Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инсон ҳуқуқлари форумига бағишланган брифинг ташкил этилди

Инсон ҳуқуқлари форумига бағишланган брифинг ташкил этилди

Жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Шу мақсадда 2018 йил 21 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Халқаро пресс-клуб томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми олдидан пресс-брифинг ташкил этилди.

Ушбу пресс-брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Х.Саидов ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ДИИҲБ ЕҲХТ (Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ЕҲҲТ) Демократлаштириш масалалари бўйича департамент бўлими раҳбари Марчин Валецки, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер; БМТнинг Бош котибининг ўринбосари, Женевадаги БМТ идорасининг Бош директори Михаэль Мёллер; БМТнинг Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг минтақавий вакили Ришард Коменда вакиллари иштирок этдилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессияси минбаридан бир қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, ўшанда мамлакатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан мулоқоти чоғида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказиш ташаббуси билан чиққанди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан буён ўтган 70 йил ичида инсон ҳуқуқларига бағишланган бундай юксак нуфузга эга халқаро анжуман илк бор Осиё қитъасида – Ўзбекистонда, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ташкил этилмоқда.

Халқаро анжуман иштирокчилари тўртта сессияда муайян мавзулар бўйича мулоқот олиб боради.

Биринчи сессия – «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мероси – универсаллик ва инсон ҳуқуқлари», деб номланади.Ушбу сессия иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг универсаллиги ва ўзаро боғлиқлиги принципларига бағишланади. Унда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги мажбуриятларнинг бажарилиши борасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар кўриб чиқилади.

Иккинчи сессия – «Инсон ҳуқуқлари – Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш асоси сифатида», деб номланган.Унда БМТ белгилаган мақсадларга эришиш учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тутган ўрни ва аҳамияти муҳокама қилинади.

Учинчи сессия – «Инсон ҳуқуқлари соҳаси таълими: инновациялар ва янги даъватлар». Мазкур сессия кенг аҳоли қатламларига инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича таълим беришни ташкил этиш соҳасидаги янгича ёндашувлар ва инновациявий ечимлар таҳлилига бағишланади. 

Тўртинчи сессия – «Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, ҳимоя этилиши ҳамда уларга риоя қилинишини таъминлаш масалаларида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги» деб аталади. Форум иштирокчилари ушбу сессияда инсон ҳуқуқлари ҳимоя этилишини таъминлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ҳамкорликда қўллайдиган механизмлар, воситалар ва ёндашувлар хусусида сўз юритадилар


БМТнинг Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг минтақавий вакили-Ришард Коменда

Демократлаштириш масалалари бўйича департамент бўлими раҳбари-Марчин Валецки

Осиё форуми якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган. Ушбу якуний ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни янада самарали бажариш истиқболларига бағишланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг