Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзгарувчан дунёда Ўзбекистоннинг ўз қатъий йўли бор

Ўзгарувчан дунёда Ўзбекистоннинг ўз қатъий йўли бор

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ҳамда халқимизга тақдим этган навбатдаги Мурожаатномаси моҳиятан стратегик аҳамиятга эга бўлган сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Ушбу Мурожаатномада ўтаётган йилда амалга оширилган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинибгина қолмасдан, келгуси йилнинг номланиши, мамлакат тараққиёти учун устувор бўлган мақсад ва вазифалар ҳам аниқ белгилаб берилгани алоҳида аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнларга тўхталиб, қуйидагича таъкидлайди:

“Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган, яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик ва хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазиятда сизлар билан ўта мураккаб йилни якунлаяпмиз”.

Дарҳақиқат, бугун дунё миқёсида кечаётган хавф-хатарлар ва қарама-қаршиликлар барчамизга маълум. Ана шундай мураккаб даврда Президентимиз томонидан тинчликпарвар ташқи сиёсат изчил амалга оширилаётгани, хорижий мамлакатларга ўнлаб ташрифлар уюштирилгани, шу билан бирга Ўзбекистонда 30 га яқин турли даражадаги халқаро анжуман ва учрашувлар ўтказилгани мамлакатимиз ташқи сиёсати оқилона ва мувозанатли йўлга қўйилганининг яққол далилидир.

Айни пайтда мамлакат иқтисодий салоҳиятининг барқарор ўсиб бораётгани ҳам қувонарли ҳол. Давлатимиз раҳбари бу борада шундай дейди:

“Бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бу натижалар халқимизнинг қандай улкан ишларга қодир эканини яққол намоён этмоқда”.

Мурожаатномада спорт соҳасидаги ютуқларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Президентимиз:

“Ўзбекистон футболи учун 2025 йил чинакам тарихий йил бўлди. Миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Моҳир шахматчиларимиз Жаҳон кубоги мусобақаларида муносиб иштирок этди. Айниқса, навқирон гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоровнинг энг ёш жаҳон кубоги соҳиби бўлгани барчамизга юксак ғурур бағишлади”, — дея спортчиларимиз ютуқларини фахр билан санаб ўтди.

Нафақат спорт, балки таълим, илм-фан, маданият ва санъат соҳаларида ҳам катта ютуқларга эришилаётгани Мурожаатномада алоҳида қайд этилди. Хусусан, ўқувчи ва талабаларимиз халқаро фан олимпиадаларида жами 278 та медальни қўлга киритиб, мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини бутун дунёга намоён этди. Бу — Янги Ўзбекистоннинг билимга таянган тараққиёт йўлидаги мустаҳкам қадамларидир.

Бундан ўн йиллар аввал “ёпиқ ҳудуд” сифатида қаралган Ўзбекистон бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати натижасида халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаб, нуфузли халқаро анжуманлар ўтказиладиган ишончли мамлакатга айланди. Айниқса, яқин қўшни давлатлар билан муносабатларнинг ҳар томонлама мустаҳкамланиши бунда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Мурожаатномада бунга аниқ мисоллар келтирилади. Жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг Хўжанддаги тарихий учрашуви, Брюсселда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик битимининг имзоланиши, АҚШ, Япония, МДҲ доирасидаги саммитлар — буларнинг барчаси халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Мурожаатномада белгиланган муҳим устувор йўналишлардан бири — замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришдир. Бу борада электрон ҳукумат платформасини тубдан янгилаш, сунъий интеллект асосида давлат хизматлари ва мурожаатларни бошқариш, “рақамли суд” концепциясини жорий этиш каби вазифалар белгиланди.

Хусусан, 2026 йилдан бошлаб давлат хизматлари, функциялар, маълумотлар базалари ва давлат хизматчиларининг ваколатлари ягона рақамли платформага интеграция қилиниши белгиланди. Бу эса очиқлик, самарадорлик ва инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида эса тергов судьялари институти, “халқ вакиллари ҳайъати”ни жорий этиш, сунъий интеллект орқали жараёнларни рақамлаштириш каби янгиликлар адолатли судловни таъминлашда муҳим қадам бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан тақдим этилган Мурожаатнома мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган аниқ ва пухта дастур вазифасини ўтайди.

Аъзамжон ФОРМОНОВ,
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари
“Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг