Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

Ватанида ватансизлар

Ватанида ватансизлар

Фото: «Google.com»

Мянмада мусулмон-рохинжаларни қирғин қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида 2017 йилнинг август ойида жаҳон оммавий ахборот воситалари қатор хабарлар тарқата бошлади.

Рохинжалар ким? Мянмада мусулмон умматига мансуб ягона миллатни нега қирғин қилишмоқда? Жануби-шарқий Осиёда янги йирик гуманитар фожиа қаердан пайдо бўлди? Бу саволлар барчамизни бирдек ўйлантиради.

Маълум бўлишича, 2017 йил 25 августда «Рохинжаларни қутқариш Аракан армияси» (РҚАА) Ракхайн штатидаги 30 та таянч нуқталарига ҳужум уюштиради. Мянма хавфсизлик кучлари бунга жавоб тариқасида ҳарбий амалиётларни бошлайди. «Чегара билмас шифокорлар» халқаро ташкилотининг айтишича, минтақада тўқнашувлар бошланганидан буён қурбонлар сони 10 минг нафардан ортган.

Рохинжалар сони дунё миқёсида қарийб 2,2 миллион киши бўлиб, Мянмада 1 миллион, Бангладешда 800 минг, Покистонда 200 минг, Тайландда 100 минг, Малайзияда 40 минг нафари истиқомат қилади. Улар бенгал тилининг читтагонг лаҳжасида сўзлашади ва ислом динига эътиқод қилишади. Улар ҳар 5 йилда 20 фоиздан кўпайиб бормоқда ва ҳаддан ортиқ демографик ўсиш шундай ҳам бир жойдан муқим ўрин олмаган халқнинг ташвишларини янада кўпайтирмоқда.

Рохинжалар Мянмага асосан Британия мустамлакачилиги вақтида, бир қисми Бирма мустақилликка эришгач, 1971 йили Бангладеш-Покистон уруши чоғида кўчиб келишган. Мянма ҳукумати рохинжаларни Бангладешдан келиб қолган ноқонуний мигрантлар деб ҳисоблайди ва уларнинг фуқаролигини тан олмайди. Мянма ҳукумати рохинжа атамасини умуман қўлламасликни, уларни «бенгалиялик» деб чақиришни тавсия қилади.

Рохинжалар эса Ракхайн штатининг туб аҳолиси бўлганини таъкидлашади. Уларга 1785 йилга қадар бу ерда қудратли Аракан қироллиги мавжуд бўлганини эслатишади. Шу сабабли Ракхайн штатини Аракан деб аташади. 1826 йилда биринчи инглиз-бирма уруши натижасида британияликлар Араканни босиб олишди ва бу ердаги шоли далаларига арзон ишчи кучи сифатида бенгалларни кўчиришди.

1942 йили рохинжа мусулмонлари ва аракан-буддавийлар ўртасидаги урушда 50 минг киши нобуд бўлди. Оқибатда ушбу минтақа этник жиҳатдан турли қутбларга ажралиб қолди.

Рохинжалар бу ерга бостириб кирган япон қўшинларига қарши курашиш учун иттифоқчиларидан қурол-яроқлар олишди. Йўл-йўлакай этник рақибларини ҳам мавҳ этишди. Бу пайтда японлар билан яқин ҳамкорлик қилган бирмаликлар эса рохинжаларни аёвсиз қирғин қилди. 40 минг рохинжани замонавий Бангладеш ҳудудига чиқариб юборишди. Бирма мустақилликка эришганининг илк йилларида Ракхайн штатидаги мусулмон аҳолиси ўртасида айирмачилик кайфияти кучайди. Ўшанда рохинжалар Шарқий Покистон, яъни ҳозирги Бангладешга қўшилиш ниятида эди. Аммо Бангладеш ва Покистон ўртасида уруш бошланиб қолиши уларни умидсиз қолдирди.

Бирмада ҳарбийлар ҳокимият тепасига келгач, рохинжа мусулмонларини мамлакат фуқароси деб тан олишмади. 1982 йили мамлакатда фуқаролик ҳақидаги қонун қабул қилинган бўлса-да, рохинжаларга фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар берилмади. Ваҳоланки, бу ерда 135 та этник гуруҳ яшайди, аммо фақат рохинжалар айириб қўйилгани уларнинг ғазабини қўзитди, ички норозилигини кучайтирди.

Ракхайн штатида 3 миллион аҳолининг фақат 2 миллиони рўйхатдан ўтказилган бўлиб, қолган 1 миллион рохинжа бу жараёндан четда қолди. Боз устига штат Мянмадаги энг қашшоқ ҳудуд бўлиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўта оғирдир.

Қийноқлар, ноқонуний ҳибсга олишлар, эътиқод эркинлиги ва мамлакат ичида ҳаракатланиш чеклангани, ишга жойлашишдаги камситишлар, ижтимоий хизматлардан фойдаланишга қўйилган тўсиқлар – барчаси йиғилиб, тарангликни муттасил кучайтирмоқда. Ҳозир расмий Мянмадаги бошқа миллат ва элатлар ҳамда сиёсий элита ўртасида рохинжаларга қарши ягона фронт ҳосил қилишга интилишмоқда.

Мянма раҳбарияти айирмачи РҚАА жангариларини халқаро террорчилик ташкилотлари билан яқин алоқага эга ва улардан моддий ёрдам олиб келади, жангарилари эса хориждаги ёлланма лагерларда тайёрланади деб ҳисобламоқда. Рохинжалар эса терроризм билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтишмоқда. Улар рохинжа халқи учун демократик ислом давлати тузиш мақсадини яширмаяпти.

Аввалига рўй берган кичик-кичик тўқнашувлар йиллар ўтиб, йириклашиб борди. 2012 йилда қонли низога айланди. Ўшанда 200 киши қурбон бўлган ва 140 минг инсон қочоққа айланган эди. Ўн минглаб мусулмонлар кемаларда Малайзия, Индонезия, Тайландга кўчиб ўтди.

Мянма 2015 йил 8 ноябрдаги демократик сайлов натижасида фуқаролик бошқарувига ўта бошлади ва халқаро яккаланиб қолиш сиёсати очиқлик тамойилига алмаша борди. Аммо бу хайрли ўзгаришларнинг рохинжалар учун ҳеч қандай нафи бўлмади. Уларнинг эркинлик ва ҳуқуқ сўраб бошлаган ҳаракатига четдан бир гуруҳ бошқарувчилар келиб қўшилди ва ёнаётган зиддиятга мой сепишди.

Халқаро инқирозга қарши гуруҳи маълумотларига кўра, РҚАА ташкилоти етакчиси Отаулло Аммар Юнуний Покистоннинг Карачи шаҳрида туғилган, Саудия Арабистонида вояга етган ва диний таълим олган. У 2012 йилдаги низолардан кейин минтақага қайтган ва тарафдорларини радикал ҳаракат қилишга ундаган. 2016 йил октябрда у «Ҳаракат ал-яқин» гуруҳининг етакчиси деб оммага таништирилди. Бу ташкилотнинг бош қароргоҳи Макка шаҳрида бўлиб, нима қилиб бўлса ҳам рохинжаларнинг мустақил давлатини тузишни истайди.

Натижада 2016 йил 9 октябрда Мянманинг 3 та чегара постига икки юз киши қуролли ҳужум қилди ва 9 та чегарачини ўлдирди. Жавоб тариқасида Ракхайн штатига қўшин киритилди. Икки ой ичида 21 минг нафар рохинжа Бангладешга қочиб ўтди.

2017 йил августдаги ҳодисалар эса барчасидан ошиб тушди. Қўшни Бангладеш ҳудудига 650 мингдан ортиқ қочоқ ўтди. Бир қарашда 170 миллионлик аҳолига эга Бангладеш учун бу денгиздан томчидек туюлади. Аммо қочоқлар чегара ҳудудидаги минтақалар иқтисодиётига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда, жиноятчилик сони ошмоқда, уларни боқиш учун жуда катта сарф-харажат қилинмоқда, ижтимоий юк ўсаяпти. Лагерлардаги ёрдамга муҳтож ва қарам халқ жиноятчиликнинг, қул савдосининг қурбонига айланмоқда, аёллар ва қизлар жинсий зўравонликка учраяпти, юртсиз миллат очликдан азият чекаяпти. Ишсиз ёшлар наркотиклар савдосига жалб қилинмоқда. Уларнинг 90 фоизи кофеин ва метамфетамин аралашмаси бўлган «яба» наркотикларини Наф дарёси орқали Мянмадан Бангладешга етказишмоқда. Ҳар томонлама бўғиб ташланган лагерлардаги аҳоли орасида жиҳодчилик кайфияти кучаймоқда. Сурия ва Ироқдаги халқаро жангарилар ўз ҳомийлари томонидан «ёрдам» ниқоби остида бу ерга кўчиб ўтмоқда.

БМТнинг Болалар жамғармаси маълум қилишича, Бангладешдаги қочоқларга озиқ-овқат, ичимлик сув ва ётиш учун жой етишмаяпти. Энг ёмони, қочоқларнинг 60 фоизи ёш болалардир. Шароит шу қадар оғирки, ҳатто атрофдаги ёввойи филлар ҳам ҳимоясиз чодирларга қўққисдан бостириб кириб, қочоқларни эзиб-мажақламоқда.

Ҳозир Бангладеш ҳукумати Бенгалия қўлтиғидаги одам яшамайдиган айрим оролларга 100 минг рохинжани жойлаштириш режаси устида ишламоқда. Бу Кокс-Бозор округидаги қочоқлар лагерлари юкини вақтинча енгиллаштириш учун қўлланар экан. Маъмурларнинг айтишича, бу «имконият» туфайли уларнинг исталган вақтда оролни тарк этиши, Мянма ёки бошқа учинчи давлатларга чиқиб кетиши осон кечар эмиш.

Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари бу лойиҳани фашистларнинг концлагерларига тенглаштирмоқда. Чунки улар ташқи дунёдан тўлиқ узиб қўйилади. Британиялик ва хитойлик муҳандислар аллақачон инфратузилма яратиш ишлари билан шуғулланмоқда. Чунки апрель ойидан муссон ёмғирлари мавсуми бошланади ва ҳалокатли тошқинлар кўпчиликнинг умрига зомин бўлиши мумкин.

Бангладеш ҳозир Мянма билан муносабатларни бузишни истамайди. Унинг хавфсизлик кучлари лагерларда махсус амалиёт ўтказиб, айирмачи кучлар раҳбарларини тутмоқда ва қўшни Мянмага топширмоқда. Бу эса ички мухолифатнинг эътирозига сабаб бўлаяпти.

Бангладешда генерал Зиллур Раҳмон бошқаруви йилларида (1977 — 1981-йиллар) у армия разведкаси раҳбарини рохинжалар билан мулоқот ўрнатишга юборган ва Шимолий Ракхайн ислом давлатини тузиш учун курашда қўллаб-қувватлашга ваъда қилган эди. Натижада рохинжаларнинг фаоллиги ошди. Бирма ҳарбийлари 1978 йил февралда уларга қарши қақшатқич «Нага Мин» операциясини ўтказди. Бангладешда рохинжаларнинг катта қочоқлар оқими илк бор ўша чоғларда пайдо бўлганди. 

Зиллур Раҳмон асос солган Бангладеш миллий партиясига ҳозир унинг беваси Холида Зиё раҳбарлик қилмоқда ва давлатда асосий мухолиф партия етакчиси саналади. У икки бора бош вазир лавозимини эгаллаган ва рохинжаларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Бангладеш ҳукумати эса ижтимоий кескинликни юмшатиш, бангладешликлар ва рохинжалар ўртасидаги алоқани минималлаштиришга интилмоқда. 2014 йилдан бангладешликларнинг рохинжалар билан оила қуриши қонун билан тақиқланди. Бу тартибни бузганларга 7 йиллик қамоқ жазоси белгиланди. Бу билан рохинжаларнинг Бангладеш фуқаролигини олиш имконияти тўсиб қўйилди.

Миграция бўйича халқаро ташкилот маълумотига кўра, ҳозир Бангладешда 650 минг рохинжа бор. Улар асосан Кокс-Бозор округида тўпланган.

2017 йил сентябрда рохинжа қочоқларининг округда эркин ҳаракатланишига чеклов жорий этилди. Эндиликда улар Мянма билан чегара яқинидаги лагерларда жойлаштирилиши ва маъмурлар рухсатисиз бу ердан чиқиб кетмаслиги керак. Депортация қилинаётганлар эса Мянмага қайтгач, хавфсизлик кучлари томонидан таъқиб қилинмоқда, шубҳалилари қамаб ташланаяпти.

Ўтган йили ноябрда Мянма ва Бангладеш ўртасида қочоқларни қайтариш тўғрисида иккитомонлама битим имзоланган эди. Аммо Мянма Бангладеш қочоқларнинг шахсий маълумотлари қайд этилган ҳужжатларни тақдим этсагина уларни қайта қабул қилишини билдирди. Аксига олиб кўп йиллардан буён Бангладешда яшаётган рохинжаларнинг шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат йўқ.

20 февралда 6 минг нафар қочоқ ўз юртига қайтарилди. Мянма кунига фақат 1500 қочоқни қабул қила олишини айтмоқда. Барча қочоқларнинг тўлиқ қайтиши учун салкам икки йил зарур бўлади.

Қочоқлар қайтишни бошлаган бир пайтда Ракхайн штати маркази Ситуэ шаҳрида юқори мартабали амалдорлар офиси ва уйларида бирданига учта портлаш содир бўлгани бу иш айрим кучларга ёқмаётганини тасдиқлайди.

Мянма ҳукумати учун ҳозир айирмачиларни жиловлаш жуда муҳим. Чунки мамлакатдаги 7 та штатнинг барчаси зимдан мустақиллик учун интилиб келади. Агар бир ҳудуд ажралиб чиқса, «домино эффекти» юз бериши мумкин.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори, Мянма бош вазири Аун Сан Су Чжи хоним 2017 йилда рохинжалар муаммолари бўйича махсус комиссия тузди ва унга раҳбарлик қилишни БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннандан шахсан илтимос қилди. Комиссия таркибида ўн киши бўлиб, бештаси хорижлик экспертлардир. Жаҳоннинг собиқ биринчи дипломати Ракхайн туманларида танишув сафарларида бўлиб, вазиятни атрофлича ўрганди ва хулосасини БМТга тақдим қилди.

Унга асосланиб БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 37-сессиясида рохинжалар қувғинини «этник тозалаш» деб атади. БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Филиппо Гранди ҳам халқаро ҳамжамиятни бу бедодликка чек қўйишга чақирмоқда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раъд Ҳусайн Мянма ҳукумати раҳбари Аун Сан Су Чжини тинчликка эришиш учун сидқидилдан ҳаракат қилишга ундамоқда. У рохинжа мусулмонларига қарши қатлиомни танқид қилар экан, мамлакат ҳарбийлари ўтказаётган операцияни кескин қоралади.

Минг афсуски, энг долзарб муаммоларни ҳал қилишда БМТнинг ўрни сезилмаяпти. Ташкилот оғриқли масалаларни тезда ечиш ўрнига оғиркарвонлик қилаяпти. У Мянмада гуманитар инқирознинг олдини олиш учун 434 миллион доллар ёрдам пули ажратмоқда, холос.

«Human Rights Watch» ташкилоти сунъий йўлдош орқали олинган, рохинжаларнинг қишлоқлари ёқиб юборилгани кўриниб турган суратларни намойиш этди. Ҳатто қишлоқлардан бирининг аҳолиси вертолётдан ўққа тутилган экан. Ҳибсга олинганлар орасида эса 10 ёшдан кичик, 75 ёшдан катта кишилар ҳам борлиги кишининг ғазабини қўзғотади.
Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқ Мянмадаги ҳаракатларни геноцид деб атади ва уни танқид қилмоқда.

Форс кўрфазидаги араб давлатлари катта маблағ ажратиб, уларни Малайзия ёки Индонезияга кўчиришлари ҳам мумкин эди. Аммо Жануби-шарқий Осиёдаги ушбу давлатлар бу таклифга розилик бермаяпти, бошқа тарафдан лойиҳани молиялаштиришга ҳеч ким астойдил интилаётгани ҳам йўқ.

Эътиборли томони — Африканинг Гана давлати бир неча йил илгари барча рохинжаларни қабул қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш таклифи билан чиққан эди. Аммо бу таклифни рохинжаларнинг ўзи рад этишган.

Хўп, инсонпарварлик билан ном қозонган Ғарб давлатлари рохинжаларга нега муҳожирлик квоталарини ажратмаяпти? Чунки улар Сурия ва Яқин шарқдаги қочоқлар оқимидан чарчашган. Улар янги оқимга нисбатан ҳеч қандай маънавий масъулликни ҳис қилмайди.

Европа иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Федерика Могерини 50 мамлакатни ўз ичига олган АСЕМ (Европа-Осиё форуми) доирасида ва музокаралар воситасида инқирозни ҳал қилишни таклиф этмоқда. 16 февралда Европа парламенти Мянмада инсониятга қарши жиноятларни мустақил тергов қилиш бўйича таклифни илгари сурди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон 10 февралда Бангладеш жануби-ғарбидаги Кокс-Бозор округидаги қочоқлар яшайдиган лагерга ташрифи чоғида Мянма ҳукумати уларнинг ўз ватанига қайтиши учун барча шароитларни яратиб бериши кераклиги ҳақида баёнот берди.

АҚШ қочоқларга 104 миллион долларлик моддий ёрдам тақдим этди. Мянма билан ҳарбий-техник ҳамкорликни бекор қилди. АҚШ давлат департаменти Ракхайндаги қишлоқлардан бирида оммавий қатл этилган мусулмон рохинжалар кўмилган 5 та қабр топилганидан безовта. Ҳукумат аввалига бу маълумотни рад этган эди. Бироқ февраль ойи ўрталарида рохинжаларни оммавий қатл этган хавфсизлик хизматининг ўн нафар вакилини жавобгарликка тортиш билан буни рад этиш фойдасизлигини тан олмоқда.

Канада эса Мянма қуролли кучлари генерал-лейтенанти, рохинжаларга қарши жиноятларда асосий ролни ўйнаган Маунг Маунг Соэга қарши санкция қўллади.

Сўнгги даврда Мянма-Хитой алоқаларининг кучайиши афтидан айрим қудратли давлатларга ёқмаётган кўринади.

Расмий Пекин ўз иттифоқчиси ҳудуди орқали Ҳинд океанига чиқишни режалаштирмоқда. Аммо терроризм гуркираган бу минтақада унинг глобал истаги рўёбга чиқмаслиги мумкин.

Хитой муаммонинг Бангладеш ва Мянма ўртасидаги мулоқот орқали ҳал қилинишини истайди ва бунга чет кучларнинг ҳар қандай аралашувини қоралайди.

Ҳиндистон эса Мянмани тезроқ Бангладешнинг амалдаги ҳукумати билан келишув имзолашга ундамоқда. Деҳли сиёсатчилари агар ҳукумат ўзгариб қолса, музокараларда муваффақиятга эришиш жуда қийин бўлиши мумкин демоқда.

Россия инсон ҳуқуқларини бузмаган ҳолда муаммони ҳал қилиш учун ўзаро сиёсий ҳамкорлик йўлини топиш кераклигини таъкидлаяпти. Шу билан бирга яқинда унинг Мянмага 6 та «Су-30» қирувчи самолётини сотгани Ғарбнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров махсус фонд орқали озроқ ёрдам бераётганини ҳисобга олмаганда, Россия рохинжаларга унчалик  кўмаклаша олмаяпти. Экспертларни бошқа нарса ҳайратга солмоқда. Рохинжа муаммоси бўйича расмий Москва билан унинг ушбу субъекти ўртасидаги ёндашувлар икки хил бўлиб қолди.

Албатта, Мянмада юзага келаётган вазият, хусусан, мамлакатдаги озчиликни ташкил этувчи мусулмонларга қилинаётган зўравонлик Ўзбекистонни жиддий ташвишга солмай қўймайди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва БМТ уставида мустаҳкамлаб қўйилган принциплар, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти уставига асосланган ҳолда ҳар қандай шаклдаги зўравонликни қоралайди. Ўзбекистон ҳар бир инсоннинг ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар барча ҳуқуқ ва эркинликлари сўзсиз таъминланишининг тарафдоридир.

Шу муносабат билан расмий Тошкент Мянма раҳбариятини айбсиз мусулмонларга қарши зўравонликни тўхтатиш учун чоралар кўришга, муаммони фақат тинч йўл билан ҳал этишга чақирмоқда. 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати Мянма қочқинлари учун гуманитар ёрдам юборган эди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, рохинжалар албатта ўз ватанига қайтиши керак. Уларни таъқиб қилмаслик ва ҳибсга олмаслик учун Мянма ишончли кафолат бериши зарур. Ўз навбатида, айирмачи кучлар қуролли қаршиликни тўхтатиб, ташқи аралашувларга йўл қўймасдан, умумий тинчликка эришиш керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг