Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Наманганнинг Поп тумани тарихи ҳазрати Боб Фарғонийга бориб тақалади

Наманганнинг Поп тумани тарихи ҳазрати Боб Фарғонийга бориб тақалади

Фото: «Vodiymedia.uz»

Ҳазрати Боб Фарғоний қадимий Фарғонанинг машҳур шайхларидан бўлиб, «Боб» тахаллуси билан ном қозонган. Бу ҳақда «Vodiymedia.uz» сайтида хабар тарқатилди.

«Боб» сўзининг маъносига Муҳаммад Ғиёсиддин бин Жалолиддин ўзининг «Ғиёс ул-луғот» асарида қуйидагича таъриф беради: ««Боб» сўзи араб тилида дарвозани англатади. Туркий ва форсий тилда эса «мутаносиб», «мувофиқ», «лойиқ» деган маъноларни беради».

Ҳазрати Боб Фарғоний ҳақида маълумотлар жуда кам сақланиб қолган. Фақатгина Абдураҳмон Жомий ўзининг «Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс» (Ҳамсуҳбатларнинг ёқимли ифорлари) номли тазкирасида Боб Фарғонийга нисбатан шундай таъриф беради: «Бу кишининг номи Умар бўлиб, Фарғонийдир. У диёрнинг дарвешлари, буюк шайхлари ва донишмандларини Боб деб атаганлар. Шунга кўра, ушбу аллома Боб лақаби билан шуҳратланганлар. Боб Фарғоний кароматликлари сезилиб ва кўриниб турган улуғ киши эдилар».

Ҳазрати Боб Фарғонийнинг аниқ туғилган ва вафот этган саналари тўғрисида маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли, у киши тахминан Х асрда яшаб ўтган деб фараз қилинади.

Ҳазрати Боб Фарғоний умрининг сўнгги йилларини ўзига нисбат берилган Боб мавзесида ўтказган ва шу ерда вафот этган. Ҳозирда бу жой Поп туманининг маркази саналади.

Фото: «Vodiymedia.uz»

Поп тумани марказида «Ҳазрати Боб» қабристони мавжуд бўлиб, Ҳазрати Боб Фарғонийнинг ҳоки ҳам шу ерга дафн этилган.

Поп туманида яшовчи, 1949 йилда туғилган, бир неча йил тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган, Садриддин Норматовнинг фикрига кўра, Ҳазрати Боб Фарғоний мамлакатимизнинг 4 та тасаввуф илми ва диний аҳкомларидан бири бўлиб, Имом ал-Бухорийга тенглаштирилган.

Шунингдек, алломанинг қабри дастлаб мақбара кўринишида бўлиб, 1927 йилда мақбара бузиб ташланган. Аниқланишича, ҳозирги кунгача маҳаллий аҳоли Ҳазрати Боб Фарғоний қабрларини зиёрат қилиб келишади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг