Тошкентнинг яна 3 нафар мансабдори ишдан олинди
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х.Муллажонов (2019 йилда ушбу лавозимда иш бошлаган, -таҳр.) ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Й.Насимджановни ишдан олиш, фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлашни топширди.
Шунингдек, Солиқ қўмитаси раисига Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекцияларининг бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйиш топширилди.
Қўмита раиси Ф.Пўлатов ва қўмитага тайинланган комплаенс бўйича янги ўринбосар А.Солиевга коррупцияга муросасиз муҳитни яратиш, Тошкент шаҳри солиқ раҳбарларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиб, уларнинг ўрнини ватанпарвар, янгиликка интилиб ишлайдиган шижоатли ёшлар билан тўлдириш вазифаси қўйилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ғаниев қўштирноқ остидаги «тадбиркор»ларга солиқдан қочишда йўл кўрсатиб юргани учун уни бугуннинг ўзида ишдан олиш топширилди.
А.Солиев ва Тошкент шаҳар ҳокимига комплаенс бўйича ўринбосар этиб тайинланган М.Мирҳамидов пойтахтда яширин иқтисодиётга қарши муросасиз муҳит яратишга масъул бўлиши белгиланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter