Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда янгилик: «Эзгулик кутубхонаси» ҳақида эшитдингизми?

Самарқандда янгилик: «Эзгулик кутубхонаси» ҳақида эшитдингизми?

Фото: «Xabar.uz»

Президент Шавкат Мирзиёевнинг китоб ва китобхонлик борасида айтган фикрлари, қабул қилган қарорларидан илҳомланган самарқандлик бир гуруҳ ташаббускорлар эзгу ишга қўл уришди. Улар «Алишер Навоий» номли истироҳат боғи кираверишида антиқа кутубхона ўрнатишди. Яхши ният билан «Эзгулик кутубхонаси» деб номланган бу кутубхона бир қарашда автобус бекатига ҳам ўхшаб кетади. Бундай «мобиль кутубхона»ни қуриш ҳам, керак бўлиб қолганда кўчириш ҳам қийин эмас.

Мазкур мобиль кутубхоналар шундай кўринишга эга бўлади.

Лойиҳа муаллифлари Хайрулла Мамасолиев, Ойбек Остонов, Дилшод Алимов Самарқанд шаҳрининг олий ўқув юртлари, бозорлар, автошоҳбекатлар, вокзал ва аэропорт, боғлар, маҳалла марказлари каби одамлар гавжум ерларида жами 35 та ана шунақа «Эзгулик кутубхонаси»ни ўрнатишмоқчи.

— Бу кутубхоналар унча қиммат бўлмаган, енгил қурилиш материалларидан ясалади, уларни йиғиш, ўрнатиш ҳам қулай бўлади, — дейди лойиҳа раҳбари Хайрулла Мамасолиев.

— Ҳозирча «Эзгулик кутубхонаси»ни ўз ҳисобимиздан китоблар билан тўлдирамиз, аммо, эътибор берган бўлсангиз, кутубхона «девори»га «Битта китоб олсанг, битта китоб қўй!» деган шиоримизни ҳам ёзиб қўйганмиз, умидимиз борки, «Эзгулик кутубхонаси»нинг мижозлари эзгулик қила оладиган, битта китоб олса, битта, ҳатто кўпроқ ҳам китоб қўя оладиган инсонлар бўлишади, — деди Дилшод Алимов. — Кутубхоналар сони кўпайса, шаҳардаги, вилоятдаги кутубхоналар, китоб дўконлари, шаҳар раҳбарлари ҳам бу эзгу ишдан четда туришмайди, бу мобиль кутубхоналарни китоблар билан бойитишда ўз ҳиссаларини қўшишади, деган умидимиз бор.

«Эзгулик кутубхонаси» очилгач, бунинг эшиклари ҳам бўлмаса, қулфлаб қўйиб бўлмаса, истаган одам кириб-чиқиши мумкин бўлса, кечаси аҳволи нима бўлиши билан қизиқдик.

— Саволингиз ўринли, аммо бунинг ҳам чорасини кўриб қўйганмиз, — деди Хайрулла Мамасолиев. — Аввало, «Эзгулик кутубхонаси» кечаси яхшигина ёритилади, ундан ташқари «IP камера»лар ўрнатилилиб, назорат қилинади, бундан ташқари, ички ишлар бошқармасининг патрул-пост хизмати ходимлари кутубхоналар қўриқланишини назорат қилишмоқчи.

Бугун барчани Самарқанддаги биринчи «Эзгулик кутубхонаси»нинг очилишига таклиф қиламиз!

Каримберди Тўрамурод,

«Xabar.uz»нинг махсус мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг