Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Ўзбекистонда хорижий тилларни биладиган журналистлар йўқми?

Ўзбекистонда хорижий тилларни биладиган журналистлар йўқми?

Foto: «Foglers.com»

Куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатнома тақдим этди. Давлат раҳбари мамлакатдаги мавжуд муаммоларни санаб ўтар экан, улар қаторида журналистика соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш борасидаги камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди. Президент ўз нутқида мамлакатда бирор хорижий тилни чуқур биладиган журналист йўқлигини таъкидлаб ўтди. Аслида ҳам шундайми?

Мен Президент сўзларига эътироз билдирмоқчи эмасман. Тўғри, Ўзбекистонда Президент танийдиган даражада таниқли халқаро журналист етишиб чиқмагандир, аммо мамлакатда хорижий тилларни биладиган журналист йўқ дегани эмас.

Мен Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетини тамомлаганман. 2004—2008-йилларда мен билан биргаликда 200 га яқин йигит-қиз журналистика сирлари билан бир қаторда инглиз, француз, немис, поляк, испан, араб, форс, япон, корейс, хитой тилларини ҳам ўзлаштиришди. Шу билан бир қаторда, тили ўрганилаётган давлат журналистикаси, унинг тарихи ва бугунги кундаги тараққиёти, ўзига хосликлари ҳам назардан четда қолмади.

Кўпгина курсдошларим Польша, Япония, Корея, Хитой, Ҳиндистонда малака ошириб қайтишди. Аммо олийгоҳни тамомлаганимиздан сўнг биров биздан қайси тилларни биласан, қайси давлатларда малака оширгансан, қайси ахборот манбалари билан ишлай оласак, қўлингдан нималар келади, миллий журналистиканинг ривожи учун нималар қилиб бера оласан, деб сўрагани йўқ, шахсий ташаббуслар билан чиққанлар эса хафсаласи пир қилинган ҳолда ортга қайтарилди.

Шундай қилиб, тўрт, ҳатто олти йил давомида бирор хорижий тилни ўзлаштирган халқаро журналистика факультети талабалари икки-учта танлов қаршисида қолишди: журналист бўлсинми, таржимонми ёки педагог (олийгоҳда таҳсилни давом эттириб, ҳозирда педагоглик қилиб юрганлар ҳам етарлича топилади). Агарда ўша вақтда ҳаётга катта умид ва мақсадлар билан қадам қўяётган битирувчиларга тўғри йўл кўрсатилиб, қўллаб-қувватланганда, уларнинг билим ва имкониятлари, қобилиятларидан тўғри ва самарали фойдаланилганда Президент томонидан танқид қилинмас эдик.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, Ўзбекистонда бир эмас, тўрт-бешталаб хорижий тилларни сув қилиб ичиб юборган журналистлар ҳам топилади. Қатъий талаб ва танлов асосида хорижий мамлакатлардаги мухбирлик пунктларига юборилади, деб эълон берилса улар юзага чиқиб, ўзларини намоён этишади. Мен бунга аминман, ишонаман. Ҳозирда мен билган ана шундай кўплаб иқтидор эгаларининг билим ва имкониятлардан асосан чет эл компаниялари таржимон ёки иш юрутувчи сифатида фойдаланмоқда, баъзилари хорижий мамлакатларда бошқа соҳаларда улоқишиб юрибди. Улардан фойдаланиш, уларни юзага чиқариш вақти келди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг