Ўзбекистонда ноолимпия спорт турлари учун алоҳида конфедерация ташкил этилиши мумкин
Ўзбекистонда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига киритилмаган спорт турларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича янги тизим жорий этиш режа қилинмоқда.
Жумладан, Ҳукумат қарори лойиҳаси билан «Ўзбекистон ноолимпия спорт турлари конфедерацияси»ни ташкил этиш режалаштирилди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, янги конфедерация ноолимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларни бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритади ҳамда давлат ва спорт ташкилотлари ўртасида кўприк вазифасини бажаради.
Қарор лойиҳаси билан ноолимпия спорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳам белгиланди. Улар қаторида ёшлар учун кенг имконият яратиш, иқтидорли спортчиларни саралаш, ягона электрон база шакллантириш, халқаро мусобақаларда муносиб иштирокни таъминлаш ва спорт инфратузилмасини кучайтириш каби вазифалар бор.
Шунингдек, конфедерация халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, грантлар жалб этиш, хусусий инвестицияларни кенгайтириш ва спорт клубларида маркетинг ҳамда менежментни ривожлантириш билан ҳам шуғулланади.
Лойиҳага мувофиқ, ноолимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари тренерлари конфедерация томонидан Спорт вазирлиги билан келишган ҳолда тайинланади.
Конфедерация Тошкент шаҳри Миробод туманидаги бинога бепул жойлаштирилади. Шунингдек, ҳудудларда унинг вакиллари учун жой ажратилади.
2026 йил 1 декабрга қадар ноолимпия спорт турлари бўйича тренерлар ва спортчи-ўқувчиларнинг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2027 йилда конфедерация фаолиятини йўлга қўйиш ва спорт тадбирларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 5 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter