Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижратда юрганида онасининг таъзиясига қандай келиб-кетган эди?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижратда юрганида онасининг таъзиясига қандай келиб-кетган эди?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Фото: «Azon.uz»

Муҳаммаджон Обидов шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Ўзбекистонга оналари қабрини зиёрат этиш учун бир ҳафтага келиши билан боғлиқ хотираларни ёдга олди. Журналистнинг хотиралари  «Daryo.uz» нашрида эълон қилинди. Қуйида мақолани аслича келтирамиз.


Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг муборак номлари яна диллардан тилларга кўчди. Президент Шавкат Мирзиёев буюк аллома руҳига кўрсатаётган юксак эҳтиромдан қалбимиз ҳаяжонда. Қани энди шундай иззат-икром барҳаёт чоғларида бўлганида эди...

Ҳазрат вафот этган кунлари барча ватандошлар каби мен ҳам изтиробда қолдим ва иккимиз учун ҳам ғоят ноқулай, аммо масъулиятли учрашув ҳақида кичик хотира ёзгандим. Бугун уни сиз билан баҳам кўргим келди.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идораси муфтийси, мен таниган, билган инсонлар ичидаги дунёвий ва исломий илмни мукаммал эгаллаган ул зоти шариф билан хизмат тақозоси юзасидан бир неча бор учрашгандим. Мустақилликка эришилганида барчадан кўп қувонганлардан бири ҳам шу инсон бўлди. Тақдир экан, бир вақтлар келиб ватандан чиқиб кетдилар.

Орадан бир неча йил ўтиб, шайх жанобларининг волидалари бандаликни бажо келтирди. Эшитишимизча, Осиё мамлакатларидан бирида истиқомат қилиб турган шайх давлат раҳбариятидан изн олиб, она қабрини зиёрат қилишга келади. Ўшанда мен Ўзбекистон телевидениеси «Ахборот» дирекциясининг Фарғона водийсидаги махсус мухбири бўлиб ишлардим. Бу хабарни эшитгач, аллома зиёратига бормоқчи бўлиб турган эдим, «Ахборот» раҳбари қўнғироқ қилиб, Андижонга, Хўжаободга боришим, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан учрашиб, интервью олиш имконини топишимни буюрди. Мен дарҳол Хўжаободга, ҳазратнинг ота-оналари яшайдиган қишлоққа йўл олдим.

Катта йўлдан ўнгга бурилиб қишлоққа кириб борар эканман, ҳар тарафдан бир кўча томон кекса-ёш оқиб кетаётганини кўрдим. Ҳали манзилгача чамаси бирор чақирим бўлса-да, машиналар зичлашиб, тирбандлик юзага келди. Тасвирчи Шуҳратжон Мирзакаримовни шу ерда қолдириб, одамлар оқимига қўшилдим. Мана, ниҳоят хонадонга яқинлашдик. Қўштабақали эшикдан кирувчилар ҳам, чиқувчилар ҳам назаримда бирдек эди. Навбат билан аста-секин мен ҳам остона хатлаб ичкари кирдим. Ҳовли тўла одам. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамма билан бир-бир қучоқ очиб саломлашар, қадрдонлари келганида бир дақиқа бўлса ҳам ҳол-аҳвол сўрарди. Кексалар, асл шогирдлар кўзларида ёш, ҳазратни қучоқдан қўйиб юборгиси келмасди.

Қаторда келяпман-у, ичимдаги ҳаяжонни боса олмасдим. Мени танирмиканлар? Гапни нимадан бошлайман? Азадор алломага топшириқ ҳақида қандай гапираман? Ҳарчанд ўйламай, биронта ҳам саволга жавоб топа олмасдим.

Мана ниҳоят олдимда бораётган қарияни бағрига босган ҳазратнинг кўзлари менга тушди. Назаримда, менга қараб қуюқ қошларини чимириб қўйгандек бўлдилар.

— Ассалому алайкум, Ватанга хуш келибсиз, ҳазрат.

— Э-э, Муҳаммаджон жаноблари, соғ-омонмилар, — маҳкам қучоқлади бақувват қўллар.

— Оллоҳ сабр берсин, ўтганларни раҳматига олсин.

— Раҳмат, раҳмат, — қучоғидан бўшатиб, икки елкамдан ушладилар. — Оллоҳнинг иродаси, нима ҳам қила олардик.

Мен одоб билан ўзимни четга олдим. Дарвозанинг ўнг томонида чоғроқ айвон бор эди. Шу ерга келиб сафга қўшилдим. Ҳазрат турган ерларида эса яна неча одам уларни зиёрат қилди, ҳисоблаб бўлмасди. Ҳовли тўлганида зиёратчилар тўхтатилиб, уламолардан бири Қуръон тиловат қилар, шундан сўнг ичкаридагилар ташқарига, ташқаридагилар ичкарига томон интиларди.

Чамаси, йигирма дақиқалардан сўнг ўқилган Қуръонга фотиҳа тортилгач, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эшик олдида кириш-чиқишни ташкиллаб турган кишига қарата қўлларини кўтардилар ва «Бир нафас тўхтаб турайлик», дедилар-да, менга қараб кела бошладилар. Мен ҳам ҳазрат томон илдам юрдим. Тўқнашдик. Улар қўлтиғимдан олиб қулоғимга шивирладилар:

— Менга нима хизмат бор?

Азойи-баданим олов бўлиб ёниб кетди. Вазифа ҳақида қай тил билан айтай?

— Ҳеч, — дедим титроқ овозда. — Сизни зиёрат қилгани келганмиз, холос...

— Тақсир, вақт ғанимат. Айтаверинг. Мен сезиб турибман, сизни тушунаман.

Қарасам, дарҳақиқат гапни пайсалга солиб бўлмайди. Шунда ҳам ўзимдан қилиб айтдим:

— Ҳеч қандай хизмат йўқ, лекин ҳар эҳтимолга қарши тасвирчимни ҳам олиб келгандим.

— Сизлар мана бу хонага кириб ўтириб туринглар, ўн-ўн беш дақиқада кираман, — деди ҳазрат айвонга туташган хонани кўрсатиб ва бояги эшикбонга «рухсат» дегандек ишора қилдилар. Яна одамлар оқими кириб кела бошлади.

Машина боя айтганимдек, анча олисда эди. Тасвирчини олиб келгунча қора терга ботдим. Қолаверса, видеокамера кўтариб келаётганимизни кўрган одамларнинг бири ҳайрон бўлса, бошқасининг юзида заҳархандаликни туюш мумкин эди.

Биз айтилган хонада узоқ кутмадик. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кира солиб, «мен тайёрман», дедилар. Тасвирчи бизни дераза ёнига турғазди. Ёруғликни мослади.

—Аввало таъзиямизни қабул қилсангиз. Ҳеч бир инсонга абадий умр берилмаган. Ҳаммаси яратгандан. Тошкентдан Андижонга машинада келибсиз...

Суҳбатдошим нима демоқчи эканимни фаҳмлаб турарди, шунинг учунми, сўзимни бўлиб гапира кетди. Ҳазрат самолётдан тушиб, бир муддат пойтахтни айланганини, у ердаги улкан қурилишлар, янги-янги иншоотлар, кенг кўчалар, ободончиликдан хурсанд бўлгани, айниқса, одамлар кайфияти чоғ, юзлари нурли, кўзларида келажакка ишончни ҳис қилганларини, бундай фаровонлик, юрт осмони тинчлиги, иқтисоди барқарорлиги, давлат раҳбари — юртбошининг оқил, адолатли сиёсати натижаси эканини завқланиб сўзладилар. Шаҳар-қишлоқларда юзлаб масжидлар очилиб, ҳожилар сафи йилдан йилга кенгаётганидан таскин изҳор қилдилар. Ислом оламининг буюк намояндалари ётган жойлар мукаммал зиёратгоҳга айланганини эшитганликлари, шу кунларда уларнинг ҳар бирига бориб, пойида Яратганга шукроналар айтмоқчи эканликларини билдирдилар.

Олти–етти дақиқалик суҳбат шу қадар мукаммал жумлалар, фахрга тўла ибораларга қурилган эди-ки, ундан бир сўз олиб ташлаб бўлмасди.

Мен ҳазратга миннатдорчилик билдирдим.

— Насиб қилса яна учрашармиз, — дедилар бизни кузатган бўлиб.

Ўша йиллар телевизион техника ҳозиргидек ривож топмаган, суҳбатни Андижонда монтаж қилиб, эфир орқали Тошкентга узата олмас эдим. Машинамиз ўқдек учиб Тошкентга етиб келди. Суҳбат кўриб чиқилди ва шу куниёқ «Ахборот»нинг кечки дастурида бир оз қисқартиш билан намойиш қилинди. Мен ёш болалардек шод, тетикман. Андижондаги руҳий босим, йўл чарчоғидан асар ҳам қолмаган. Гўё, дунёда мендан бахтиёрроқ инсон йўқдек эди ўша дақиқаларда.

Йиллар ўтиб ҳазрат Ватанга буткул қайтдилар. Менга улуғ зотнинг суҳбатларида бўлиш бир неча бор насиб этди. Бу учрашувларнинг ҳар бири мен учун битмас-туганмас ҳаётий сабоқ бўлиб қолди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг