Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Орамиздаги одамлар ҳақида ҳикоялар

Орамиздаги одамлар ҳақида ҳикоялар

фото: kartinki.pics

Қўрқув     

Бешинчи қаватдаги хонада ўтирган аёлга қўлёзмани узатдим. Шу чоқ дераза шақиллай бошлади.

– Зилзила! – қўрқиб кетдим мен. − Чиқиш керак!

– Ўтиб кетади, − деди аёл. − Ҳовлиқманг. Ўзингизни босинг.

У мени қўрқоқ деб ўйлаяпти чоғи! Жойимдан жилмадим, аммо силкиниш тўхтамагач, эшикка отилдим.

Бир соатдан сўнг тепага чиқдим.

– Сиз доно экансиз, – дедим аёлга. – Ростдан ҳам ўтиб кетди.

– Кошки, − жавоб берди у табассум қилиб. – Менинг оёқларим ишламайди.

Буюртма

Деразанинг бир қаноти очилди.

– Ака, сиз бўрининг тиш-тирноғини сотасиз, гўштидан топиладими?

– Секинроқ гапир, биров эшитиб қолмасин. Нима қиласан уни?

– Энам йўталади. Бир оғайним айтди, бўри гўшти даво эмиш. Айтган пулингизни бераман, илтимос, озроқ топиб беринг.

– Қўшниям сўраётувди... Бўпти, эрталаб кел.

Ярим кечаси ҳовли тўридан итнинг қаттиқ ҳуригани эшитилди. Сўнг вовуллаш ўрнини хириллаш эгаллади!

Қирқ бир сония

Кампир бўйнини чўзиб, ташқарига қаради.

– Келин, бир коса муздай сув беринг. Чанқаб кетдим-а!

Келинчак шум, айёр, унинг онаси ҳам шу ерда. У қудаси билан гап талашарди. Ўч олишга қасд қилган келинчак косага ўлган сичқонни тиқиб олди ва деразадан қайнонасига жилмайиб узатди.

Зум ўтмай қайнонасининг овози эшитилди:

–  Яна бир коса опкелинг, буни аянгиз ичиб қўйди!

Қашқир улиган кеча

 

Овчи йигит қизга:

– Ўнда учрашамиз, – деди. – Тағин ухлаб қолма.

– Отам сезиб қолса, икковимизниям ўлдиради.

– Уч марта ҳуштак чаламан, тепаликка борасан.

– Ҳуштакбозлар кўп, мен чалғийман.

– Эмасам бўри бўп улийман. Эшитсанг, келавер.

Совуқ кеча. Йигит, бу изғиринда қиз ҳатто ҳовлисигаям чиқмайди деб, кўрпага ўралиб ётди. Қиз эса чўзиқ увиллашни эшитгач, ғарч-ғурч қор босиб, тепаликка йўл олди...

Чорраҳадаги қиз

Икки чол масжид томон секин одимлаб келарди. Анча узоқдаги чорраҳада қизил кўйлакли бир қиз турибди. У дам нариги йўлга, дам чолларга қараб қўяди. Шамол этагини ҳилпиратади.

– Бироз дам олсакми?

– Юравер, оз қолди.

Қадамлар майда. Имиллаб-имиллаб чорраҳага етиб келишди. Ярим соат ўтди-ёв! Қиз салом берди. Жилмайди.

– Кимни кутиб турипсан, Салима?

– Сизларни. Йўлингизни кесмай дедим-да…

Салом

Эшик очилди.

– Кимнидир молини ўғри ўмарди-ёв. Тез бўлинг.

– Кўрдингми?! Қаерда?

– Ёнимдан ўтиб кетди. Кўприкка етди, менимча.

– Таппа ушламайсанми?

– Ўғри эканига кейин фаҳмим етди.

Ака-ука қоронғида ўғрининг изига тушди. Ўғри таъқибни пайқаб, молни ташлаб қочди.

– Э, Фурқатнинг ҳўкизи-ку!

Ҳўкиз эгасига қайтарилди.

– Ўғри эканини қандай пайқадингиз?

– Томоқ қирдим, салом бермади. Кейин кела-кела нега салом бермаганини ўйладим...

Васият

Шифокор чолнинг афт-ангорини кўриб, чўчиб тушди.

– Ҳамшира!

– Шошма, ўғлим. Сенга бир васиятим бор.

– Болаларингизга хабар бераман.

– Улар...

– Майли, айтинг.

– Уйимга кечқурун хабар бер. Васиятим шу.

Чолнинг жони пешинда узилди. Дўхтир васиятга амал қилди.

Кимдир айтиб қўйган экан, тўнғич ўғли:

– Кеч хабар берибсиз? – деди.

– Отангиз шундай васият қилди.

– Васият? Эҳ, отагинам-а! Бугун мен тўй қилгандим...

Шониёз Мелибоев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг