Машҳур блогерларга Ўзбекистонга текин турпакет берилади
Йиғилишда маҳаллий туроператорлар учун ҳам янгиликлар эълон қилинди.
Хусусан, 1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой давомида жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми «кешбек» сифатида қайтарилади.
Ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 та хорижий блогерга Ўзбекистонга келиши учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади.
Дунёдаги энг йирик онлайн сайёҳлик платформаларида Ўзбекистонга саёҳат тарғиботи билан боғлиқ харажатлар ҳам қоплаб берилади.
Жорий йилнинг ўзида дунёга машҳур бўлган камида 5 та санъаткорнинг гастрольини, шунингдек, 10 та бизнес форуми ва мода фестивальини Самарқандда ўтказиш муҳим экани таъкидланди.
Шу билан бирга, Самарқандни аниқ ва табиий фанлар бўйича олимпиада, форум ва илмий конференциялар ўтказадиган хабга айлантириш учун барча имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, 2028 йилда Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессида ҳозирнинг ўзида юздан ортиқ давлатдан 10 мингга яқин одам иштирок этиш истагини билдирган.
Мутасаддиларга мазкур йўналишдаги халқаро ташкилотлар билан ишлаб, махсус дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Бу имкониятлар ҳисобига Самарқандга йил якунигача 6 миллион турист олиб келиш мақсади белгилаб олинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter