Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятига оид фармонни имзолади

Шавкат Мирзиёев Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятига оид фармонни имзолади

Иллюстратив сурат.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Фармон «O'zbekiston 24» телеканали орқали ўқиб эшиттирилди.

Адлия вазирлигининг «Telegram»даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилишича, фармон билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида бир қатор тадбирлар белгиланди. 

Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари энг авввало:

— оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш;

— хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш;

— хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга шахсан жавобгардир.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбари этиб сайланганидан сўнг Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова лавозимидан озод этилиб, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлигига ўтказилган, унинг ўрнига Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши раиси сифатида ишлаб келаётган Танзилла Норбоева тайинланган эди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган мурожаатномасини ўқиб бериш асносида маърузадан четга чиқиб бир қанча амалдорларни қаттиқ танқид қилган, Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзилла Норбоеванинг фаолияти ва умуман, Ўзбекистондаги хотин-қизлар аҳволига алоҳида тўхталиб ўтган эди:

«Хотин-қизлар масаласи бўйича қарорга қўл қўя олмаяпман. Жойларда аёлларни аҳволи жуда оғир. Оддий аёлни дардини ҳеч ким билолмаяпти. Хотин-қизлар раиси мажлисларда ўтиравермасдан жавобгарликни бўйнига олса», — деган эди Ўзбекистон раҳбари. 

Президент ўз маърузасида аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари соат сайин ошаётганини алоҳида қайд этди. «Норбоевага ўхшаган «коттаконлар» статистика беришнинг ўрнига мана шу ҳолат ҳақида бонг уриши керак», — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Президент шундан сўнг Хотин-қизлар қўмитаси керакми-йўқми ўзи, деган масалани ўртага ташлади ва модомики керак экан, унинг фаолияти қай йўсинда бўлиши керак, шу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўриш кераклигини айтиб ўтган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг