Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хотин эрнинг фамилиясига ўтмади, кейинчи...

Хотин эрнинг фамилиясига ўтмади, кейинчи...

Қиз фарзанд кўриб, кўкси тоғ бўлган ота-она эрта-индин балоғатга етган дилбандини турмушга узатаркан, ўзига «майли, бировнинг хасми-да» деб тасалли берар. Лекин 18-20 йил хонадонида гулдек асраган қизининг куёвининг фамилиясига ўтишини бирдан қабул қилиш осонми? Аслида бу никоҳдан ўтувчиларнинг розилиги билан ҳал этилади. Бунда бирон мажбурлов, тазйиққа йўл қўйилмайди. Чунки хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин унинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга, ҳимоялашга ҳаққи бор. Шундай экан, қиз бола ўз отасининг шарифида қолишга ҳаққи бор... яъни  у ҳам ўз шажарасини давом эттиришга ҳақли? Биз шу ҳақда айрим соҳа мутахассисларига юзландик.

Маҳфуза Маҳкамова, Шайхонтоҳур туманининг Фуқаролар ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими мутахассиси:

— Икки ёшнинг умумий фамилияга ўтиши ихтиёрий. Бу ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Аммо айримлар оила қуриш деганда битта фамилияга ўтишни тушунишади. Ҳозир қизларимизнинг номида бир эмас тўрт-бешта ҳужжатлари бўлиши мумкин. Дейлик, дипломлари, ҳайдовчилик гувоҳномаси, банк пластик карталари, уй ҳужжатлари ва ҳоказо... Турмушга чиқаётган қиз фамилиясини ўзгартирадиган бўлса, бир ой ичида фуқаролик паспорти билан бирга, ўз номидаги бошқа ҳужжатларни ҳам алмаштиришига тўғри келади. Бу эса ортиқча вақт ва маблағ талаб этади.     

Қарийиб ўн беш йилдан буён ёшларнинг оила қуришида расмий вакил сифатида иштирок этаётган бўлсам, ҳозирги ёшлар билим ва дунёқараш борасида анча илгарилаган. Бу замон шиддати, талаби билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Шундай бўлса-да, мустақил ҳаёт қаршисида турган икки ёшга оилавий саводхонлик борасида зарур билим ва кўрсатмалар бериш мақсадида Республика Оила илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан келин-куёвлар учун махсус Инновацион мактаблар ташкил этилиши йўлга қўйилди. Бу илк маротаба бизнинг ФҲДЁ идораси таркибида жорий этилди. Мазкур мактабларда ёшларга бир ой мобайнида психологик, ҳуқуқий, иқтисодий, тиббий маслаҳатлар, кўрсатмалар берилади. Айни пайтда ушбу мактабда сабоқ олган ёшларга сертификатлар топширилди. Оилаларнинг мустаҳкамлигига, эр-хотиннинг тинч-тотув яшашига хизмат қилишда услубий кўмак берувчи мазкур тизим Паркент туманида ҳам йўлга қўйилди. Эндиликда бошқа вилоятларда ҳам тизимни ривожлантириш режалаштирилган.     

Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг фатво бўлими мудири:

— Шаръий жиҳатдан хотин эрнинг фамилиясига ўтиши ихтиёрийдир. Бу ишга аёлни мажбурлаб бўлмайди. Лекин у ўз ихтиёри билан эрининг фамилиясига ўтмоқчи бўлса, жоизми ёки йўқ?

Ислом қоидасига кўра ҳамма ўз отасининг номи билан чақирилиши керак. Ҳатто асраб олинган фарзандлар ҳам. Қуръони каримда: «У (асранди бола)ларни оталарининг исмлари билан чақиринглар...» дейилган. (Аҳзоб сураси, 5-оят). Ўз отаси бўлмаган одамни бу менинг отам деб, бунинг изидан келиб чиқадиган шаръий ҳукм(мерос, маҳрамлик, нафақа ва бошқа)ларни даъво қилиш, шариатда ҳаром қилинган ишлардандир. Бу ҳақда Ҳадиси шарифларда баён қилинган. Ҳатто мўминларнинг оналари ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбат берилмадилар (масалан, Оиша бинти Абу Бакр дейилган). Лекин дейлик, яшаб турган жойида шундай талаб бўлса ёки урфда эрининг фамилиясига ўтиш мавжуд бўлса, ўша одамнинг фарзанди эканлигини даъво қилмасдан бу иш жоиздир.

Қадимда одамлар ўзаро бир-бирларини турли йўллар билан танишган. Фалончининг ўғли, пистончининг мавлоси (озод қилган қули), баъзи кишилар таниқли бўлиши учун онасига ҳам нисбат берилган, фалончи аёлнинг ўғли каби. Шу маънода эрининг фамилиясига ўтиш ҳам гўё фалон оиланинг келини деганидек маъно касб этади.

Комил Калонов, Мирзо Улуғек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Социология кафедраси мудири, профессор:

Аслида бу ҳолат собиқ тузумдан қолган «эсдалик». Фарзандларни фалончининг ўғли, қизи, ёки  -зода, -ий каби қўшимчалар билан шарифлаш ўрнига -ов қўшимчаси билан ёппасига аташ бошланган. Бунинг оқибатида юзага келган тилимиздаги лексик, граматик ғализликларни афсуски, ҳали ҳам бутунлай тўғирлай олганимизча йўқ. 

Шу боис бугун бундай стереотип (онгимизда қотиб қолган ноўрин одат)лардан воз кечишимиз керак. Фуқаролар ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимларида ҳам «турмуш ўртоғингизнинг фамилиясига ўтасизми?» деган ғалати саволларни олиб ташлаш вақти келди. Бу борада қонунчиликка ҳам ўзгартиришлар киритиш ўринли.

Айни пайтда ёш оила қурувчилар учун фаолият бошлаган махсус Инновацион мактабларда эса социология соатлари ўтилиши мақсадга мувофиқ.

Зебинисо Аҳмедова, «Афросиёб» психологик маркази раҳбари, руҳшунос ва психотерапевт:

— Бизнинг Турон замини буюк алломалари билан қанчалик фахрланса, Тўмарис, Қурбонжон Додхоҳ сингари қаҳрамон оналари билан ҳам шунчалик ғурурланган. Миллатни, юртни ор-номусидек сақлаган, руҳан кучли оналар оқил ва садоқатли фарзандларни ҳам тарбия қила олган.

Бугунги тезкор даврда ўз фикрига, дунёқарашига, керак бўлса маблағига эга бўлиш — аёл учун эркнинг биринчи кўриниши. Доим ўзига суянган одам, ўзига ишонади ҳам. Оила қураётган қиз ўз фикрига эгами демак, у билимдон, дунёқараши кенгми, демак у ҳамон изланишда. Эҳтиёжларига пул топяптими, демак у касб-корли. Бундай қиз борган ерида турмуш ўртоғининг фамилиясига ўтмаса ҳам эрини ҳурмат қилади, эъзозлай олади.

Бу ҳолат тажрибамизда учраб туради. Гоҳида арзимаган келишмовчилик билан марказимизга мурожаат қилган ёшларга шу тўғрида савол берсам, «Албатта фамилиямга ўтади» деб биринчилардан бўлиб йигит жавоб беради. Бу ҳали келинлик масъулиятини зиммасига олиб улгурмаган қизни чўчитиши ҳам мумкин. Яқинда қабулимизга бир келинчак келди. Оила қурганига кўп бўлмагану, аммо анча тушкун кайфиятда. Нима бўлди, десак, «Қайнонам, овсинларимнинг олдида сиз авлодимизни ҳурмат қилмайсиз, бўлмаса ўғлимнинг фамилиясига ўтган бўлардингиз. Фамилиямизга ўтмасангиз, пропискамизга ҳам киритмайман!», деб изза қиляптилар. Ахир менинг дипломларим бор, ортиқча оворагарчиликка, югур-югурга менинг ҳам ўғлингизни ҳам вақти йўқ, десам тушунмайдилар» деди. Муаммони ечиш учун қайнона билан учрашдик, гаплашдик. Бир фамилиялик аслида ака-сингилларда, опа-укаларда бўлишини, бу динимизда ҳам жоиз этилмаганлигини, шусиз ҳам келин оиланинг зурриётларни давом эттирувчи она эканлигини, уни келин мақомида ҳурмат қилиш зарурлигини тушунтирдик. Хайриятки, тушунадиган одамлар экан.  

Фезуза Ҳакимова, ўқитувчи:

— Оила қурганимизда турмуш ўртоғим ўз фамилиямда қолишимга рухсат берганлар. Лекин қайнотам анча вақтгача норози бўлиб юрдилар. «Келин, нега сиз бизнинг оиланинг номига ўтмагансиз, нима бизни ҳурмат қилмайсизми?» деб гоҳида уяллтирардилар. Шундай пайтларда умр йўлдошим оталарига секин тушунтирар, мени ноқулай вазиятдан олиб чиқардилар. Аммо қизларим келажакда оила қуришса, фамилияларини ўзгартиришларини айтишади. Улар ёш, балки замонавий фамилия соҳиби бўлишни исташар. Мен уларга монъелик қилмайман.

Чиндан ҳам, мавзу борасида фикр ва муносабат турфа. Бироқ битта нарса аниқки, орзу-ҳаваслар билан оила қураётган ёшлар учун аслида бу бахтнинг калити эмас. Бахт — тотув ва тотли умр, ўзаро ҳурмат ва фарзандлар кулгусидадир, асли.

Наргиза Асадова,
журналист

          

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг