Ўзбекистонда ота ўз исмини боласига фамилия қилиб бериши мумкин бўлади
Қуйи палата мажлисида депутатлар кўриб чиққан қонун лойиҳаси билан давлат хизматларини кўрсатиш тизими янада такомиллашиши мумкин.
Мазкур қонун лойиҳасига кўра, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, илгари қонуний имконияти бўлмаган ота исмини болага фамилия сифатида бериш амалиётини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада «Ўзархив агентлиги тизимини оптималлаштириш ҳамда лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш тартибини соддалаштирилиб, 3 ойгача ўтиш ва мослашиш даврини белгилайдиган «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режимини жорий этиш акс этмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бизнесни бошлашда ортиқча тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнларини бартараф этиш, архив ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини тартибга солиш, архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлашнинг асосларини такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Шунингдек, лойиҳа матнини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди.
Мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter