Нью Йорк: ёш ҳуқуқшунос Дамир Аҳроров — “Бугунги кунда ғоя энг қиммат капитал”
Суҳбатдошим эндигина 22 ёшни қаршилаган. Нима учун эндигина деяпман, чунки унинг ютуқлари ёшидан ҳам, бўйидан ҳам узун. Дамир Аҳроров асли самарқандлик. Айни пайтда Америкада яшайди.
“Бўладиган бола бошидан маълум”, деганларидек, мактабни олтин медалга битирган. Ва ҳозирги кунда ўқитувчилари билдирган ишончни ортиғи билан оқлаяпти. Она тилидан ташқари рус, инглиз тилида эркин мулоқот қилади, испан тилини бошланғич даражада билади, форс-тожик тилида суҳбатлаша олади. Самбо ва эркин кураш бўйича кўп маротаба вилоят, республика чемпиони. Агар Дамир Аҳроров спорт йўналишини танлаганида доимо ғолиб спортчиларимиз сафида бўларди, шубҳасиз. Ҳа англаганингиздек, қаҳрамонимиз спортчи эмас, балки “SCOPUS” ва “Impact Factor” каби халқаро журналларда 20дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган, “МДҲ энг яхши талабаси”' халқаро танлови ғолиби, “Таълим соҳасидаги хизматлари учун” МДҲ медали ва 50дан ортиқ сертификат, дипломга эга, яна турли халқаро ва республика конференциялари, форумлар, танловларда иштирок этган кўп қиррали бўлажак ҳуқуқшунос. Бу ҳали ҳаммаси эмас, қолганини Дамирнинг ўзидан эшитамиз.
— Бундай ютуқларга эришиш учун доимий фаоллик зарур, айтинг-чи вақтингизни қандай тақсимлайсиз?
— Тўғриси, бу натижалар бир кунда келган эмас. Мен умуман “муваффақият”ни катта бир сакраш деб эмас, кунлик оддий ҳаракатлар йиғиндиси деб қабул қиламан. Чунки менинг ҳаётимда ҳаммаси шундан бошланган: кичик қадамлар, лекин мунтазам интилиш.
Агар бирор ишим ҳақиқатан ҳам муҳим бўлса, унга албатта вақт топаман. Кун тартибимни 3 қисмга бўламан: Ҳар куни камида икки-уч соат китоб, мақола ёки янги ҳуқуқий манбалар ўқийман. Aста-секин, лекин шу одат менда кучли тарзда шаклландики, энди “Impact Factor” каби журналларга мақола ёзиш оғир вазифа эмас. Аксинча, бу жараёндан завқ оламан.
Аслида одам бирор ишни тез-тез такрорласа, у одатга айланади. Илм мен учун “мажбурият” эмас, балки куннинг табиий қисми.
Нью-Йоркдаги адвокатлик фирмасида ишлаш тартиблилик ва тезкор фикрлашни ўргатди. У ерда ҳар куни янги иш, янги ҳужжат, янги мижоз. Бу жуда катта мактаб. Иш жараёнида ўқиш, ёзиш, таҳлил қилиш кун давомида бир-бирига уланган ҳолда кечади. Шунинг учун “вақтим йўқ” деган баҳона ишламайди, чунки ишнинг ўзи сизни ўсишга мажбур қилади.
Албатта ўзим учун вақт ажратаман — спорт, оилам билан гаплашиш ва сайр қилиш булар мен учун қувват манбаи. Спорт жисмоний кучдан кўра кўпроқ руҳий барқарорлик беради.
— Тошкент давлат юридик ва Польшадаги Adam Mitskevich университетларида, Москвадаги Олий иқтисодиёт мактабида таҳсил олгансиз. Пенсилвания давлат университетининг бошқа жойлардаги таълим олиш тажрибаларингиздан қандай фарқли жиҳатлари бор деб ҳисоблайсиз?
— Xар бир давлатда ўқиш менга алоҳида билим ва тажриба берган. Лекин АҚШ мутлақо бошқача тажриба. Пенсилваниядаги (Penn State Law) таълимнинг энг катта фарқи — бу амалиёт ва мустақил фикрлашга тўлиқ эътибор. Уларда ҳар бир дарс шунчаки дарс эмас балки мулоқот, баҳс, таҳлил. Профессор сиздан китобда ёзилганни эмас, ўз фикрингизни сўрайди. “Нима учун шундай деб ўйлаяпсиз? Қандай мисол келтира оласиз?” деган саволлар доимий равишда берилиб туради.
Яна бир катта фарқ — эркинлик ва масъулият бир вақтнинг ўзида берилади.
Ҳеч ким “ўқи”, “маъруза тайёрла” деб орқангиздан юрмайди, лекин шу билан бирга, ҳар бир талабадан юқори даражада фаоллик кутилaди. Шу нарса менда мустақиллик ва жавобгарликни янада кучайтирди.
Яна бир муҳим жиҳат, бу халқаро муҳит. Турли мамлакатлардан келган талабалар билан бир хонaда ўқиб, ҳар куни бошқа маданият, бошқа фикр ва бошқа тажриба билан юзма-юз бўласиз. Бу эса дунёқарашни очади.
Шу жиҳатлари билан АҚШдаги таҳсил мен учун алоҳида ва жуда катта тажриба бўлди.
— Ҳуқуқ, медиация, интеллектуал мулк ва туризм... булар турли соҳалар. Бу йўналишлар ўртасида қандай боғлиқлик бор?
— Ҳа, ҳуқуқ, медиация, интеллектуал мулк ва туризм биринчи қарашда бир-биридан узоқ соҳалардек кўринади. Лекин менинг тажрибамда уларни бирлаштириб турадиган умумий нуқта бор — инсонлар билан ишлаш ва ҳуқуқий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш.
Ҳуқуқ — ҳар бир соҳанинг асоси. Қайси тизимда ишламанг, барчасида қонун, шартнома, ҳуқуқий масъулият мавжуд.
Медиация эса низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш воситаси.
Туризмда ҳам, бизнесда ҳам, ҳатто оилавий муносабатларда ҳам низо чиқади ва уларни судгача етказмасдан ҳал қилиш жуда муҳим. Шунинг учун медиация ҳар қандай соҳада қўл келадиган универсал кўникма.
Интеллектуал мулк — бу замонавий ривожланишнинг муҳим қисми. Ҳозир қайси соҳани олманг, ғоя, бренд, дизайн, контент — ҳаммаси ҳимояга муҳтож. Туризмга келсак, мен уни алоҳида “соҳa” сифатида эмас, балки амалиётда кўп ҳуқуқий билим талаб қилинадиган хизмат соҳаси сифатида кўраман. Туризмда ҳам шартнома, лицензия, хавфсизлик қоидалари, мижоз манфаати — барчаси ҳуқуқ билан боғлиқ.
Қисқаси, бу йўналишлар мен учун турли кўринишда бўлса ҳам, уларнинг барчасида битта умумий нуқта бор: муаммони тўғри англаш, одамлар билан ишлай билиш ва ҳуқуқий ечим топиш.
— Бир неча халқаро журналларда чоп этилган турли соҳага оид илмий мақолалар муаллифисиз. Келинг шулар орасидан интеллектуал мулк соҳасида олиб бораётган тадқиқотингиз ҳақида гаплашсак...
— Интеллектуал мулк бўйича олиб бораётган тадқиқотим мен учун жуда қадрли, чунки бу соҳа бугунги замонавий иқтисодиётнинг энг муҳим қисмига айланган. Тадқиқотимнинг асосий мақсади янги ғоялар, брендлар, стартаплар ва рақамли маҳсулотларни қандай қилиб самарали ҳимоя қилиш мумкинлигини ўрганиш. Айниқса, Ўзбекистонда бу йўналиш эндигина жадал ривожланаётгани учун, халқаро тажрибаларни ўрганиб, уларни миллий амалиётга мослаштириш менга қизиқ.
Мақолаларимда интеллектуал мулкнинг фақат ҳуқуқий эмас, балки иқтисодий аҳамиятини ҳам тадқиқ қилганман. Чунки ҳозирги кунда ғоя — энг қиммат капитал. Стартаплардан тортиб, туризм, санъат, бизнесгача ҳамма жойда интеллектуал мулк ишга тушади. Шунинг учун изланишларимда “ғояни тўғри ҳимоя қилиш қандай қилиб иқтисодий ўсишга хизмат қилади?” деган савол марказда туради.
Қисқаси, мен ушбу тадқиқотлар орқали биздаги ҳуқуқий тизимга замонавий ёндашувларни олиб киришни, ёш мутахассислар ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар очишни мақсад қилганман.
— Сиз Ёшлар иттифоқи аъзоси бўлгансиз, шу билан бирга Model United Nations (MUN) нинг таъсисчиларидан бирисиз, яъни волонтёрлик ҳам қилгансиз. Oratory Clubда нафақат фаол, балки “We Are With You” хайрия лойиҳасида иштирок этгансиз. Бу каби турли ижтимоий ва маданий фаолликлар ҳаётингизга қандай таъсир кўрсатди ва бундай тажрибалар инсонга қандай қобилиятлар, имкониятлар беради?
— Бу каби ижтимоий ва маданий фаолликларнинг ҳаётимга энг катта таъсири шу бўлдики, одамлар билан ишлашни, уларни тушунишни ва турли вазиятларда ўзимни тўғри тутишни ўргандим. Ҳар бир лойиҳа янги муҳит, янги масъулият бергани учун, вақт ўтиши билан очиқ фикрлаш, ташаббускорлик ва жамоада ишлаш кўникмалари кучайди. Шу тажрибалар воситасида мен омма олдида эркин гапиришни, вазиятни тез англаб ечим топишни, етакчилик қилишни ва суҳбатдош билан мулоқотни тўғри қуришни ўргандим.
Бундай фаолликлар инсонга жуда катта имкониятлар беради — мана шуларнинг энг асосийси ишонч ва тажрибадир. Чунки жамоатчилик ишларида иштирок этган одам ҳар доим фаол бўлади, янги танишлар орттиради, катта лойиҳаларда қатнашишдан қўрқмайди, ўзини ҳар қандай муҳитда эркин ҳис қилади. Шу фаолликлар характеримни шакллантирди, дунёқарашимни кенгайтирди ва билим билан бир қаторда амалиётда ҳам улкан тажриба берди. Қисқаси, бу тажрибалар менга ўзимга ишонч, масъулият ва янги эшиклар очган.
— Сиз ҳозир юрист ёрдамчиси бўлиб ишлаяпсиз. Мана шу иш фаолиятингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз, яъни келажак орзуларингиз...
— Ҳа, ҳозир мен Нью-Йоркдаги адвокатлик фирмаси — Law Office of Yuriy Prakhin да юрист ёрдамчиси сифатида ишлаяпман. Бу жойдаги иш тажрибаси катта мактаб бўлди десам, муболаға бўлмайди. Ҳар куни турли хил ҳуқуқий вазиятлар билан ишлайман: ҳужжатлар тайёрлайман, мижозлар билан мулоқот қиламан, суд жараёнларини кузатаман. Энг қизиғи — ҳар бир ҳодиса ортида реал инсоннинг дарди, муаммоси ва умиди туради. Бу иш менга назарий билимни ҳақиқий амалиётга айлантириш имконини берди.
Келажак орзуларимга келсам, ўзим учун бир нечта аниқ мақсад қўйганман. Биринчиси АҚШда адвокатлик лицензиясини олиш. Бу мен учун нафақат касбий ўсиш, балки ўзимга қўйган шахсий ваъдам ҳамдир. Иккинчи мақсад ўз юртимнинг ҳуқуқий тизимига халқаро тажрибани олиб кириш. Айниқса тижорат ҳуқуқи ва интеллектуал мулк йўналишларида замонавий ёндашувларни амалиётга татбиқ қилишни истайман.
Учинчи орзум, келажакда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳуқуқий, инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш. Шу билан бирга, ёш юристлар учун менторлик қилиш, уларга хорижда ўқиш ва ишлаш имкониятларини таништиришни ҳам режалаштирганман.
— Тенгдошларингизни руҳлантирадиган, мотивация берадиган тилакларингизни айтинг....
— Тенгдошларимга битта нарсани айтаман: ҳеч қачон орзу қилишдан қўрқманг, чунки катта орзулар одамни катта ҳаракатларга ундайди. Ҳар кимнинг ҳаётида қийналган кунлар ҳам, чарчаган пайтлар ҳам бўлади — бу табиий. Энг муҳими, тўхтаб қолмаслик.
Ҳар куни оз-оздан ҳаракат қилинг. Бугун бир саҳифа ўқинг, эртага бир нарса ўрганинг, вақт ўтиб, ўзингиздаги ўзгаришни сезмай ҳам қоласиз. Кичик қадамлар катта натижаларга олиб келади.
Шуни ҳам айтиб қўймоқчиман: ўзингизни бошқалар билан солиштирманг. Ҳар кимнинг йўли ўзича. Кимдир тез юради, кимдир секин, лекин энг асосийси, ўз йўлингизда давом этиш.
Хатолардан қўрқманг. Мен ҳам жуда кўп хато қилганман, лекин айнан шу хато ва қийналишлар менга куч берган.
Шуни ишонч билан айтаман: ҳар бир ёшнинг қўлидан катта ишлар келади. Фақат орзу қилишдан қўрқмаслик, ҳаракатдан тўхтамаслик ва ўзингизга ишониш керак. Қолганини ҳаётнинг ўзи тўғри йўлга солади.
Суҳбатни Барно Султонова тайёрлади


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter