Хориж автомашиналари учун «тонировка» йиғими миқдори арзонлашади – лойиҳа
Амалдаги тартибга кўра, давлат чегара ўтказиш пунктларида олд, ён ва орқа ойналаридан бири ёки бир нечтасининг (томидаги люк ойнаси бундан мустасно) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) хорижий давлатларнинг енгил автотранспорт воситаларига нисбатан мажбурий йиғим ундирилади.
ИИВ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ДХХ ишлаб чиққан қўшма қарор лойиҳасига кўра, хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун ундириладиган мажбурий йиғимни фақатгина олд ён ойналари қорайтирилган автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этиш режа қилинмоқда.
Бу орқали маҳаллий ва хорижий енгил автотранспорт воситаларига нисбатан ойна туси ўзгартирилганлиги бўйича ёндашувни бирхиллаштириш назарда тутилган.
Шу билан бирга, бу борадаги мажбурий йиғимларни тўлашда қулайликлар яратиш мақсадида тўловларни «E-tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизимида шакллантириладиган ягона ҳисобварағи асосида тузилган QR-код орқали электрон тўлов тизимлари ёрдамида амалга ошириш тартиби жорий этилади.
Квитанция билан бир қаторда ягона ҳисобварағи ҳам хорижий давлатлар туси ўзгартирилган енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикасига вақтинча кириш ва транзит ҳаракатланиш имконини берувчи ҳужжат сифатида тан олинади.
Маълумот учун, хорижий тажрибада, жумладан, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистон давлатларида ойна туси ўзгартирилган хорижий давлатларнинг енгил автотранспорт воситаларида мамлакат ҳудудига вақтинча кириш ёки транзити ўтишда йиғим ундирилмайди. Туркманистон давлатида эса автотранспорт воситаларини ойна туси ўзгартирилган ҳолда бошқариш таъқиқланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter