Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

“Ошкора қотиллик қиссаси” (эссе)

“Ошкора қотиллик қиссаси” (эссе)

Фото: iStockPhoto.com

Айтишларича, ўша куни ҳаво ҳар доимгидан дим, иссиқроқ ва  гўёки, ёз куни эмас, кеч кузни эслатиб юборадиган тимқора булутлари ҳансираб, ана ёғаман, мана ёғаман деб турган ажабтовур кун бўлган эмиш. Бу ваҳшиёна фожеани олдинги ҳафта пайшанба шомида эшитганмидим ёки ундан олдинги ҳафта жума хуфтонидами ҳозир эслолмайман. Аслида, гап қачон эшитганимда ҳам эмас, қотилликнинг икки кун давомида қотил томонидан жар солиниб, бутун маҳалла хабардор ҳолда содир этилишидир. Мен каби, уйида биқиниб шу кунги об-ҳаводан ҳам хабари бўлмаган “уй алвастиси”дан эса бу ҳақда суриштириб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Қотиллик қўшни маҳаллада эмас, ён қўшнимникида рўй берган тақдирда ҳам дунё бехабар ўтираверган бўлар эдим. Хўп, қотиллик қўшни уйда рўй бериб, ғала-ғовур, чинқириқ ва ўкириклар шундоққина пешонамда содир бўлганидачи!? Қандай чора кўрган бўлар эдим? Ҳеч қандай! Асабийлашганимча, “Бошланди, кўчиб қутуламиз шекилли бу бедаволардан!? Ароқхўр, бир кун хотинини бўғизлаб қўйиши тайин!” — дердим. Аммо, юқорида айтганимдек ушбу қотиллик одатий ҳолатлардан тамом бошқача, таъбир жоиз бўлса, Маркесчасига “ошкора қотиллик” тарзида содир этилган ва ўша машъум қисса кўр-кўрона такрорланган.

Хуллас, Сантяго Насарнинг прототипи бўлмиш 30 ёшлар атрофидаги жувон чавақланган тунда бутун маҳаллани қон ва мурда ҳиди тутиб кетган. Аниқланишича, аёлнинг бўғзига пичоқ тортилганида у ҳеч нарсадан хабари йўқ ҳолда ётоғида ухлаб ётган бўлган. Шўрликнинг сўйилаётган товуқдек типирчилаб ғийқиллашга ҳам улгуролмай қолгани бизга маълум ҳолда, эрининг ишни бамайлихотир давом эттириши; аёли танаси бўйлаб аёвсиз пичоқ санчиши, танани илма тешик қилиб ишини тугатгач, кўчага чиқиб қонли пичоғини юқори кўтариб, “Одамлар кўриб қўйинглар, мен дунёни битта енгилтакдан тозаладим!” — деб қутурган айиқдек ўкириши, айни, таниш сценарий такрорини эслатади. Уни ароқ ичгани учун нима қилаётганини англаб етмаган десак, худди шу қотиллик куни қотил ҳушёр бўлган. Қолаверса қотиллик ҳақида ҳам ўзи хабар берган. Суд жараёнида “Қилган ишингиздан пушаймонмисиз?” — деган саволга “Эсиз, у манжалақини гўштини майдалаб дайди итларга ташлашга улгуролмадимда!” — деб афсус чеккан....

Бизнинг қотилимиз, гуёки синглиси Анхела Викарио номуси, балки ўзларининг шаъни учун Колумбиянинг бир чекка қишлоғи бўйлаб қотиллигини ошкора айтиб, ҳаммага билдириб кетаётган ака-ука эгизаклар Пабло ҳамда Педро Викариолардан қай жиҳати билан фарқли деб ўйлайсиз? Ишонаверинг, бирор фарқли томони топилмайди. Икки қотиллик ҳам шу қадар ўхшашки, неча замонлар ўтиб ҳаёт аталмиш ёзувчи яна Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси”ни қайтадан, бошқа макон ва замонда ёзгандек. Қотилликдан кейин тергов-суриштирув ишлари олиб борилганида, деярли бутун маҳалла аҳли бу хунрезликнинг содир этилишидан хабардор бўлган. Албатта, сезиб турганингиздек Сантяго Насар каби биргина қотиллик қурбонигина бехабар бўлган.

Суриштириб борилса, қотиллик ибтидосининг илк макони шаҳар тупканининг тубида жойлашган аллақандай “шиша заводи”га бориб тақалади. Билишимизча, бутун маҳалланинг ишсиз аёлу эркак, хотин қизлари оғир меҳнат, турфа хил орттирилган касалликлар, албатта, паст ойлик маош билан “қора халқ” орасида довруғ қозонган заводда эрталабдан қара кечгача меҳнат қилишга мажбур бўлишган. Шу жумладан, қурбонликка сўйилган қўйдек бўғизланган қурбонимиз ҳам. Келинг, бу сафар доимги услубимга тескари бўлсада, қаҳрамонларимизни шартли равишда исмларнинг бош ҳарфлари билан атаймиз. (Одатда асарларимда қаҳрамонлар исмсиз бўлишади. Аёл, қиз, эркак, бобо, буви дегандек) Қурбонимизни Л десак, ароқхўр эрини К деб атай қоламиз. Хуллас, К билан Л оила қуришганига 15 йилдан ошган, икки нафар фарзандлари бўлган. Аввалига К нинг шахсий тижорат иши ва мўмайгина даромади бўлган. Кейинчалик ишлари чаппасидан кетиб, қарзга ботган. Шу бўлгану эркак ичкиликка ружу қўйган ва турмуш ўртоғи Л амал-тақал кун кўришлари учун шиша заводида ишлай бошлаган. Қўшниларининг гувоҳлик беришича, гарчи эри жиғилдонига деярли ҳар куни “шайтон суви”дан тўлдириб олиб, чўчқадек бўкиб келсада, уруш-жанжалларсиз яшашган. На, Л нинг дийдиёси ва на К нинг алмойи-алжойи ҳақоратларию, аёвсиз калтак зарблари, бақир-чақирларини эшитишмаган. Марҳума билан заводга биргаликда қатнаган 4-5 нари уйда яшовчи аёл ҳам “Жуда хушчақчақ ва сабрли аёл эди” — деб хотирлаган. Ҳар куни тонгда маҳаллага келадиган завод автобуси аёл-эркак ишчиларни олиб кетиб, кечга ташлаб кетган. Қисқа қилиб айтганда, умр тинчгина ўтиб, қора қозон қайнаб турган. Аммо, пешона ёзиғидан арқон эшиб, қотиллик содир этилган машъум кундан икки кун олдинга сиртмоқ солиб отадиган бўлсак, айни маҳалла гузаридаги чойхона остонасига бориб тушади. Бу вақтда К ва бекорчи ошналари чойхонада отамлашиб ўтирадилар. Хурмача заҳри қотилга тўлган сари тиллар ҳам иблис тилида сўйлай бошлайди. К худди шу манзилда аллақачон бутун маҳалла қулоқлари эшитиб, тилларда ғийбатга айланиб улгурган, бигиз бармоқларга нишон бўлган Л ҳақидаги “ҳақиқат” билан юзлашади. Ошналари К га аёли суюқоёқ экани, заводда жазман орттирганию, бу шармандагарчиликдан бутун маҳалла воқифлиги ҳақида шаъма қилишади. К меъёрдан ортиқ ароқ ичгани учун шу тунда чойхонада қолиб кетади.

Воқийлик айни нуқтасига етганида беихтиёр Габриэл Гарсия Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” асарини илк марта мутолаа қилган чоғим ёдимга тушди. Хотирам панд бермаса деёлмайман, эсини еган хотираларсиз ҳам эслаб кўришга ҳаракат қиламан. Битирувчи синф эдик. Адабиёт, китоблар деса бор ишимни йиғиштириб, шўнғиб кетадиган ашаддий мухлис эдим. Адабиёт дарслигимизда қиссадан парча, адиб ва асар ҳақида батафсил маълумот берилганди. Асарни ўқиб шу қадар ҳайрат ва ўзгача ҳислар қуршовида қолгандимки, “шундай ёзса ҳам бўларканда, Маркес деганлари бошқача ёзувчи эканми!” — деб юборган эдим ва адибнинг ижодига меҳрим тушиб, ашаддий мухлисасига айлангандим. Айниқса, токи қисса якунига қадар “Кимдир бориб Сантиягони қотилликдан огоҳлантирсачи, нега ҳамма қотилликдан хабардор бўлса ҳам чурқ этмаяпди?! Нега Сантияго огоҳлантириш хатини кўрмади ёки бирор киши топиб олиб уни эҳтиёткорликка чорламади? Нима учун барча томошабин бўлиб турди? Не сабабдан охирги дақиқаларда очиқ эшиклар ёпилди ва қотиллик барибир рўй берди? Ака-ука Пабло ва Педро жазога шошилишдан олдин, Анхела рост гапирмоқдами ёки Сантияго Насар ростдан гуноҳкорми деган саволларни ўзларига бериб кўрмади? Улар қотилликни шундайин ошкора тарзда, таъбир жоиз бўлса, бутун оламга жар солиб, қўлларида қон юқили қассоб пичоқларини кўз-кўз қилганларича, рўпарасидан чиққан одамга “Биз Сантиягони ўлдирмоқчимиз, уни кўрмадингизми?!” — деб давом эттирдиларки, бу ҳаракатлари билан кимдир ўзларини тўхтатиб қолишлари ёки Сантиягони огоҳлантириб қўйишларини истадилар. Бўлажак қурбони яшриниб, ё бўлмаса бирор узоқ жойларга қочиб кетиб режасини чиппакка чиқаришини чин дилдан тиладилар. Мен ҳам гуёки уларни изма-из кузатиб юрар, аммо, минг афсуски Сантиягони қутқариши мумкин бўлган одамлар орасида бўлолмасдим. Игна устида ўтиргандек типирчилар, нуқул ичимда “Кимдир огоҳлантирсачи? Бирор жон бориб айтсин, токи у жонини сақлаб қолишга улгурсин!” — деб ич-этимни еб битирган эдим. Аммо, минг афсус-надоматлар бўлсинки, қотиллик олди олиниши мумкин бўлган оломон гувоҳлигида, очиқдан-очиқ ижро этилди. Ака-ука қотиллар ўзларини гуноҳкор ҳисоблашмади. Оиламиз, синглимиз ор-номусини сақлаб қолиш учун айбдорни жазоладик ва тўғри иш қилдик деб билишди. Қотиллик содир этилгунга қадар оғзига толқон солиб ўтирган одамлар, хунрезликдан кейин қотилларни қувлаб аюҳаннос сола бошлашди...

Кечаги маишатпарастликдан сўнг калласи шишиб уйғонган К ўзини чойхонада кўради. Чойхоначи айтгувчи — хотини ва катта ўғли кечаси келиб олиб кетмоқчи бўлгани, боришни истамай оёқ тираб туриб олганини минг тиришиб ҳам эслай олмади. Аммо, ошналари, кўчадаги жамики одамлар, манави чойхоначидан тортиб, чойхона эшигида ётган анави дайди итгача сим-сим устидан масхаралаб кулаётгани, “Эркак бўлмай, бу кунингдан ўлиб кетганинг афзалроқ эди, сўтак!” — деб куйдирилган калладек тиржайиб туришгани на кўз олдидан йўқолди, на хаёлларини исканжасидан бўшатди. К қўлидаги қотиллик қуролини кўз-кўз қилганича бутун гузар ҳамда маҳалла бўйлаб кезинади ва кўринган одамга аёлини сўймоқчи экани ҳақида жар солади. Хуллас, худди қотил эгизак Викариолар каби қотилликдан огоҳ этмаган бирор одам қолмайди. Шу тариқа кун бўйи аллақаерларда сандироқлаб, ярим тунда уйига қайтади. Бу пайтда болалари ўз хоналарида, хотини Л ётоғида ҳеч нарсадан бехабар донг қотиб ухлаб ётишарди. Аёли эрининг шум ниятидан шунчалар бехабар бўлганки, ошхонада усти ёпиғлиқ иссиқ овқат ва чой тайёр қилиб қўйган. Ўзи эса Сантияго Насар сингари, бош узра ҳужум қилаётган қушларни туш кўриб ётганмикин?! Ёки, ишхонасида шаллақиликда довруғ қозонган аёлнинг “Фоҳиша, нималар қилиб юрганингни ҳеч ким сезмайди деб ўйлайсанми?” — деб чинқирганию, сочидан чангаллаб бутун маҳалла бўйлаб, ялонғоч ҳолда сазойи қилиб чиқаётганини тушида кўриб, юз мускуллари, қўл-оёқлари учиб-учиб, чала уйқу ҳолатида бўлганмикин? Билмадим, бировнии хаёлларини ўқий олиш, тушларига мўралаб иштирок этиш имкони бўлсаки тайин фикр билдира олсам. Фикр билдирганимдачи, барча фалокатлар ортига қайтиб, олам мунаввар бўлиб кетармиди? Болалар онасининг қонга ботган танасини кўриб, бир умрга етадиган чиқур руҳий зарба олмасмиди? Бир тунда онасидан жудо бўлиб, эндиликда қотилга айланган отаси 20 йилга қамалиб чорасиз етимларга айланиб қолмасмиди? Билолмадим, агар мен Л нинг қўшниси ёки яқин дугонаси бўлсаму, К нинг қотиллик режасидан хабардор бўлсам, ҳечқурса қўнғироқ қилиб, “Л эҳтиёт бўл, болаларингни олда иложи борича узоқроққа қоч! Эрингни ҳовури босилгунча қонга тўлган кўзига кўринмай тур!” — деган бўлармидим? Ёки, “Ароқхўр, бўкиб олгач нималар деб алжирамайди!” — дердиму, қўл силтаб қўя қолармидим? Сизчи, балки Л билан бирга ишлагандирсиз? Ё, шунчаки маҳалладошдирсиз? Нега жимсиз? Нима учун огоҳ этиб қўймадингиз? Гуноҳкорнинг жазоси шу дедингизми? “Менга нима, бу уларнинг оилавий, шахсий иши, қолаверса, бутун маҳалла эшитган, бирортаси айтиб огоҳлантириб қўяр” — деб ўйладингизми? Албатта, сизни айблашдан йироқман. Чунки, мен ҳам ҳудди шундай ўйлаган бўлар эдим. Қолаверса, бундайин “Ошкора қотиллик қиссалари”ни бир Маркес ёки биз кўрган эмасмиз. У ҳамон томошагоҳда жимгина узлуксиз  давом этмоқда...!

Айтишларича, марҳумани суд тиббий экспертизага олиб кетишганидан сўнг, қариндошлари қотиллик рўй берган ётоқхонани тозалаб олишибди. Қонга ботган ётоқни ювиб тозалаш учун ҳовлига чиқаришибди. Тунда шунчалар кучли жала қуйибдики, эрталабгача тинмабди. Ётоқдан селгиган қон жилғаларга бўлиниб, маҳалла кўчасига оқибди ва ҳар битта ҳовлига кириб, бутун маҳалла сатҳини алвон рангга бўяш учун етиб ортган эмиш...

Мастура Абдураимова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг