23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ҳаво сифати қандай бўлмоқда?
Ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда. Хусусан, 23 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ёмонлашди. Кечки ва тунги соатларда ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича “носоғлом” даражада сақланди. Соат 01:00 дан кейин ҳаво сифати яхшиланиб, дастлаб “сезгир гуруҳлар учун носоғлом”, кейинчалик “ўртача” даражада кузатилди. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича дастлаб “сариқ” ва “зарғалдоқ”, туннинг иккинчи ярмида “яшил” даража қайд этилди.
Ҳаво сифати ёмонлашишига кечки соатларда кузатилган кучсиз шамол, ҳаво ҳароратининг пасайиши ва ҳарорат инверсияси таъсир кўрсатди. Ушбу шароит маҳаллий ҳамда қўшни ҳудудларда шаклланган ташламалар ва PM заррачаларининг тарқалишини чеклаб, уларнинг ер юзасига яқин қатламда сақланиб қолишига шароит яратди. Соат 00:00 дан кейин шарқдан эсган шамолнинг кучайиши, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва нисбий намликнинг пасайиши натижасида PM заррачалари миқдори камайиб, ҳаво сифати яхшиланди.
"Экологик мониторинг миллий маркази" мутахассислари томонидан Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Тошкент, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларида ҳаво сифати ҳолати бўйича инструментал ўлчовлар ўтказилди. Шунингдек, Экополиция томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига йўл қўймаслик ҳамда белгиланган экологик талабларга риоя этилишини назорат қилиш бўйича доимий кузатув ва рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Прогнозларга кўра, бугун, 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ҳаво сифати кундузги соатларда асосан “ўртача”, кечки соатларда “сезгир гуруҳлар учун носоғлом” даражагача ўзгариши мумкин. Миллий индекс бўйича ҳаво сифати, асосан, “яшил”, қисқа муддатларда “сариқ” даражада бўлиши кутилмоқда.
Маълумот учун, айни дамда ҳаво сифати борасида мониторинг ва рейд тадбирлари давом эттирилмоқда. Хусусан, 1–21 ноябрь кунлари атмосфера ҳавосининг ифлосланиш ҳолати метеорологик шароитлар, автоматик мониторинг станциялари ва лаборатория таҳлиллари асосида ўрганилиб, ой охирига қадар ҳаво сифати қандай бўлиши прогноз қилинди. Шунингдек, рейд тадбирлари давомида Тошкентда корхоналардан бири ҳавони ифлослантириб келаётганлиги аниқланиб, чора кўрилди.
Мониторинг ва рейд тадбирлари давом эттирилмоқда ҳамда жамоатчилик ҳар куни ҳаво сифати қандай бўлиши борасида доимий хабардор қилиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter