Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Музаффарнинг Президентга айтмоқчи бўлган гаплари

Музаффарнинг Президентга айтмоқчи бўлган гаплари

Дарвоқе, ким бу камхарж оилалар деганимиз? Камбағалларми? Йўқ ва яна йўқ...

Фото: Нозим Исмоилов.

«Ассалому алайкум, азиз юртбошим! Бугун мен ватанли бўлдим. Ҳозир қалбимни босиб келаётган фикрларни тўла айта олмасам, ифода қилолмасам керак. Аллоҳнинг марҳамати, сизнинг халқпарвар сиёсатингиз туфайли бугун оилам билан янги уйга кўчиб ўтдик. Албатта, дунёда уйли-жойли бўлганлар, бундан беҳад мутаассир бўлиб, кўзига ёш олганлар кўп, лекин...».

Биринчи лирик чекиниш. Бугун бахтдан масрур бўлаётган юртдошимиз Музаффар Ҳайдаровнинг қалб сўзларини кейинроққа қолдиришга ижозат бергайсиз, орада бошқа гапларни айтиб ўтмасак бўлмас...

Статистик маълумотларга қараганда, айни пайтда Ўзбекистон бўйича 600 минг нафар, Тошкент вилоятида эса 44 минг нафардан зиёд жисмоний имконияти чекланган, ногирон фуқаролар бор. Ўтган йили ана ўша фуқароларни узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларга давлат миқёсида эътибор қаратила бошланди. Айниқса, давлат бошлиғининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бундай юртдошларимизга катта далда, мадад бўлди.

Хўш, ўтган вақт давомида нималар қилинди? Бу саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятида қандай мақсадлар бор?

Тошкент вилояти мисолида айтсак, айни вақтда ногирон, уй-жойга муҳтож 127 нафар фуқарога жорий йил якунига қадар уй қуриб бериш режалаштирилган. Фақат бугина эмас, мутасаддилар камхарж оилаларга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда. Бугун вилоятда истиқомат қилаётган ҳар бир камхарж оила ўз ортида давлат, президент турганини ҳис қилиб яшаяпти.

Фото: Нозим Исмоилов

Хитойларда «Балиқни текин бериб, муаммодан вақтинча қутулиш самарасиз, одамларга балиқ тутишни ўргатиш керак» деган принцип бор экан. Ислоҳотлар манзарасига эътибор қаратадиган бўлсак, камхарж оилалар, шунингдек, меҳнат қилишга лаёқатли ногиронларга ҳалол меҳнат қилиш, даромад топиш имконияти тақдим этилмоқда. Шу мақсадда бугун вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарида истиқомат қилаётган камхарж оилаларга бошланғич бизнесни бошлаш учун сармоя (кредит шаклида), уй шароитида ишлаш учун соҳасидан келиб чиқиб зарур асбоб-ускуна (лизинг шаклида, шароитидан келиб чиқиб аксарият ҳолларда текин) берилаяпти. Маблағ қаердан келаяпти, бу шариат аҳкомларига зид эмасми, бу пул ҳалолми ўзи дегувчиларга: маблағлар маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан, содда айтганда, давлатнинг ҳисобидан ажратилмоқда.

Дарвоқе, ким бу камхарж оилалар деганимиз? Камбағалларми? Йўқ ва яна йўқ...

Иккинчи лирик чекиниш. Шуни мулоҳаза қилиб кўрарканман, бир пайтлар «Мен ишчи-батрак фарзандиман, камбағалнинг боласиман» дея кўкрак керишлар олқишланган замонларни эслайман. Бугунги одамларимиз камбағаллиги билан мақтанмаслигининг ўзи замоннинг маромини, ҳаёт даражасини бир қадар ифодалайди аслида. Совет тузуми бойларни йўқотишни шиор, дастак қилиб олган бўлса, бугунги Ўзбекистонимизга боқиб, камбағалликни тугатишга ҳаракат қилинаётганини кўриш мумкин. Бунда фарқ катта. «Одамлар аввал ақлий жиҳатдан табақаланади ва у мулкий табақаланишга олиб келади», — дейди донолардан бири. Қашшоқлик – аввало фикрсизликдир. Ақлнинг дангасалиги чўнтакнинг «касал»лигида зоҳир бўлади.

Фото: Нозим Исмоилов

Демоқчиманки, кейинги йилларда умумий ижтимоий кайфият, фикрлаш тарзи мутлақо ўзгарди. Илгарилари олис-олис пурвиқор чўққиларда савлат тўкиб турадигандек туюладиган давлат ҳазратлари ана энди сифатли кўрсатув, таҳлилий мақола, кескин танқидий фикрлар, очиқ минбарлар, халқ қабулхонаси шаклида одамларнинг уйига, қалбига кириб бормоқда. Шунинг учун ҳам бугуннинг одамлари «Мен – камбағалман» дея очиқ айтишдан ор қилар даражага етди. Миллатнинг фикратида катта ўзгариш содир бўлгани мана шудир!..

Лирик чекинишларнинг охиргиси. Бўка тумани «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғини. Чошгоҳга бориб бу ерга чор-атрофдан тумонат одам тўпланди. Уй-жойга муҳтож оилалар, шунингдек, ногирон фуқароларнинг 18 нафарига ҳовлиларнинг калитлари топширилди. Бу уйларнинг бошланғич бадали давлат томонидан тўлаб берилган. Қолган маблағлар эса... Яна мақола аввалига қайтиб, Музаффар аканинг қалб сўзининг давомини келтирамиз:

«...лекин мен ўзимга бунчалар ғамхўрлик кўрсатилади деб кутмаган, сира ўйламаган эдим. Оилада уч ака-укамиз. Мен катта фарзандман. Тафсилотларини айтмай қўяқолай, хуллас, тақдир тақозоси билан бугун махсус аравачада ҳаракатланаман. 9 ва 11 яшар ўғилларим бор. Бугундан бошлаб уларнинг кўзига тик қарай оламан! Чунки ватан ичра ватанли бўлдим! Мен ҳам жамиятимизнинг тўлақонли бир аъзоси эканимни ҳис қилдим. Бу ишонч ва эътибор, ғамхўрлик учун раҳмат сизга, азиз юртбошим... Аёлимга тикув машинаси олдик. У қўлигул чевар. Елиб-югураётган вакилларингиз – вилоятдаги масъулларнинг ҳаракати билан уйда ўтириб, шу касб билан шуғулланишга шароит яратиб беришди. Буюртмалар асосида ишлаяпмиз. Уй олганим, остонаси тиллодан хонадоним бўлгани бир қувонч, ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиб, шунинг орқасидан эртанги кунимизни кўраётганимиз яна бир бахт... Мен сизнинг бир фикрдош дўстингиз, садоқатли фарзандингиз бўлиб, Аллоҳ таоло берган имкониятимни ишга солиб, она ватанимизни чаманистон қилишга камарбастаман...».

Фото: Нозим Исмоилов

Қолган гапларни эса ёзиб бўлмайди. Шунчаки бунинг иложи йўқ. Музаффар аканинг сўзларини ёзсам, кимдир ҳаддан зиёд бўрттиришга йўяди, кимдир эса мени хушомадгўйликда айблайди. Аммо росту ёлғон қалашиб кетган дунёда олис бир манзилда бу каби тоза кўнгилга, самимий бир қалбга, юртим дея жўшаётган асл туйғуларга рўбарў келганимни ҳеч қачон унутмайман...

Беҳзод Қобулов, «Хabar.uz»нинг Тошкент вилояти бўйича махсус мухбири.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг