пул маблағлари нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағига кирим қилинади.
Бунда шартнома тарафлари ўртасида ҳисоб-китоблар бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан амалга оширилишига келишилса, харидор ёки унинг вакили томонидан тегишли эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган пул маблағлари кирим қилинади.
Эскроу ҳисобварағи шартномасини тузган банк Тизимдан шартнома тасдиқланганлиги бўйича маълумотни олгандан сўнг, дастурий равишда мемориал ордер билан, харидорнинг ёки унинг вакилининг эскроу ҳисобварағидаги пул маблағларини шу банк иш кунида (агар маълумот иш куни тугагандан кейин келиб тушса, кейинги иш кунида) сотувчининг ёки унинг вакилининг ҳисобварағига (ҳисобварақларига) ўтказади.
3-босқич:
Эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган маблағлар кирим қилингандан сўнг, тарафлар белгиланган тартибда нотариусга мурожаат қилади.
4-босқич:
Нотариус шартномани тасдиқлашдан олдин Тизим орқали харидорнинг ёки унинг вакилининг эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлиги бўйича дастлабки тарзда текшириб олиш учун эскроу ҳисобварағи очилган банкка электрон сўров юборади.
Банк томонидан тақдим этилган маълумотлар нотариус томонидан кўриб чиқилади ҳамда уларга нисбатан тарафларда эътироз мавжуд бўлмаган тақдирда шартнома тасдиқланади.
Шартнома тасдиқлангандан сўнг, нотариус томонидан Тизим орқали эскроу ҳисобварағи очилган банкка шартнома тасдиқланганлиги бўйича маълумотлар электрон шаклда юборилади.
Шартнома тасдиқланмаган ҳамда банкка маълумотлар юборилмаган бўлса харидор ёки унинг вакилининг сўровига асосан тегишли эскроу ҳисобварағидаги пул маблағлари қайтариб берилади.
5-босқич:
Банк нотариусдан шартнома тузилганлиги ҳақидаги маълумотларни олганидан сўнг, эскроу ҳисобварағидаги маблағларни сотувчи ёки унинг вакили ҳисобварағига ўтказиб беради.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон фармон билан 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter