Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пул эмас, лафз инфляцияга учрамоқда

Пул эмас, лафз инфляцияга учрамоқда

Фото: «Xabar.uz»

— Муҳтарам устоз, «Қарз муносабатларни бузади» дейишади. Бунга сабаб кейинги пайтларда қарз олиб қайтармайдиганлар кўпайгани бўлса керак. Сизга пул эмас, одамларнинг лафзи инфляцияга учраётгандай туюлмаяптими?

— Аслида, қарз кишилар ўртасидаги муносабатларни бузмайди, аксинча, мустаҳкамлашга хизмат қилади. Агар қарз олувчи ҳам, берувчи ҳам имон-эътиқодли, инсофли одамлар бўлса! Афсуски, сиз айтгандек, бугун бировдан қарз олиб, қайтармайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бу лафзсизликдир. Лафзсизлик эса ёлғоннинг бир тури, ёлғон — гуноҳи кабиралардандир.

Қарз олиб, қарз беришнинг шариатда айби йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам қарз олиб, қарз берганлар. Фақат ҳаммаси ўз ўрни ва вақтида бўлган. Ҳозир бир киши бошқасидан ялиниб қарз олади, тилхат ҳам беради, лекин белгиланган муддат етганда, дарагини тополмайсиз. Ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлади, баъзан айтилган муҳлатда пулни тўғрилай олмаслик мумкин, лекин шуни қарз берган кишига тушунтирса бўлади-ку. Йўқ, тушунтириш ҳам, узр ҳам, пулни қайтариш ҳам йўқ. Пулни йиға олмаганлар-ку, майли, эҳтимол, гуноҳи енгилроқ бўлар, аммо бор бўла туриб, қарзини узмай юриш зулмдир. «Саҳиҳул Бухорий»да келтирилган: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Имконияти бор одамнинг қарзни бермай, чўзиши зулмдир...», дедилар».


Мавзуга доир:

Сеҳр-жодунинг яратилишидаги ҳикмат нелигини биласизми?


Қарз жуда нозик масала. Унинг ҳисоби қаттиқ. Кимдир вафот этса, албатта, ворислари, яқин инсонлари унинг қарзини ўз зиммаларига олишади. Нега? Сабаби қарздор одамга Қиёматда Аллоҳ таоло: «Эй бандам, мен сен билан ўзимнинг орамдаги бузилган ҳақларни кечиб юборишим мумкин, лекин сен билан бошқа бандаларим орасидаги ҳақлардан кечолмайман, уларнинг розилигини ол», дер экан. Агар банда қарздор ҳолда вафот топиб, яқинлари ҳам унинг қарзини узиб қўймаган бўлса, охиратда ҳақдорни рози қилмагунча тинч қўйилмас экан. У пайтда одамда қилган амалларидан бошқа нимаси бўлади? Ҳеч нарса. У ўзининг савобларидан бериб қутулар экан. Савоби қолмаса, ўша қарз берган кишининг гуноҳларини олиб, қутулар экан.

Шунинг учун, азизлар, одамларнинг ҳақидан ҳазар қилмоғимиз шарт. Қарз олсак, тўғри ниятда, насиб этса, узаман, деган ниятда олайлик. Шунда Аллоҳ ҳам бизга ёрдам беради. Еб кетиш ёки ҳа, бир куни бераман-да, қочиб кетармидим, деган мақсадда қарз олган одам барака топмайди.


Саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур жавоб берди.

«Маънавий ҳаёт» журналидан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг