Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маҳаллий Кенгашлар: ваколат, ресурс ва жавобгарлик бир нуқтада бирлашади

Маҳаллий Кенгашлар: ваколат, ресурс ва жавобгарлик бир нуқтада бирлашади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатномаси давлат сиёсатида маҳаллий даражанинг ўрни қанчалик муҳим эканини яна бир бор аниқ кўрсатди.

Мурожаатномада илгари сурилган ғоялар, вазифалар ва аниқ рақамлар маҳаллий Кенгашлар сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг марказий бўғинига айланганини тасдиқлайди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ислоҳотлар натижаси аввало маҳаллада, ҳар бир хонадон ҳаётида сезилиши кераклигини таъкидлади. Бу ёндашув маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг мазмунини тубдан ўзгартирди. Энди маҳаллий даражада қабул қилинаётган қарорлар давлат сиёсатининг амалий ифодаси сифатида қаралмоқда. Йўл, сув, электр таъминоти, мактаб ва поликлиникадаги шароит — буларнинг барчаси ислоҳотларга берилаётган энг холис баҳодир.

Мурожаатномада конституциявий ислоҳотлар доирасида маҳаллий бошқарув тизимида амалга оширилган муҳим ўзгаришларга алоҳида урғу берилди. Хусусан, вилоят ҳокимлари ва кенгашлар раислари лавозимларининг ажратилгани давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида мувозанатни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Давлат раҳбари 2026 йилдан бошлаб ушбу тизим 208 та туман ва шаҳарда ҳам тўлиқ жорий этилишини эълон қилди. Бу маҳаллий Кенгашларнинг институционал мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.

Президент Мурожаатномасида депутатлар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Депутат сўровларининг ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниши, ушбу жараёнга қатъий институционал ёндашув жорий этилиши маҳаллий Кенгашларнинг назорат функцияси янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади. Бу эса маҳаллий вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги ролини янада оширади.

Мурожаатномада 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳаллий бошқарувга берилган юксак сиёсий баҳо сифатида қабул қилинмоқда. Давлат раҳбари маҳалла тинч бўлса, жамият тинч бўлишини, маҳалла ривожланса, бутун мамлакат юксалишини алоҳида қайд этди. Бу фикр маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг фалсафий ва амалий асосини белгилаб бермоқда.

Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар маҳаллий Кенгашлар учун янги имкониятлар очмоқда. Маҳаллий бюджетларнинг мустақиллиги оширилиши, туман ва шаҳар даражасида молиявий манбаларни кенгайтириш, лойиҳавий ёндашувни жорий этиш — буларнинг барчаси маҳаллий Кенгашларни ҳудудий тараққиётнинг асосий драйверига айлантиришга қаратилган.

Умуман олганда, Президент Мурожаатномаси маҳаллий Кенгашлар соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, ПФ–28 ва ПФ–98-сон Фармонларда белгиланган вазифаларнинг мантиқий давоми эканини яққол кўрсатди.

Мурожаатнома маҳаллий Кенгашлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аниқ манзили борлигини кўрсатди. Ушбу ислоҳотлар тизимни ўзгартириш учун эмас, балки инсон ҳаётини яхшилаш учун қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президент ташаббуси билан маҳаллий Кенгашлар фаолиятида жорий этилаётган ўзгаришлар бир қатор ижобий натижаларни беради.

Аввало, қарор қабул қилиш жараёни аҳолига яқинлашади.
Кенгашлар ҳудуд муаммосини марказга чиқармасдан, ўз жойида ҳал қилиш имконига эга бўлади. Бу эса вақтни тежайди, масъулиятни аниқлаштиради, натижани тезлаштиради.

Иккинчидан, депутатнинг роли мазмунан ўзгаради. Мурожаатномада белгиланган молиявий ва ташкилий механизмлар депутатни фақат вакил эмас, балки ташаббускор ва амалий ижрочи сифатида шакллантиради. Округ даражасида йўл, ободонлаштириш, яшил ҳудудлар бўйича аниқ лойиҳалар пайдо бўлади. Бу депутат фаолиятини аҳоли кўз ўнгида янада намоён қилади.

Учинчидан, маҳаллий бюджетлар самарадорлиги ошади. Кенгашлар иштирокида маблағлар ҳудуд эҳтиёжига қараб йўналтирилади. Бу ресурсларни мақсадли ишлатишга хизмат қилади.

Тўртинчидан, давлат ва жамият ўртасидаги ишонч мустаҳкамланади. Президент таъкидлаганидек, ислоҳотларга энг холис баҳо маҳаллада берилади. Агар маҳаллада ўзгариш бўлса, одамлар давлат сиёсатини ҳис қилади. Бу ишончни ошириб, фаолликни кучайтиради.

Бешинчидан, маҳаллий бошқарув тизими барқарор ривожланиш йўлига ўтади. Ваколат, ресурс ва жавобгарлик бир нуқтада жамланиши маҳаллий Кенгашларни реал сиёсий институт сифатида мустаҳкамлайди. Бу тизим узоқ муддатли ривожланиш учун асос яратади.

Шу маънода, Президент Мурожаатномаси маҳаллий Кенгашлар учун дастурий ҳужжат вазифасини ўтайди. У конституциявий ислоҳотлар ва Президент фармонларида белгиланган вазифаларни амалий мазмун билан тўлдирди. Энг муҳими, ислоҳотлар марказига инсон, маҳалла ва ҳудуд қўйилди.

Маҳаллий Кенгашлар эндиликда давлат сиёсати натижасини кўрсатиб берувчи асосий майдонга айланмоқда. Бу жараён Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим таянчларидан бири сифатида ўз самарасини беради.

Муҳаммаджон Жўраев,
Демократик жараёнларни таҳлил
қилиш маркази бўлим бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг