Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Чегара қонунлари қон билан ёзилган(ми?)

Чегара қонунлари қон билан ёзилган(ми?)

Ўзбекистон-Афғонистон чегараси. 2018 йил 30 март.

Фото: Санжар Саид

Чегара қонунлари қон билан ёзилган. Чегарачилар ҳам, чегарадош ҳудудларда яшовчи аҳоли вакиллари ҳам унинг қоидаларини бузганлар қони эвазига жавоб бериши мумкинлигини жуда яхши билишади. Шу жумладан, чегара орқали бирор ғаразли мақсадини амалга оширишни мўлжалланган чегара бузғунчиси ҳам босаётган ҳар бир қадами уни ажал томон элтишини яхши англаб етган бўлади...

7 апрель куни эрталабки 7:30 лар атрофида Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Мамай қишлоғи яқинида ўзбек чегарачилари давлат чегарасини бузиб ўтган Қирғизистон фуқаросига қарата ўқ узди. Ундан аввал эса тўхташ ҳақида буйруқ берилган, ҳавога қарата ўқ узилган.

Бу ҳаракатлар ҳазил ёки эрмак учун қилинмайди. Чегарачи кўнгилхушлик учун ўқ узиб, икки давлат ўртасидаги сиёсий можаролар сабабчиси ва иштирокчиси бўлиб қолишни асло истамайди. Бироқ у зиммасига юкланган улкан масъулиятли вазифа — ўзига бириктирилган ҳудудда бирор инсоннинг ноқонуний равишда чегарани бузиб ўтишига йўл қўймаслиги шарт!

Ҳатто у ўз вазифасини бажараётган вақтда Чегара қўшинлари қўмондони келиб ҳам постни ташлаб кетиш ёки бошқа топшириқни берса, буйруққа итоат этмайди. У хизмат вазифасини бажараётган вақтда фақатгина икки киши - ўзига топшириқ берган зобит ёки қисм бошлиғи буйруғини бажариши мумкин.

Чунки унинг ортида Ватан, миллионлаб юртдошлари, шу жумладан оиласи, ота-онаси, фарзандлари кўз тикиб турибди. У бир лаҳза бўлса ҳам лоқайдликка берилса, бепарво бўлса, чегара орқали ёвуз ниятли кимсалар, жиноятчилар ўтиб кетиши, ўзи ва халқининг бошига турли балоларни ёғдириши мумкин. Шу боис чегарачи ҳар сафар хизмат вазифасини бажариш учун давлат чегараларига йўл олар экан, барча ўй-хаёл, ташвишу қувончларини ҳарбий қисмда қолдириб, ҳар қандай вазиятга тайёр ҳолда, ҳатто жонини гаровга қўйиб чиқади.

7 апрелда содир бўлган ҳодиса икки давлат бош вазирлари, Чегара қўшинлари ва бошқа мутасадди маҳкамалар раҳбарлари даражасида ижобий ҳал этилади. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўн йиллар давом этган совуқчиликдан сўнг эндигина илиқлашаётган муносабатларга ушбу ҳодиса салбий таъсир кўрсатмайди ва ҳодиса батафсил ўрганилиб, тегишли қарор ва хулосалар чиқарилади, деб ишонаман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг