Хитойдаги ўрмонлаштириш дастури мамлакатдаги сув мувозанатини ўзгартириб юборди
Хитойда сўнгги ўн йилликларда амалга оширилган йирик ўрмонлаштириш дастурлари кутилмаган экологик оқибатларга олиб келди. Олимлар маълумотига кўра, мамлакатда миллиардлаб дарахт экилиши сув ресурслари тақсимотини сезиларли даражада ўзгартирган.
Маълум қилинишича, 2001–2020 йиллар давомида ўсимликлар қопламининг кескин ортиши Хитой ҳудудининг 74 фоизида сув захиралари камайишига таъсир кўрсатган. Айниқса, шарқий ва шимоли-ғарбий ҳудудларда бу жараён кучлироқ сезилган.
Тадқиқотларга кўра, ўрмонлар кўпайиши буғланиш ҳажмини оширган ва намликнинг бир қисми Тибет тоғ платосига кўчишига олиб келган. Натижада мамлакат гидрологик мувозанати ўзгара бошлаган.
Шунингдек, айрим яйловларни ўрмонларга айлантириш ёмғир миқдорини оширган бўлса-да, аҳоли учун мавжуд сув ҳажмини камайтирган. Бу айниқса сув танқислиги юқори бўлган шимолий ҳудудлар учун долзарб масала ҳисобланади. Чунки Хитой аҳолисининг қарийб ярми айнан шу ҳудудларда яшайди, аммо сув ресурсларининг фақат 20 фоизи шу ерларга тўғри келади.
Хитой тажрибаси экологик дастурлар ҳатто ижобий мақсадда амалга оширилганда ҳам табиат мувозанатига кутилмаган таъсир кўрсатиши мумкинлигини намоён қилди. Олимлар келгусидаги кўкаламзорлаштириш лойиҳаларида сув омилларини ҳам ҳисобга олишга чақирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter