Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Муборакдаги «Янги Қорақум» маҳалласи: қоғозда — зў-ўр, амалда... (?!)

Муборакдаги «Янги Қорақум» маҳалласи: қоғозда — зў-ўр, амалда... (?!)

Фото: «Xabar.uz»

Муборак туманининг «Янги Қорақум» маҳалласидаги намунали уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилганигаям тўрт-беш йил бўлиб қолди. «Намунали уйлар» ўз номига муносиб эмаслиги ўз йўлига, бунга аҳолида бир қадар кўникиш шаклланиб улгурган ҳатто! Бироқ янги уй — янги масканга кўчиб ўтиш теварагинг текис бўлиб, бемало-ол яшайсан, деганиям эмас-да.

Янги жойнинг камчиликлари кўп бўлади, тўғри. Айни пайтда беш юзга яқин хўжалик истиқомат қилувчи «Янги Қорақум»нинг эски муаммолари ҳануз бартараф этилмаганига нима дейсиз? Газ, свет, сув... дейилса, бунақа муаммо қайси қишлоқда йўқ, дея оғизга уриш «урф»га айланган, майли.

Муборак шаҳрининг чекка ҳудуди ҳисобланмиш бу маҳаллада на маиший хизмат шохобчалари, на бекат қад ростламагани-чи?! Ҳаммасидан ўтиб тушгани — мактаб йўқ! Болалар қишнинг совуғи-ю ёзнинг чилласида лой-чангга ботиб, етти-саккиз километр йўл босиб, шаҳардаги мактабга қатнашга мажбур. Беш юз хонадоннинг ҳар бирида икки нафардан мактаб ўқувчиси бўлгандаям, неча нафар болалар кунига ўн-ўн беш километр йўл босишини тасаввур қиляпсизми?! Уларнинг йўлкирасига кетадиган харажатнинг ўзи анча-мунча оила рўзғорининг бир четини кўтаришини-чи?! Йўлларда учрайдиган эҳтимолий кўнгилсизликлар (масалан, автоавария!) ҳақида гапирмадик тағинам...

Айни ҳолатнинг аламли нуқтаси шундаки, бу ҳудудда ободончилик ишлари аллақачон бошланиб, якунига етиб қолгани, мактаб қурилиши бўйича ҳам амалий ҳаракатларга қўл урилгани ҳақида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари Вазирлар Маҳакамасига 2016 йилдаёқ ҳисобот бериб бўлишган эди. Бироқ қоғоздаги жимжимадор ахборотнинг амалдаги ифодасини маҳаллий аҳоли ҳозиргача кўргани йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг