Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзтрансгаз» суюлтирилган газ нархининг оширилишига изоҳ берди

«Ўзтрансгаз» суюлтирилган газ нархининг оширилишига изоҳ берди

Фото: «Asr.uz»

Аввалроқ хабар берганимиздек, бугун Миллий матбуот марказида «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида «Аҳолига мунтазам ва узлуксиз газ маҳсулотларини етказиб бериш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда иштирок этган ташкилот бошқарма бошлиғи Акмал Эшонқулов август ойидан бошлаб суюлтирилган газ нархи барча ҳудудларда 800 сўмга етказилиши сабабини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 декабрдаги қарор билан эса аҳолига суюлтирилган газни сотиш нархлари белгиланди. Ушбу қарор кўра, 2018 йил 1 апрелдан аҳолига сотиладиган 1,0 килограмм суюлтирилган газнинг нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида 700 сўм, қолган ҳудудларда 500 сўм этиб белгиланган.

2018 йил 1 августдан бошлаб эса барча ҳудудларида суюлтирилган газ аҳолига 1 кг учун 800 сўмдан етказиб берилади.

Бошқарма бошлиғининг маълум қилишича, айни вақтда 1 кг суюлтирилган газ нархи  Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, водий вилоятларида 644,7 сўм, Тошкент вилоятида 606 сўм, Бухоро ва Навоий вилоятларида 450 сўм, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 372 сўм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эса 327,6 сўмдан етказиб бериляпти.

А.Эшонқуловнинг айтишича, «ушбу чора-тадбирлар соҳада олиб борилаётган ишларни самарадорлигини ошириб, айниқса куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ҳамда беталафот ўтказиш, газ таъминоти тизимидан хавфсиз фойдаланиш, ортиқча йўқотишларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади».

«Мақсадимиз битта — аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини тўлақонли таъминлаш», — қўшимча қилди бошқарма бошлиғи. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг