Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Беҳзод Қобулов

Олам уфққа бориб тамом бўлади. Одам умидини йўқотиб тамом бўлади (Тоғай Мурод).

Ўқитувчи! Бўл тайёр — доим тайёр!

Ўқитувчи! Бўл тайёр — доим тайёр!

Фото: «Google.com»

Қисқача айтиб бўлмайдиган гаплар...

Мен ўқитувчининг фарзандиман ва бундан ҳамиша ғурурланганман. Айниқса, беш-олти сана муқаддам оиламизда катта йўқотиш бўлган, жигаримизни тупроққа бериб, эзилиб турган пайтимизда чамаси йигирма беш-ўттиз нафар бола, – кейин билсам, онамнинг ўқувчилари экан, – бошига чуст дўппи, қора рўмол ташлаб, ғамгусор алпозда онамнинг атрофида гирдикапалак бўлиб, унга қўшилиб йиғлаганида, ҳали гўдак иси кетмаган шуури ила мусибатни ҳис қилиб, «Биз ҳам сизга фарзандмиз, онажон» деганида ўқитувчилик касбининг, устозлик мақомининг икки дунёга етгулик саодатини ҳис қилганман. Ўшандан буён асосий касбим – журналистлик баробарида ўқитувчилик билан мунтазам шуғулланиб келаман.

Ўйлаб қарасам, эс битиб, хотирам шакллангандан бери ўқитувчи, устоз феномени кўз ўнгимда бўлган экан. Ёшлик хотираларим ҳам шу касб атрофига қурилган: «Чопиқ маҳали туғилган кунимни далада нишонлардик», «Меҳнат-роҳат» лагерида гулхайри экилган йили мактабга борганман», «Отам «Запорожец»да мактаб боғидаги саримсоқпиёзни сотиш учун Новосибирскка кетганда қаттиқ зилзила бўлган эди», «Отам ўқувчиларни «Артек»ка оборган йили туғилганман...». Шунақа гаплар... Ҳаммаси мактаб, таълим билан боғлиқ. Кейинроқ магистратура, аспирантурада ўқидим. Шу тарзда яна устозлар, улуғ инсонлар атрофида юриб, бу касбнинг сир-синоатини тўлароқ билдим, кўрдим, ўргандим.

Афсуски, орада юракни маҳзун қиладиган хотиралар бор...

Шу кунларда бир куюнчак блогер дўстимизнинг ёзганларини ўқиб қолдим. Унда қайд этилишича, порталга ёзилган шикоят хати бўйича мактаб директори ва унинг ўринбосари аризачини – блогерни дараклаб келадилар. Шикоятда арз қилинган масалалар наридан-бери ҳал этилганига қарамай, ундан эътирози бор-йўқлиги юзасидан тилхат ёзиб беришни сўрайдилар. Тилхат-ку ёзилгандир, эътироз йўқлигини айтган шикоятгўй эса устозлари олдида дилгир вазиятга тушиб, изза бўлгандир. Бинобарин, шогирдбола ҳузурига устозларни йўллаганлар ҳам анойи эмас – «Натижасидан қониқдим, ижобий ҳал этилди» тарзида дилсўз ёздиришга бундан-да маъқул вариант топилмайди, ахир биз, ўзбеклар, устознинг гапини сира икки қилмаганмиз. Шу блогпост сабаб бўлди-ю, баъзи хотираларни қайта элакдан ўтказдим...

Жуда қадим бўлмаган даврларда, ўша – гугуртнинг нархи бир тийин бўлган пайтларда шунақа гап бор эди: «Бўл тайёр!». Жавоби ҳам қисқагина: «Доим тайёр!». Агар бугун кимдир «Ўша кашшофлар анъанасини давом эттираётган қавм ҳозир ҳам борми?» деб сўраса, иккиланмай «Бор, ўқитувчилар» деган бўлардим.

Заҳматкаш армия бўлган бу қавм бажармаган иш қолмади ҳисоб. Бир адибимизнинг жумлаларини андак ўзгартиш билан қўллаб айтганда, бугун маориф соҳасида маорифдан бошқа ҳамма нарса жавлон урмоқда. Шаҳарнинг марказий кўчаларига гул экиш, пахтакорлик, гўнг ташиш, ариқ чопиш, металлом тўплаш, коммунал тўловлар йиғими, катта кампаниялар вақтида аҳолини рўйхатга олиш, ана энди порталга ёзилган шикоятларнинг муаллифи билан суҳбатлашиш ҳам уларнинг гарданига юкланибди... Ёлғонми? Бу гапинг ёлғон дейдиганлар тушини сувга айтсин. Булар сизу бизнинг кўз ўнгимизда кечаётган воқеликлар, реал манзара. Манзараки...

Биринчи манзара. 2010 йил. Эрта баҳор. Устозим – таниқли олим, ЎзФА академиги, Ўзбекистонда маданият назарияси ва тарихи илмий мактаби асосчиси Саид Шермуҳаммедовнинг 80 йиллик юбилейи арафаси. Ўшанда камина Фанлар академиясининг эндиликда номи тарихдагина қолган Иброҳим Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти аспиранти эди. Таомилга кўра, бундай тадбирлар арафасида юбиляр ҳақида мақолалар тўплами чоп этилади. Хуллас, Саид Шермуҳаммедов билан турли йилларда бирга ишлаган дўсту ёрлардан, маданият ва санъат арбобларидан, шогирдлардан мақолалар йиғилди. Бу иш билан шуғулланиш менинг чекимга тушди. Мақолалар тўплами тайёрланаётгани ҳақида идораларга, таълим муассасаларига ахборот тарқатдик. Шундай кунларнинг бирида «Театр» журналидан телефон қилиб, бир мақола борлигини, олиб кетишимни айтишди. Кейин билсам, ўша пайтда журналнинг бош муҳаррири атоқли ёзувчи Ўткир Ҳошимов экан. Боягидек эсимда: адиб ярашиқли нимтабассум билан салом-алик қилгач, мактаблар ҳақида сўзлай кетди. Ҳаммасини сўзма-сўз эслай олмайман, аммо «Бу кунларда таълимдан файз қочган, бўтам» деган маънода эди. Хайрлашиб чиқарканман, Ўткир Ҳошимовнинг устозим ҳақидаги мақоласини сокинроқ бир жойда секин ўқий бошладим. Гап совет даврида бўлган бир воқеа, ўқитувчининг ўша пайтдаги аҳволи ҳақида эди. Ўқий бошладим. Мақоладан иқтибос:

«Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари боши эди. Қаерга борманг, «Пахта — ўзбек халқининг ифтихори!» деган шиорга кўзингиз тушади. Албатта, пахта – файзли экин, қимматбаҳо хомашё. Ўзбек халқининг миллий бойлиги. Бироқ нариги шиордан келиб чиқиладиган бўлса, карам — рус халқининг, картошка — беларуснинг, чорва — қозоқ биродарлиримизнинг «миллий ифтихори» деган маъно чиқадими? Одатда миллий ифтихор деб ўша миллатнинг хотирасида ўчмас из қолдирган буюк шахси, шонли тарихи, борингки, она тили ёки умумбашарий удумни аташ мумкин. Ишлаб чиқариш маҳсулотини миллий ифтихор дейиш ғалати...

Майли, гап фақат бунда ҳам эмас. Бундай шиорлар билан пахта яккаҳокимлиги авж олиб, Орол денгизининг ўлимига бир баҳя қолди. Олисдаги пойтахт қутқуси билан пахта режалари ошириб борила-борила охири «пахта иши», «ўзбек иши» деган қатағон бошланди.

Шундай қилиб, ўша йиллари бир вилоятга борганимда тўйга таклиф қилишди. Мактаб ўқитувчиси ўғлини уйлантираётган экан. Табиийки, ўқитувчининг тўйига муаллимлар йиғилади. Тўй айни қизиганда туман «катта»ларидан бири — ижроқўм раиси сўзга чиқди. Даврада ўтирган мактаб директорини кўриб қолиб, дашном берди:

– Иби, домулло! Сизам шу ердамисиз? Кеча чопиққа нега бачаларни кам олиб чиқдингиз?

Ростини айтсам, жоним ҳиқилдоғимга келгандек бўлди. Ижроқўм тугул авлиё бўлганида ҳам катта бир даврада мўътабар инсон — мактаб директорини мулзам қилишга нима ҳаққи бор бу чаласаводнинг! Тўйда ўтирганларнинг ярмидан кўпи шу муаллимнинг шогирдлари-ку! Туман раҳбари шундай деб турганидан кейин ўқитувчиниинг обрўси нима бўлади? Қолаверса, ёшларга билим, тарбия берадиган илм маскани — мактабнинг обрўси нима бўлади?!

Эртадан бошлаб бу масалани алоҳида ўрганишга аҳд қилдим. Билсам, туман раҳбари уёқда турсин, оддий бригада бошлиғи ҳам ўқитувчини камситиш, «ўзбек халқининг миллий ифтихори» — пахта юмушига мактаб ўқитувчисини ҳам, ўқувчиларини ҳам (ҳатто гўдак болаларгача) истаган пайтда жалб қилишга ҳақли экан. Мана шу дардли далиллар таъсирида «Қалбнинг оппоқ дафтари» деган мақола ёзилди. Мақолани ўша пайтдаги «Ўқитувчилар газетаси»га тақдим этдим. Орадан анчагина фурсат ўтгач, таҳририятдагилар гарчанд унда жўяли мулоҳазалар айтилган бўлса-да, бу анчайин қалтис масала эканини, босишнинг иложи йўқлигини айтишди. Мақола бир ҳафтадан кейин «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилинди. Эртасигаёқ «Ўқитувчилар газетаси»дан мақолани бериб туришни, уни русчага таржима қилиш ҳақида топшириқ бўлганини айтишди. «Адабиёт газетасидан олиб таржима қилаверишсин» деб қўяқолдим. Қизиғи шундаки, мақола бир ҳафтадан кейин «Ўқитувчилар газетаси»да ҳам, «Учитель Узбекистана»да ҳам босилди ва мени Маориф вазирлигига таклиф қилишди. Вазир Саид Шермуҳаммедов таниқли олим, адабиётни теран тушунадиган, ҳурмат қиладиган киши эканини эшитгандим. Саид аканинг ҳузурида анча фурсат суҳбатлашдик. Мақолада айтилган ва баъзи айтилмай қолган муаммолар ҳақида фикрлашдик. Жумладан, «юз фоиз ўзлаштириш» деган талаб мантиққа сиғмаслиги, бундай қилиш ўқитувчининг оёқ-қўлини боғлаб, ўқувчининг олдида унинг обрўсини тўкиши, шу билан бирга айрим муаллимларнинг ўзи ҳам фанни яхши билмаслиги, ҳатто қайси ўқувчининг ота-онасидан кўпроқ наф тегса, ўшанга «кўтариброқ» баҳо қўядиганлари ҳам борлиги ва шунга ўхшаш оғриқли масалаларни очиқчасига гаплашдик.

Орадан кўп ўтмай мақола юзасидан Маориф вазирлигининг махсус қарори чиқди. Бу — чинакам маънодаги жиддий ҳужжат эди. Унда ўқитиш савиясини кескин кўтариш, педагоглар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жойларда, айниқса қишлоқларда ўқитувчининг обрўсини тўкишга олиб келадиган ҳолатларга чек қўйиш масалалари кўтарилган эди. Вазирлик қарори барча мактаблар, педагогика институтлари, билим юртлари, барча вилоят, шаҳар, туман маориф бўлимлари, малака ошириш институтларида кенг муҳокама қилинди ва зарур чоралар кўрилди». Иқтибос тамом.

Тушунтириш ўрнида айтишим жоизки, пахта сиёсий масалага айланган у пайтлар ҳақида устозим билан кўп гаплашганман. Домланинг таъкидича, ўқитувчиларни пахта теримидан сақлашнинг имкони бўлмаган. Бунга ҳатто Рашидовнинг ҳам журъати етмаган. «Бир сафар, – деб сўзлаб берганди устозим Саид Шермуҳаммедов, – Шароф Рашидовичнинг кабинетига иш билан кирсам хурсанд кайфиятда турган экан. Маълум бўлишича, пахтанинг харид нархини оширишга эришибди. Қанчага ошгани билан қизиқдим. 2 тийинга ошган экан. Шунда ахир бу жуда кам-ку деб ажабланганимда Шароф Рашидович менга қаттиқ танбеҳ берган, «сиз бу суммани миллионларга кўпайтиринг, ҳисобланг, ўшанда биласиз. Биз бунга жуда катта машаққат билан эришдик» деган эди». Хуллас, ўшанда ЎзССР раҳбарияти ўқитувчининг шаъни учун, дала ишларига жалб қилинган вақтидаги таъминоти учун, заифгина имконияти, журъати доирасида қаттиқ курашган. Қисқаси, пахта теришга борган ҳашарчи ётоқ-жой, озиқ-овқат, сут-қатиқ ҳақида умуман ўйламаган. Ёнидан пул сарфлаб озиқ-овқат уюштириш кабилар бўлмаган. Ҳашарми-ҳашар, бошқасини ўйлама дегандек...

Иккинчи манзара. Ўша даврда мактаблардаги аҳвол билан ҳам танишдик. Хўш, университет, умуман, олий таълим, илмий текшириш институтларида вазият қандай эди? Бу ҳақда қуйида келтирилмиш парчада етарлича тафсилотлар бор. Марҳамат:

«...Яна куз келди. Чаман-чаман очилган пахталарни қувнаб тергали минг-минглаб шаҳар аҳли сафарбар этилди. Жамики улов далага жўнатилди. Фақат трамвайни жўнатмоқнинг иложи бўлмади. Рўзномалар саҳифасида андоқ сўзбўронлар бошланиб, кўз очирмай қўйди, саксон яшар момонинг этак тутгани ҳам, тўқсон яшар бобонинг ҳиммат камарини белига боғлагани ҳам, беш яшар гўдакнинг ғўзага бўйи етмаса-да, умумхалқ ҳашарига отлангани ҳам, уч кунлик келинчакнинг оқ саҳарни пайкал оғушида қаршилагани ҳам... ҳеч нарса қолмади. Ҳаммамиз учун ҳурматли зотлар эса «ойнаи жаҳон»дан боқиб, «миллион эгатларга сочилган» умумқўшинга амр қилар эдиларки, сўнгги мисқолигача! Жон бериб, қон бериб, шараф-шон бериб бўлса-да!..

Ялпи хуруж бошланган куни мен бир ҳафта муқаддам Назарбекдан – ойлик янтоқ ўримидан қайтиб энди ишга чиққан эдим. Менга бундоқ ҳайроналик билан боқманг, мавлоно Гулханий: гарчи биз илмий-тадқиқот муассасаси деб аталмиш даргоҳда ишласак-да, чопиққа чиқамиз, ягана қиламиз, пиёз ўтаймиз, пичану янтоқ ўрамиз, патинжондан тортиб пахтагача терамиз ва бир мисқолини ҳам қолдирмасдан ҳукуматга тўплаб берамиз. Сўнгра агар шу ишлардан озгина фурсат орттиргудек бўлсак, илму урфон билан ҳам машғул бўламиз. Алқисса, оёғимни қўлимга олиб фаранг-румо бўлимига қараб чопдим. Ҳовлиқиб етиб борсам, афсуски, ватанпарварлик ташаббусига биринчи бўлиб қўшилган фаранг-румолар чидаб туролмай ҳафта бурун жўнаб кетган эканлар. Бўшашиб идорага қайтдим. Роҳиба чақиртирган эканлар, ҳузурларига кириб, эрта тонгда Арнасойда бўлишим кераклигидан хабар топдим. Назарбекдан келган қопим ҳали оғзи ечилмай турган эди, орқалаб жўнадим. Бениҳоя хурсанд эдим: Арнасой билан Дўстликнинг ораси қочиб кетган эмасдир ахир!

Очиғини айтсам, пахта теримига илк марта бунингдек қувонч билан отланмоқда эдим. Мен туғилиб-ўсган юртларда у пайтлар ғўза битмасди, шу боис ёшлик чоғларимиздан кунботардаги узоқ-узоқ далаларда ётиб терардик. Бешинчи синфда ўқиб юрган кезларимда Кўкоролга борганимни хотирлайман. Об-ҳаво одатдагидек ноқулай келиб, мавсум ўша йили ҳам аччиқичакдек чўзилган, биз учун нақ етмиш икки кун давом этган эди. Париж коммунасининг умрича. Биз ҳам коммунарлар каби сабот-матонат кўрсатган эдик.

Энди баъзан ўйлаб, ўн икки яшар боланинг қўлидан нимаям келарди деб шубҳага бораман. Мозийда-ку мисоллар кўп: Бобур ўн икки ёшида Андижон тахтига ўтирган. Моцарт, дейлик, симфония ёзган, лекин энг буюк даҳо ҳам ўн икки яшарида Кўкорол чўлларида етмиш икки кун пахта теролган эмас – тарихни варақ-варак ахтариб ҳам бу янглиғ ҳодисани ҳеч қайси солномадан тополмайсиз.

Кўк ёмғири устимизга томади, кўзёшимиз – ерга, ер лой бўлади – аҳволимиз вой, пайтава қурийди – шўримиз ҳам, қуёш мўлтирайди – биз ҳам мўлтираймиз, макарон шўрва қайнайди – жиғилдон қайнайди, маймунлар йиғлайди – биз йиғламаймиз. Куни бўйи қўшиқ айтиб пахта терамиз, хуфтонда этигимизни судраб ётоққа қайтамиз, бир қошиқ обиёвғон ютмасимиздан уй эгаси – Мамат деган баджаҳл турк эшикни очиб мўралайди: апил-тапил кийиниб жўнаймиз. Туркнинг ўн чақирим нарида томорқаси бор, поёни йўқ, томорқасида ерёнғоқ бор, қазиб олгани вақт йўқ, бироқ уйида ҳашарчи бор, ҳашарчининг тили йўқ, бироқ дили бор, дилида журъати йўқ, аммо алами бор, ойнинг иссиғи йўқ, ёлғиз шуъласи бор, ишсеварга туну куннинг фарқи йўқ, иш бор, иш бор, фақат иш бор!

Орамизда Турсун деган бола бўларди. Энг нимжонимиз шу эди. Бир йил аввал отаси ўлган, доим бурнини тортиб юрарди. Мавлуда деган опачаси мактабда супуриқчи, пахтага ошпаз бўлиб келган эди. Кечқурун овқат сузилган пайти биз бўриваччалардек бечора Турсунни ўртага олиб талар эдикки, Малув апачанг сенга карчикани кўп солибди, мана, меникидан икки макарон ортиқча, гўштинг ҳам кўпга ўхшайди-ку, аблаҳ?! Ниҳоят, Турсун шўрликнинг емишини заҳар-заққум қилиб, кўнглимиз таскин топар – хусуримиз қонгандек бўлар эди.

Меҳнат ҳайвонни одамга айлантирганидек, баъзан одамни ҳам ҳайвонга айлантириши ҳеч гап эмаслигига ана шунда имон келтираман, мавлоно Гулханий.

Бир саҳар уйғониб кўзимизни очсак, бояқиш Турсун кулала бўлиб, тиришганча инграб ётибди. Яқинига бориб бўлмайди – бад бўй димоқни ёраман дейди. Кулманглар деб йиғлайди бечора, кулманглар, оғайнилар, ўрнимдан туролмай қолдим, вой, қорним, ўлиб қоламан, Малувни чақириб беринглар, жон оғайнилар!..

Биз эса қорнимизни ушлаб қотиб-қотиб кулардикки, ана шундоқ бўлади, нафси ёмон ҳайитда ўлар дейдилар, киннамиз кириб, тешиб чиқибди-ку ахир!

Оёғимиз олти бўлиб кўчага югурдик – бошқалардан суюнчи олгани. Радиодан айтса ҳам шунчалик тез тарқамас: «Бешинчи «б» Турсун бор-ку, ўша иштонига...»

Минг лаънат! Минг карра лаънат, мавлоно Гулханий! Энди жирканаман ўзимдан – ўша пайтда Турсун бояқишдан жирканганим учун! Ўшанда бошқаларга қўшилиб суюнчига югурганим учун! Бир маҳал шўрлик Малув келди, йиғлаб-йиғлаб жигарини покиза қилди, кимларнидир қарғади, отасини йўқлаб яна кўзёш тўкди, биз эса ташқарида, туркнинг айвончасида ҳамон ҳиринглашиб турардик.

Салдан кейин муаллимдан директор келди, «тез ёрдам», дўхтирлар келди, лекин улардан аввал қазо элчиси аллақачонлар келиб Турсун бечоранинг қисматини ҳал қилган экан-ку, ҳеч кимса буни сезмаган экан.

Турсунни касалхонага олиб кетишди.

Кейин биз уни қайтиб кўрмадик.

Фақат бир ойдан сўнг, мактабда ўқиш бошланган куннинг эртасига ўқитувчимиз Эсон ака бизни Турсуннинг уйига олиб борди.

Эшикни кўк кийган Малув очди...

Шу-шу, Кўкоролни ёмон кўриб қолдим. Дорилфунунда биз билан бениҳоя хушфеъл, одобли, жажмондек бир қиз ўқирди. Исми Барно эди, мен оламда исми жисмига бунчалар мос тушган одамни жуда кам кўрганман. Йигитларнинг бари унга ошиқ, қизларнинг жами унга маҳлиё эди-ю, ёлғиз менгина уни ёқтирмасдим: Барно Кўкоролдан эди. Кўкорол раҳматли Турсунни ёдимга соларди, Турсуннинг хотираси эса менга ўзимни, ўзимнинг ўша пайтдаги жирканч қиёфамни эслатарди». Иқтибос тамом. Манба: Хайриддин Султоннинг «Кўнгил озодадир» номли қиссаси.

Ҳа, бу тарихчининг ўлик сўзлари эмас, жараённи бошидан ўткарган адибнинг тирик сўзлари, ўша давр манзарасига чизгилари. Ҳар ҳолда мен мамлакатда ялпи вазият тахминан шундай бўлганига ишонаман – бошидан кечирмаган одам бунчалар аниқ ва таъсирли ёза олмайди.

Учинчи манзара. 2013 йил. Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳри. 34-ўрта мактаб. Қандайдир оилавий сабабга кўра битирувчи синф ўқувчиларидан бири ўзини осиб қўяди. Бошланди тўполон!.. Директор, маҳалла раиси, синф раҳбари, ҳамма саросимада. Улар босим остида қолган, майит кўмган хонадон аҳлидан-да чуқурроқ қайғуга чўмиб ўлтирган палла. Тасодифан гувоҳи бўлиб қолганим бу воқеадан хулоса шуки, дағдағалар билан текширувга келган тафтишчи ҳужжат ишлари-ю, бошқасидан айб тополмагач, мактаб кутубхонасидан калаванинг учини қидирди. Мирмуҳсиннинг совет даврида чоп этилган китобини топиб олиб, унга ёзилган сўзбошими-сўнгсўзми, ишқилиб қаеридандир Маркс, Ленин каби номларни топиб олади-да, мудҳиш қиёфада мажлис ўтказиб, китобни ўқитувчиларнинг юзига отади. Жамоани сиёсий саводсизликда ва калтафаҳмликда айблайди. Хуллас, маънавиятчи (муовин) билан кутубхоначи биргалашиб 50 минг эвазига комиссияни «тинчитишди». Элликтанинг орқасидан Маркс ва Ленин унут бўлди, «Ўрага сичқон тушди, гулдургуп...». Кутубхонадан Мирмуҳсин, унинг «Хўжанд қалъаси» ҳам гум бўлди, қайтиб кўрмадим...

Дарвоқе, мактаб психологи, маънавиятчи (номи узундан-узун ММИБ ўринбосарнинг халқона аталиши ушмундоқ турур) биргаликда ўқувчилардан... ўзини ўзи ўлдирмаслик ҳақида тилхат олишди!.. Бир бошидан, ҳаммадан, «Менким, фалончи қизи фалончи, ўзимни ўзим ўлдирмасликка ваъда бераман, ҳар қандай шароитда ҳам дардимни мактаб психологига айтаман, ўлай агар» дегандек...   

Тўртинчи манзара. 2013 йилнинг эрта баҳори. Яна Наманган. Ўша пайтдаги вилоят ҳокими Баҳодиржон Юсуповнинг «хайрли» ташаббуси билан ўқитувчилар бир қоп гўнг олиб келиб, умумий хирмонга топшириши муқаддас бурч, ватанпарварлик намунаси тарзида уқтирилади. Ташаббусга ўқитувчилар бажонидил рози экани, қўллаб-қувватлаши ҳақида бошқарма бошлиғи ахборот беради. Хуллас, гўнгталош мавсум бошланди. Хўп ажаб даврлар эди-да. Мен бир камхарж тадқиқотчи, илм-фан соҳасида айни шу пайтда ўтказилган ислоҳотдан руҳим чўкиб, деярли тайёр номзодлик ишимни докторлик ишига айлантириш, яна ҳаммасини бошидан бошлаш азобини ўйлаб, умидсизликка тушиб турган пайтим... Охири бошим гангиб, неча ой-кун деганда падару модаримни соғиниб, бир чеккаси дардлашиш учун қишлоққа борганимда дастлаб «Мирмуҳсин воқеаси», эртасига эса «Гўнг ташиш» акциясининг устидан чиқиб, тилимни тишладим... Ўқитувчилар эрталаб мактабга елкасида бир қоп гўнг кўтариб келар, ўқувчилар ҳам кучи етганча гўнгни орқалаб умумхирмонга тўкар, сўнгра сабоқлар бошланарди. Бир қарич болаларга гўнг искаттирган вилоятнинг ўша собиқ раҳбарини жуда ёмон кўриб кетганман. Ўзининг фарзандлари, набираси ҳам ўша кунларда мактабига, коллежига гўнг ташиганмикин деган хос саволим бор. Насиб бўлса, бир кун учрашсак, буни ўзларидан ҳам сўрайман...

Бешинчи манзара. Куз ойлари эди. Тахминан, шу... 2014 йил бўлса керак. Чортоққа боргим кепқолди. Отамга телефон қилиб, йўлга чиққанимни, фалон вақтларда етишимни айтиб қўйдим. Отам билан вилоят марказида кўришадиган бўлдик. Хуллас, кўришдик. «Жигули» машинамиз бор эди. Отам эндигина мактаб директори бўлиб иш бошлаган, ёнида мактабнинг хўжалик ишлари масъули бирга экан. Машинада эса жой йўқ. Қандайдир шиша идишлар, схемалар, асбоб-анжомлар... Ғалати жиҳозлар. Қоронғи эди. Бир амаллаб жойлашдим. Машинанинг орқа ўриндиғи бу ғалати буюмлар билан тўла бўлганидан уларни четга суриб, ўлтиришга жой очдим. Нимадир, чамаси шиша идиш бўлса керак, пастга тушиб синди. Алланима эса чисир-чисир этиб овоз чиқарди-ю, гўё ушалиб кетгандек туюлди. Отам эса: «Қўявер, бўлар иш бўлди, нима бўлганини уйга чиққанда кўрамиз», — деди. Маълум бўлишича, ўша куни вилоят халқ таълими бошқармасидан мактабимизга кимё, физика хоналари учун керакли жиҳозлар ажратилган, мен қоқбош эса приборлар, колбалар, бошқа анжомлар орасинда, уларни пажақлаб-мажақлаб кетаётган эканман. Тафсилотнинг янада ажаби буки, машинамизнинг юкхонасида ҳар хил кимёвий моддалар, умуман, лаборатория шароити учун керакли нарсалар бор экан. Отамнинг айтишича, тўла таъмирдан чиққан, янгитдан қурилган мактаб учун энди, орадан бир йиллар ўтгач бу жиҳозлар аранг ажратилибди. Аниқроғи, иш битавермагач, омборхона бошлиғига «қўл ҳақи» узатилгач, буёғи жўнашиб кетибди. Отам хурсанд эди. Машҳур шеър ёдимга тушади: «Ижроқўм уй бермиш, кўзларингда ёш...».

Ўйлардимки, бунда нимадир ғалати. Аслида бу жараён бошқача бўлиши керак деган фикр кўнглимни кемирарди. Хуллас, кимё ва физика фани ўқитувчиларининг орзусидаги анжомларни ортмоқлаб, металломга айланиш арафасида турган машинамизда, чайқалиб-чайқалиб, шарақа-шуруқ билан қишлоқ йўлида кетарканмиз, бу ўйлар кўнглимга савол бўлиб маҳкам тугилди. Орадан икки ҳафталар чамаси вақт ўтгач, мен бу саволларим билан Халқ таълими вазирлиги биносида, бошқарма бошлиғи Абдураҳим Носиров ҳузурида овоз ёзгичларни созлаб ўлтирардим.

Абдураҳим Носиров дилкаш ва одамохун инсон экан. Тахминан бир соатдан мўлроқ суҳбатлашдик. Ўша пайтларда ҳамманинг оғзида бўлган чет тилларни ўқитишнинг янги даври бошлангани ҳақида кўп гаплар бўлди. Суҳбатдошим ўз соҳасининг билимдони экани кўриниб турарди. У киши инглиз тилининг аҳамияти, мактабларда уни ўқитишнинг мукаммал маханизми жорий этилаётгани ҳақида жўшиб гапирди. Тусмол қилинган, кутилган жавоблар эшитилди. Эътиборга арзийдиган гап шуки, инглиз тилини бошланғич синфларда чуқурлаштириб ўқитиш эвазига дастурда ўзгариш бўлган, унга кўра эндиликда «Одобнома» деган дарс соатлари қисқарибди. Зўрми? «Майли, болаларга одобномани кейинроқ, улар университетга кирганда ёки ақидапарастлар тузоғига тушган паллада мажбурлаб ўргатармиз. Ҳали вақт бор-ку...», — дедим юмшоққина қилиб. Абдураҳим ака бу қитмир луқмага жавоб бериб айтдиларки, «Одобнома» деган дарс тугатилгани билан унинг таркибидаги мавзулар йўл ҳаракати хавфсизлиги деган факультатив соатларга сингдирилган, хавотир олишга ҳожат йўқ...».

Алқисса, бу хавотирни кўнгилдан қувиб, мактабда одобнома соатлари жўшқин ўтаётганига ўзимни ишонтириб, аста мақсадга ўтаёздим – анжомлар масаласидан сўз очдим. «Бу жараён-чи, унинг келтириш, тарқатиш механизми нақадар мукаммал?» дегандек савол бердим. Абдураҳим аканинг айтишича, кимё ва физика хоналари учун керакли жиҳозлар асосан чет элдан харид қилинар экан. Вазирлик бу жараёнда маҳсулотга буюртма берар, давлат томонидан келтирилган маҳсулотларни қабул қилиб олар, кейин бу анжомларни бевосита мактабларга етказиб берадиган ташкилотни тендер асосида аниқлар, қолганини ўша ташкилот бажарар экан. Маҳсулотларнинг вилоят бошқармаларига етказилгунча бўлган қисми қатъий назоратда. Бинобарин, ташувчи корхона ҳам вилоятларга, халқ таълими бошқармаси томонидан кўрсатилган омборларга юкни етказиш жараёнига қадаргина шартнома тузган экан. Қолган иш эса вилоят халқ таълими бошқармаси ихтиёрида бўлиб, ҳолат юзасидан улар чора кўриши, буюмларни таълим муассасасига бекаму кўст, талофатсиз етказишни йўлга қўйиши керак экан. Тушунишимча, жараён мана шу босқичдан эътиборан раҳбарларнинг, масъулларнинг ижро назоратидан чиқади. Гўё ҳамма ўз ишини бажариб бўлди. Миссия бажарилди. Аммо пировард мақсад, энг асосийси ҳали олдинда эди-ку! Буюмлар қачон ва қай тарзда мактабга етиб боради? Буёғи омбор мудирининг кайфияти-ю мактаб директорининг ҳафсаласига боғлиқ. Абдураҳим ака бу масала билан шуғулланишга, ўрганиб кўриб, барча вилоятлар бўйича аниқ далиллар билан ёзма жавоб беришга ваъда берган эди. Яшириб нима қилдим, мен ҳануз шу ваъданинг ижросини кутаман.

Бу масалада қатъий фикр шуки, қанча валюта сарфлаб, харажатлар қилиб келтирилган тансиқ жиҳозларнинг тарқатилиш механизми мукаммал эмас. Вилоятлардаги таълим бошқармасининг сиёсати тахминан бундоқ турур: «Марҳамат, жиҳозлар кимга керак бўлса, келиб олиб кетаверсин. Буларни етказиш учун бизда маблағ йўқ. Бу харажат бюджет режасида йўқ. Шундай экан, мактаблар раҳбарига айтилсин, келиб тегишини олиб кетсин». Шунақа гаплар. Қолгани билан бировнинг иши йўқ. Муҳими, униси «топширдим» деган имзога эга чиқади, буниси эса «олдим» деб тасдиқ этади. Бу қайдлар вароғи Тошкентга, вазирликка юборилади, ахборот берилади, етказдик, бўлди, ҳаммаси жойида дегандек... «Қаерга етказдинг, қандай етказдинг?» дейдиган одам йўқ...

Олтинчи манзара. 2015 йил. Баҳор ойлари. Анъанага кўра Халқ таълими вазирлиги янги ўқув йили олдидан, синов-тажриба тариқасида қўлланган инглиз тили, умуман, чет тиллар дарсликлари, жараённинг боришига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди. Масаланинг моҳияти бундайки, синов тариқасида таянч мактабларида ўқитилган 4-синф дарслиги нақадар мукаммал, методикада ноқислик йўқми, келаси йили сентябрда оммавий равишда, барча мактабларда ўқитиладиган бу дарсликларнинг синов жараёни нечоғли самарали бўлди қабилидаги гап-сўзлар муҳокама мавзуси... Мажлис олдидан барча журналистлар ўша таянч мактабларга боришди, дарс жараёни, дарсликлар, мультимедиа воситалари билан танишишди. Хуллас, ажойиб манзара. Ўқитиш тизими нақ Европа, жуда зўр. Бола учун иккита дарслик, ота-она учун алоҳида дарслик (бу қўлланманинг зарурати шундаки, ота-она боласининг ўқишини нафақат назорат қилади, балки ўзига ажратилган китоб орқали кўмаклашади ҳам), ўқитувчи учун алоҳида қўлланма, бундан ташқари, бир қанча мультимедиали иловалар, ўйинлар, кўргазмали қуроллар... Ҳавасингиз келади. Мажлисни шахсан вазирнинг ўзи олиб борди. Қизиқарли, жонли мулоқот тарзида ўтган суҳбат давомида мен бир савол бердим: «Ҳаммаси яхши, зўр. 2012 йилги ўқув йилидан бошлаб, инглиз тилини болаларга янги метод асосида ўқитаяпсизлар. Раҳмат. Лекин чет тилларни ўқитишнинг самарадорлигини ошириш бўйича Президент топшириғини, яъни қарорни боя яна қайта ўқиб чиқдим. Бу қарорда чет тилларни ўқитиш кучайтирилиши эвазига бошқа тиллар, айтайлик, шу, ўзимизнинг жайдари она тилимизга эътибор сусайтирилсин дегандек гап йўқ экан. Қизиқ, чет тилларни ўқитаман деб шундай самарали, серхаражат тизим яратибсизлар. Бу ишни ўзбек тилини ўқитишга тўла ҳолатда жорий қилса бўлмайдими? Ҳозирги кунда саводсизлик катта муаммога айланиб бораётганини кўриб турибмиз-ку! Мана, тўрт йилдан бери инглиз, немис, француз тилига айрича эътибор, айрича дарслигу қўлланма. Ўзбек тилини унутиб қўймадикми?». Саволимга Халқ таълими вазири У.Иноятов жавоб берди. Аммо жавобдан ҳеч нимани уқмадим. Аниқ бир гап йўқ. Кейинроқ яна бир ҳамкасабамиз рус тилини ўқитишга ҳам айнан чет тиллар даражасида эътибор қилинса яхши бўларди дегандек савол берди. Ҳақли савол. Рус тили биз учун истасак-истамасак яқин 50-100 йил давомида таъсир кучига, аҳамиятга эга бўлиб қолаверади. Кечаги кунимиз, тарихимиз, илмий мактаблар русча манбаларда бўлса, қандай қилиб ундан қисқа даврда воз кеча оламиз? Бу саволга ҳам етарлича жавоб бўлмади. Чунки бу ҳақда топшириқ бўлмаган. Топшириқ фақат чет тилларга... Афсуски, Халқ таълими вазирлиги чет тилларни – инглиз, немис, француз тилларини ўқитишга доир мукаммал тизим ишлаб чиқади-ю, бунда бугунги кунимиз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган ўзбек, рус тиллари эски услубда ўқитилишда давом этади.

Еттинчи манзара. Тошкент вилояти. Янгийўл тумани. 68-умумтаълим мактаби. 2017 йил 21 март. Шу мактабда маънавият ва маърифат ишларига масъул бўлган бекамиз андоғ шумхабар айдиларки, «Навбатчилик важҳидан бу кун уйга бора олмасмен, тушунинг энди, эржон...». Аввалига бу хабарга хотиржам қарадим. Байрам куни, навбатчилик ташкил қилинади, бу ҳамма жойда бор таомил. Лекин худди ана шу «ҳамма жойда мавжуд туну кун навбатчилик» масаласи ғалати туюла бошлади. Ахир мактабу боғчаларда, барча масканларда маош олиб ишлаётган инсон – қоровул бор-ку! Унда нимага керак бу машмаша? Қачондан бери бунақа одат пайдо қилдик? Модомики, қоровулга ишонмас эканмиз, ҳар байрамда унга ёрдамчилар ажратилар экан, у ҳолда бу штат бирлигини сақлаб ўлтиришдан не наф? Биратўла ҳар куни навбатчилик ташкил қилиниб, бинони ўқитувчиларнинг ўзи қўриқлаб қўяқолса бўлади-ку! Ана фойда-ю мана фойда! Ўйлаб кўринглар, ўртоқлар!..

Кеч соат 21:00 атрофида мактабга бориб, аёлимни, унга пойлоқчи бўлиб кетган биринчи синф ўқувчиси бўлган ўғлимни олдимга солиб, уйга қайтардим. Мактабда свет ўчган, совуқ, бечора ўғлим совуқда қалтираб турарди. Қоровул-ку ўз хонасида, кунда-шундалигиданми, ҳайтовур иссиқ-совуғини эплаб олган. Аммо навбатчи дегичга ҳеч шароит йўқ экан. Стулда ўтириб, катта, муздек хонада тонг оттирар экан. Тизимдаги ноқисликлар дастидан ота-онам, кейинроқ биз – эр-хотин куйган, чучмал топшириқлар дастидан тишни-тишга босиб сабр қилаётган эдик, аммо мурғак фарзандим ҳам шунинг касрига қолгани ғазабимни тоширарди. Бу аҳвол авлодлар умрида ҳам у ёки бу даражада такрорланишини, қайтариқ бўлмаслигини азбаройи истаётганим учун ҳам борини, ўзи ҳолича ёзаётибман...

Гап шу ҳақда кетар экан, яна бир ажабтовур ҳолатни айтмасам бўлмас. Хуллас, республика бўйлаб қарийб барча мактабларда йил номига бахшида ўлароқ, ҳар якшанба куни «Ота-оналар билан мулоқот куни» деб эълон қилинибди. Чучмаллик шу қадарки, ўқитувчи қачон дам олади, ўзи дам оладими деган савол бировни ўйлантирмаяпти. Шундай босимлар, ларзалар остида қолган ўқитувчи кунлардан бир кун сабр косаси тўлиб, ўқувчидан бор аламини олса, одатий майин танбеҳ ўрнига асабий ҳолга тушиб, тазйиқ ўтказса ва бу ҳол дард устига чипқондек, видео тарзида интернетни портлатса... мен тўғри тушунаман. Барибир ички бир сезгим, тоза виждоним билан шу кунларда ўқитувчилик касбини тутганларга баракалла деган нидо келаверади қалбимдан...

* * *

Назарда тутишингизни истардимки, баъзи ўтган гапларни, мавзуга оид таассуротларни ҳикоя қилар эканман, атайлаб шахсий ҳаётимдан, аниқ кўрганларимдан мисол келтирдим. Қуруқ гап бўлиб қолмасин деган андиша шундай йўл тутишни тақозо қилди. Бошқа томондан олганда, аминманки, айтганларим шу юртда яшаётганлар учун у қадар янгилик ҳам эмас. Билган-кўрганларининг умумлашмаси, бошидан ўтганларининг қайтариғи бўлса эҳтимол. Ҳа, мен бошқа вилоятлардаги аҳвол билан таниш эмасман, пойтахтга келгич дўст-ёрлар билан суҳбатлардан аёни шуки, уларда ҳам вазият шу атрофида, сира бошқача эмас экан...

Умид ва ишонч шулки, буёғига устоз, ўқитувчи касби шараф ва шонларга бурканади. Дуч келган ташкилотнинг ҳашарчиси, захирадаги имкониятлари эмас, келажак бунёдкорлари тарзида эъзозланади. Акс ҳолда тарих, келажак олдида на деган кас бўлдик...

 

P.S: Бу битикларни роппа-роса бир йил аввал ёзган эдим. Қандайдир бошқа ишларга шўнғидим, бир тарафи жамоатчилик фикри ҳам жуда қисқа вақтда жуда муҳим туюлган бошқа мавзулар томон йўналгани ҳам шаштимни сўндирди шекилли. Бугун, орадан бир йилча вақт ўтиб, амин бўлаяпманки, тизимда айтарли ўзгариш йўқ. Ҳаммаси ўша-ўша... Истак буки, ўқитувчиларнинг ўзи келгусида катта ўзгаришларга, ҳақиқатталаблар яловбардорига айлана олса... Назаримда, уларни тийиқсиз ва қонунсиз хорликдан қутқара оладиган ягона куч бор холос – ўзига бўлган ишонч, нораво ишларга бўйсунмаслик. Бинобарин, ана шундай қила олган тақдирдагина улар устоз мақомига лойиқ, қобил саналади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг