Қибрайда ҳудудни «кўкаламзорлаштириш мақсадида» дарахтлар кесиб ташланди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қибрай тумани «Ботаника» маҳалласида дарахтлар кесилаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди.
Қибрай тумани ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, дарахтлар ҳудудни ободонлаштириш мақсадида туман экологлари билан биргаликда кесиб ташланганини билдирди.
Ҳокимликка кўра, мазкур маҳалла жорий йил «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 1-мавсумида «қаровсиз бўлган жами майдони 34 сотих ер майдонини ободонлаштириш ва кўкаламзорлашириш ҳамда маҳалла ёшлари учун умумий майдони 800 квадрат метрни ташкил этадиган сунъий қопламали ёпиқ футбол майдонини қуриш лойиҳасини ютиб олган.
«Лойиҳа доирасида 1,5 млрд сўм маблағ эвазига замонавий, ёпиқ футбол майдонини қуриш ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуд атрофини янада кўкаламзорлаштириш ҳамда сайр қилиш йўлакларни ташкил этиш мақсадида мазкур қаровсиз боғдаги қуриган ва парваришлаш имкони мавжуд бўлмаган 3 туп гилос ва 3 туп ўрик дарахтлари ҳамда 1 дона сирен бутаси (мораторий жорий қилинмаган) жами 7 дона дарахт Ҳукуматнинг 464-сонли қарорининг 1-илова, 1-боб, 2-бандида келтириб ўтилган талаблар асосида, туман Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўлими масъуллари иштирокида тегишли тартибда (видеода қонун талаблари бузилганлиги иддао қилинган) кесилган», – дейилади ҳокимлик муносабатида.
Расмий муносабатда, шунингдек, ҳудудда «Яшил боғ» ташкил этиш, аҳолининг мароқли дам олиши учун қулай ва экологик тоза ҳудуд яратиш мақсадида барпо этилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳада аҳоли вакилларининг таклиф ва тавсиялари ҳам инобатга олингани айтилади.
Ўз навбатида, Қибрай тумани ҳокимлиги фуқароларга «асоссиз ва ёлғон маълумот тарқатиш учун жавобгарлик борлигини» эслатмоқда.
Вилоят экология бошқармаси тез орада ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат берилишини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter