Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вақт машинаси: Эшигига ғишт тиркалган совуткич...

Вақт машинаси: Эшигига ғишт тиркалган совуткич...

Болалигим собиқ иттифоқнинг сўнгги ўн йиллигига тўғри келган. Уйимизга биринчи совуткич қандай олиб келингани эсимда бор. Совуткич сотиб олишимиз ҳақидаги гап-сўзлар анча олдин бошланди, ота-онам, ўша вақтларда ёш оила, етарлича пул жамғариб қўйишганди чамамда. Энди навбат келишини кутиш қолганди холос.

Ниҳоят совутгич учун навбат етиб келди. Катталар совуткични уйга олиб келиш учун дўконга кетишди, биз эса интиқлик билан кутардик. Узоқ кутилган "мўъжиза" – "Помир" совуткичи кечга яқин Газ-66 машинасининг юк қисмида, ҳеч қандай картон қутисиз, тик ҳолатда келтирилди. Менимча юриб кетаётган юк автомобилида совуткични ушлаб келиш ҳам осон бўлмаган. Хурсанд бўлдик, аммо байрам узоққа чўзилмади – совуткичнинг эшиги носоз экан. Совуткичдан бирор нарса олиш ёки қўйиш керак бўлса, эшиги бир ёнга олиб қўйиларди. Бунақа мураккаб операцияни ёш болалар бажара олмасди албатта, катталарнинг ёрдами керак бўларди. Эшик совуткични ёпиб туриши учун эса тагига тиркалган ғишт бўлиши шарт эди. Онамнинг айтишича, ўша эшиги бузуқ совуткични олмаганимизда, кейин шу ҳам насиб қилмасди экан. Бошқа кимдир бундай "ноёб”, “тақчил" матоҳни албатта илиб кетарди.

Менимча бунақа манзара бир мен эмас, кўпчиликка таниш. Журналистик фаолиятим давомида кўплаб таҳлилий материаллар тайёрлаганман. Лекин бозор иқтисодиёти ва режали иқтисодиёт ўртасидаги яққол фарқни ҳеч бир расмий статистика болалигимдаги ўша "ғиштли совуткич"чалик аниқ ифодалаб бера олмайди.

Тақчиллик фалсафаси: "Пул бор, аммо мол йўқ"

Собиқ иттифоқ давридаги иқтисодий тизимнинг энг оғриқли нуқтаси тақчиллик (дефицит) эди. Одамларнинг қўлида маблағ бўлса-да, эркин равишда истаган буюмига сарфлаш имконияти чекланганди. 1980-йилларнинг ўрталари ва охирларида Ўзбекистонда ёш оилаларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 110–180 рубл атрофида бўлган. Бир дона ўртача сиғимли "Помир", "Бирюса" ёки "Саратов" совуткичи эса 250–380 рубл (яъни камида икки ярим-уч ойлик маош) турарди. Маиший техника – ҳаётий заруратдан кўра оилавий мавқе белгиси ва йиллаб кутиладиган "орзу" эди.

Масалан ёш оила рўзғордан орттириб бирор нарса сотиб олиш учун кўп нарсадан воз кечиб маблағ йиғар, пул тайёр бўлгач корхона ва ташкилотлар рўйхати орқали яна бир йилдан уч йилгача навбат кутарди.

Қолаверса, сифат ва сервис муаммоси ҳам бор эди. Ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат йўқлиги сабабли маҳсулот сифатига эътибор паст эди. Эшиги бузуқ совуткични қайтариб бериш ёки алмаштириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди – чунки ўрнига бошқаси йўқ. Кафолатли сервис марказлари ва етказиб бериш хизматлари деярли мавжуд эмасди.

Танлов-чи, дейсизми? Узоқ кутганига эришган харидор олаётган маиший жиҳознинг ранги, сифати, катта-кичиклиги қизиқтирмаган, дўконга нима келса, ўшани оларди.

Бозор гапиради...

Орадан қарийб қирқ йил ўтиб, Ўзбекистондаги манзара тубдан ўзгарди. Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат маиший техника импорт қилувчи, балки ўз эҳтиёжларини қоплаб, қўшни давлатлар бозорини ҳам фаол эгаллаётган йирик ишлаб чиқарувчига айланди. Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи расман 7,2 миллион сўм атрофида бўлиб, сифатли маҳаллий совуткичлар 3-4,5 миллион сўм, хорижий брендларники эса 5-8 миллион сўм туради. Яъни бугунги ёш оила йиллаб пул йиғиши шарт эмас, битта ойлик маошига бемалол совуткич харид қилиши мумкин. Навбатда туриш ҳақида эса гапириш ҳам шарт эмас, бугунги авлод совуткич ёки кир ювиш машинаси учун навбатга туришни тасаввур ҳам қила олмайди.

Бугун Тошкентдан тортиб энг чекка туман марказларигача бўлган савдо мажмуалари, ихтисослашган дўконлар тармоқлари ҳамда онлайн платформаларда минглаб турдаги техникалар муҳайё. "Artel", "Shivaki", "Avalon", "Hofmann", "Samsung", "LG", "Bosch" ва бошқа брендлар маҳсулотлари ёнма-ён турибди.

Илгари совуткич олиш учун йиллаб пул йиғиш ва навбат кутиш керак бўлса, бугун исталган фуқаро нақд пул, банк картаси ёки онлайн тўлов тизимлари орқали бир неча дақиқа ичида харидни амалга ошириши мумкин.

Бугунги замонавий харидор эшиги бузуқ совуткичга қайрилиб ҳам қарамайди, сотиб олинган техника ҳам камида 1-3 йиллик расмий сервис кафолати билан таъминланади. Агар телевизор, совуткич ёки совуткичда заррача нуқсон бўлса, харидор уни нафақат алмаштиради, балки дўкондан маънавий зарар учун узр ҳам сўратади.

Энди Ўзбекистон нафақат четдан кириб келган маҳсулотга "сарғаяди", балки бугун Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига совуткич, кондиционер, телевизор, газ плитаси ва кир ювиш машиналарини экспорт қилувчи минтақавий хабга айланди.

Хулоса ўрнида

Болалигимдаги ўша совутгич эшигига тиркалган оғир ғиштни эслаганимда, у шунчаки лойдан пиширилган қўпол матоҳ эмас, балки собиқ иттифоқи иқтисодиётининг рамзи бўлганини ҳис қиламан. Ўша тизимда одамлар пули бўла туриб муҳтож, танлови йўқ, чорасиз эди. Онамнинг "шуни олмасак, кейин бу ҳам насиб қилмайди" деган сўзлари эса бутун бир авлоднинг ана шу ноиложликка кўникиб қолганидан далолат берарди. Совуткичнинг бузуқ эшигини эса фақат халқнинг сабр-қаноати ва ўша "ғишт"гина ушлаб турарди.

Бугунги манзара тамомила бошқача. Энди совуткични юк машинаси устида икки киши ушлаб келмайди, уйга кирган техника оиладаги энг катта байрам эмас, оддий кундалик ҳодисага айланган. Агар ўтмишда эшиги ёпилмайдиган совуткичга ғишт тираб юрган бўлсак, бугун эшиги очиқ қолса, ўзи овоз чиқариб эслатадиган "ақлли" техникалар даврида яшаяпмиз.

Тараққиётнинг олий баҳоси ҳам аслида шу – инсон меҳнати эвазига муносиб ҳаёт кечириши, рўзғори бут, кўнгли хотиржам бўлиши шарт.

Зафар ҚОСИМОВ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг