Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

$80 миллиард қаёққа кетди?!

$80 миллиард қаёққа кетди?!

Сўнгги пайтларда технологик дунёда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири — Meta Platforms ва унинг Метаверс лойиҳаси бўлмоқда. Бир вақтлар “интернетнинг келажаги” сифатида тақдим этилган бу ғоя бугун деярли ўз аҳамиятини йўқотмоқда.

Маруюк Цукерберг бошлаган бу улкан тажриба ҳақиқатан ҳам муваффақиятсизликка учрадими ёки бу шунчаки стратегия ўзгаришими — шу савол кўпчиликни ўйлантиряпти.

Маълумки, 2021 йилда Facebook ўз номини Meta’га ўзгартирди. Бу оддий ребрендинг эмас эди. Компания бутун диққатини янги рақамли олам — метаверсга қарата бошлади.

Цукербергнинг тасаввурига кўра, яқин келажакда одамлар виртуал офисларда ишлайди, рақамли муҳитда мулоқот қилади, онлайн эмас, балки “виртуал ҳаёт”да яшайди. Бунинг учун махсус қурилмалар, платформалар ва бутун бошли экотизим яратила бошланди.

Метаверсни ривожлантириш асосан Reality Labs орқали амалга оширилди. Компания ҳар йили ўнлаб миллиард доллар сарфлади. Умумий харажатлар эса тахминан 60–80 миллиард долларга етди. Бу рақам технология тарихида камдан-кам учрайдиган миқёс ҳисобланади.

Аммо муаммо фақат технологияда эмас эди. Асосий муаммо одамларнинг тайёр эмаслиги бўлди.

Биринчи навбатда, VR қурилмалар оммавий фойдаланиш учун қулай эмас эди. Уларнинг нархи юқори, ўлчами катта ва узоқ вақт тақиш ноқулай бўлиб чиқди.

Иккинчи жиҳат — контент етишмаслиги. Horizon Worlds каби платформаларда фаол ҳаёт шаклланмади.

Учинчи омил — эҳтиёжнинг йўқлиги. Одамлар аллақачон Instagram ва TikTok орқали мулоқот, контент ва вақт ўтказиш эҳтиёжини қондириб бўлган эди. Метаверс уларга янги, зарур қиймат таклиф қила олмади.

Катта харажатлар ва паст натижа инвесторларни хавотирга солди. Meta акциялари тушиб кетди, компания ичида ҳам стратегияни қайта кўриб чиқишга мажбурият пайдо бўлди.

Харажатлар қисқартирилди, баъзи лойиҳалар секинлаштирилди ва асосий эътибор бошқа йўналишларга қаратила бошланди.

2024 йилдан бошлаб бутун дунёда сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланди. Meta ҳам бу имкониятни қўлдан чиқармади. Жумладан, компания LLaMA моделини тақдим этди, СИни асосий устувор йўналишга айлантирди ва маҳсулотларига сунъий интеллектни жорий эта бошлади. Натижада метаверс иккинчи даражали лойиҳага айланди.

Расмий равишда Meta метаверсни тўлиқ ёпганини эълон қилгани йўқ. Аммо амалда инвестициялар кескин камайди, оммавий баёнотларда деярли тилга олинмаяпти ва компания диққати бошқа соҳаларга қаратилган. Бу эса лойиҳа “музлатилгани”ни англатади.

Meta Platforms метаверс орқали келажакни тезлаштирмоқчи бўлди. Аммо вақт ва технология ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги маълум бўлди.

Чунки ҳозирги кунда технология оламида асосий эътибор метаверсдан сунъий интеллектга кўчди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг