Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

Котиб қотиб қолса...

Котиб қотиб қолса...

Фото: «Торпедо»

Охирги пайтларда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси матбуот хизмати газеталарда ва ижтимоий тармоқларда кўп ва хўб танқидга учради. Бу ҳолат барча матбуот хизматларини сергак торттиргани аниқ. Чунки ахборот соҳаси эркинлашаётган, аввалги қолиплар чириб тамом бўлган, янги тенденциялар кузатилаётган бир даврда олдимизга қўйилаётган талаб ва мажбурият ҳам кундан кунга ортиб бораяпти.

Бугун қайси ташкилот танқидга учраса, энг аввало матбуот котиби балогардон, айбдор саналади. Бундай ёндашувдан аллақачон воз кечиш зарур. Аксинча, матбуот хизматларига тўлақонли иш юритиши учун зарур ресурс ёки имкониятлар яратиб берилганми? Ортаётган масъулиятга яраша ходимлари сони кенгайтирилмоқдами?

Бугун халқ қайси ташкилотнинг матбуот котибини танийди ёки кўрсата олади? Улар ўзи меҳнат қилаётган корхонанинг юзи ва кўзи эмасми? Хўп, матбуот котиби ўзи ишлаётган ташкилот ҳақида бир ойда битта мақола ва телекўрсатув чиқарса қандай муносабат кўради-ю, мингта чиқарса қандай рағбат олади? Бундай механизм ҳозирча йўлга қўйилгани йўқ.

Бугун аксарият матбуот котиблари бир пайтнинг ўзида миллий телеканаллар ёки марказий нашрларда ҳам фаолият юритади. Чунки бир жойда ўтириб кам маош олиш ва чекланган ишлар доирасида қолиб кетишни исташмаяпти. Бу эса асосий куч ва диққатнинг бир жойда жамланмай қолишига олиб келмоқда.

Тижорат банклари, айрим вазирликларнинг раҳбарлари матбуот котибларига идора ҳақида танқид чиқмаслигини кафолатловчи шахс сифатида қараётгани ҳам айни ҳақиқат.

Бироқ бир нарсани яхши тушуниб олиш керакки, бугун «Халқ сўзи»да ёки «Ўзбекистон овози»да чиқмаган танқид эртага «kun.uz», «xabar.uz» ёки бошқа исталган сайтда, ижтимоий тармоқларда чиқиб кетиши мумкин. Шу сабабли улар энди ўзлари учун асосий «хавф»ни ижтимоий тармоқлар ва интернетдан деб билмоқда. Ҳозир кўплаб ташкилот раҳбарлари бу каби сайтларнинг етакчи журналистларига матбуот котиблиги бобида «совчи» қўяётгани ҳам ойдинлашаяпти.

Минг афсуски, баъзи матбуот котиблари оқ қоғозни қорайтириб, икки қатор фикрни эплаб ёзолмаса, айримлари журналистика кўчасидан бир бор ўтмаган. Айрим матбуот котиблари эса вазир, вазир ўринбосарлари ва бош бошқарма амалдорларининг катта-кичик мажлисларига ва «аппарат» йиғилишларига маъруза ва ҳисоботлар, туғилган кунлар ва бошқа шонли маросимлар учун откриткаларни ёзиб берадиган шахсий котибига айланиб қолган.

Кўплаб матбуот котиблари жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари таркибида қолиб кетмоқда ва бевосита бўлим раҳбарига бўйсундирилган. Айримлари эса маркетинг ва ахборот-таҳлил каби бошқармалар ичида димиқиб қолган.

Сўнгги пайтларда ислоҳотлар сабабли ҳукумат қарорлари билан вазирликлар, идоралар ва давлат ташкилотларининг низом ва штат бирликлари қайта тасдиқланмоқда. Аммо уларда матбуот хизматлари фаолиятини кенгайтиришга етарли эътибор қаратилмаяпти. Ҳудудий бўлинмалар таркибида эса бундай лавозимларни киритишга зарурият йўқ дея баҳоланмоқда.

Аксарият матбуот котиблари эса журналист маълумот сўраб мурожаат қилса биринчи галда расмий хат билан мурожаат қилишни сўрайди. Хатбозлик ва қоғозбозликдан воз кечиш учун ҳам матбуот котиби бўлиб ишлаётганини ҳатто идрок қила олмайди ва шундоқ ҳам соҳадаги мураккаб вазиятни янада таранглаштиради. Бирор кун ўзи бирорта тадбир ёки анжуман қилганида журналистлар ҳам «хатсиз чақириққа» лаббай дея жавоб бермагач, нолишдан нарига ўтмайди.

Вилоят ҳокимликларида ҳам матбуот котибларининг профессионаллик даражаси талабга жавоб бермайди. Туман ва шаҳар ҳокимликларида-ку бундай лавозимнинг ўзи умуман назарда тутилмаган. Ҳокимликлар эса ўз сайтини очишни ва ҳудуддаги янгиликларни тезлик билан мунтазам ёритиб боришни кўпроқ исташмоқда ва ногаҳоний нохолис танқиддан ўзларини ишончли ҳимоя қилишни хоҳлашмоқда.

Яқинда интернетда Фарғона вилояти ҳокими билан бўлиб ўтган шов-шувли можарога энг аввало вилоят ҳокимлиги матбуот котибининг замон талаби даражасида ишлай олмагани ва вилоят раҳбарининг журналистлар билан очиқ ҳамкорлик ўрнатмагани сабаб деб ҳисоблайман. Чунки бугун раҳбарнинг оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган замонлар ўтди. Нутқдаги ҳар қандай чегарадан чиқишлар кейинчалик тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкинлигини ҳаёт яна бир бор тасдиқлади. Шу боис матбуот котиби билан аввалдан келишиб олган ҳолда матнлар ёки «шпаргалка» тайёрлаб олиш, имкон қадар дипломатия мезонларидан чиқиб кетмаслик чораларини кўриб бориш зарур. Аксинча, матбуот котиблари ташкилот ҳақида бирор мақола ёки чиқиш қилса, раис «маъқуллашини» кутиб кунлар ва ҳатто ҳафталар ўтиб кетишига чек қўйиш зарур.

Ҳозир баъзи амалдорларга камера ёки диктофон тутсангиз ёки интервю олиш ҳақида гапирсангиз чўчийди, шошиб қолади. Айримлари жуфтакни ростлаб қолишни энг маъқул йўл деб ҳам билади.

Матбуот котиби ўзи ишлаётган тизимдаги ходимларга журналистлар билан қандай мулоқотда бўлиш кераклиги, уларга ахборотни эркин ва тўғридан-тўғри тақдим этишни ўргатиши, ОАВда чиқиш учун нутқ ва ижодий салоҳияти устида ишлашга кўмаклашиши, ижтимоий тармоқлардаги ўз профилига жойлаштираётган материалларнинг тўғри ва хатосиз чиқишига ёрдам бериши зарур.

Ахборотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органининг расмий сайтига тез жойлаштириш ва уларни ўз вақтида янгилаб бориш, интернет тармоғидаги веб-ресурсларни, шу жумладан, ижтимоий ва мобил тармоқларни ривожлантириш ишларида сусткашликлар кузатилмоқда.

Баъзи матбуот хизматларида оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида хайрихоҳ журналистлар доирасини шакллантириб бориш, уларни ахборот (матбуот учун хабар, бюллетен, пресс-релиз ва шу кабилар) билан таъминлаш ишлари яхши ташкил этилмай, ўлда-жўлда қолиб кетмоқда.

Шу йилнинг 15 февралида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди. Унда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари мазкур орган раҳбарига бевосита бўйсунадиган мустақил бўлинма сифатида белгилангани жуда аҳамиятли ва қувонарли ҳодиса бўлди.

Қарорда идораларга ахборот хизматлари фаолиятини самарали ташкил этиш учун замонавий моддий-техник базани шакллантириш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш вазифаси юклангани ҳам эътиборга молик.

Бироқ очиқ ва адолатли фуқаролик жамияти, давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида шаффофлик ўз-ўзидан бўлавермайди. Президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов Миллий матбуот марказида анжуманлар ўтказиш йиллик жадвалини ишлаб чиқиб, идораларга ижро учун йўналтирмаса, матбуот котиби ўзи ташаббус қилиб буни амалга ошира олмасмиди? Қилса бўларди, бироқ буни вазирга ёки бошқа муассаса раҳбарига етказиш анча қийинроқ кечар эди. Эндиликда раҳбарларнинг аҳоли билан очиқ мулоқотини йўлга қўйишнинг самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш даркор.

«Ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ахборот хизматлари билан самарали ва амалий ҳамкорликни таъминлаш» ишлари кўзга ташланмаяпти. Матбуот котиблари ҳамкорликда ўтказган ва оғизга тушган бирорта муҳим тадбирни эслай олмаймиз. Ташқи ишлар вазирлигининг хорижий журналистларни аккредитациядан ўтказиш амалиётини тушунса бўлар. Аммо бошқа вазирлик ва идораларнинг каттароқ тадбирларни ёритиш учун ҳатто маҳаллий журналистларни аккредитациядан ўтказишдек номақбул иши мантиққа зиддир. Бунда рўйхатдан ўтмаган журналистнинг тадбирни ёритиш ҳуқуқи чекланмайдими?

Хўш, матбуот котиблари ўзи қаерда ва ким томонидан тайёрланади? Давлат бошқаруви академиясида бир-иккита ўқув курсларини ташкил этиб қўйиш билан уларнинг умумий савиясини зарур даражада ошириш мумкинми?

Ҳамонки, бунда журналистлар уюшмасининг ўрни сезилмаётган экан, президентнинг матбуот котиби ҳузурида Матбуот котиблари миллий уюшмасини тузиш вақти аллақачон етмадими? Уюшма орқали матбуот котибларини хорижий давлатларга малакасини оширишга юбориш, хорижий ва ўзбекистонлик етакчи экспертларни жалб этган ҳолда қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш, бирор намунали матбуот котибининг тажрибасини оммалаштириш, ўртада турли спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш асносида уларнинг ижодий мулоқотини кучайтириш, моддий рағбатлантириш мазкур бирлашманинг асосий вазифаси бўлиши зарур.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан биргаликда ҳар йили «Энг яхши ахборот хизмати», «Давлат бошқаруви органлари фаолиятини ёритаётган энг яхши журналист» ва бошқа номинациялар бўйича конституция ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунларига бағишлаб танловлар ташкил этиши ҳам қарорда биринчи марта назарда тутилмоқда. Унинг ижро этилиши катта аҳамиятга эга.

«Хаbar.uz» сайти бир мезон ишлаб чиқиб, ҳар ҳафтада энг яхши матбуот котибларининг рейтинги тузиб, эълон қилиб борса, бу уларни рағбатлантирар, умуман ишламаётган котибларни эса сал тетиклик ва ҳушёрликка ундаган бўлар эди.

Шу билан бирга матбуот хизматлари ўз сайтида мазкур матбуот хизмати билан ишлайдиган энг фаол журналистлар рўйхатини ҳам бериб бориши ОАВ ходимлари учун қизиқарли бўлар эди.

Матбуот котиби ўз мақоми бўйича вазирнинг маслаҳатчиси ёки ёрдамчисига тенглаштирилиши керак ва қоида тариқасида мутахассислиги журналист бўлиши мақсадга мувофиқ. Унинг маоши ва бошқа имтиёзлари ҳам шундан кам бўлмаслиги лозим. Телевидение ёки радиога бориш учун ёнидан харажат қилиб таксима-такси юрган, қуйи тизимларга «сўзи ўтмай» боши қотган матбуот котибининг на обрўси ва на келажаги бўлади. Бир сўз билан айтганда, қотиб қолган матбуот котибининг энди даври ўтди.

Шу билан бирга ижобий ҳолатлар ҳам кўзга ташлана бошлади. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Ёшлар иттифоқи ҳатто туман бўлимларида ҳам матбуот билан ишлайдиган алоҳида ходимларга эгалиги, катта ресурс ва маблағ ажратаётгани ибратлидир. Федерация ҳатто вақти-вақти билан қуйи тизимда ишлаётган матбуот ходимларини пойтахтга чақириб, қисқа курсларда ўқитиб олаётгани тарғиб этса бўладиган тажриба.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг