Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йўллардаги қоидабузарликлар

Йўллардаги қоидабузарликлар

Фото:ООО ЛАЙПАНОВ

Кўпчиликка маълум, охирги пайтда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга қарши кураш анча кучайди, пойтахтдаги айрим чорраҳаларга камералар ўрнатилди, жарималар миқдори оширилди, ҳар бир автомобиль кузатувдалиги маълум қилинди 

Айниқса, сўнгги кунларда «Facebook» ижтимой тармоғидаги «Водители Ташкента» гуруҳидаги асосий постлар йўл-ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар ҳақида бўлмоқда. Бу борада кўпчилик иккига бўлинди, кимдир бу ҳаракатни ёқлади, кимдир қоралади. Шахсан мен ёқлаганлар тарафдориман, чунки ҳар ким қоидага риоя қилиши, қоидабузарликларга қарши ҳамма бирдек курашиши керак деб ўйлайман.

Ўзим кўп йиллар пиёда мақомида бўлдим, яқин бир йил ичида ҳайдовчилик мақомига ўтиб шунга амин бўлдимки, йўл ҳаракати қоидалари жудаям кўп бузилади. Хулоса қиладиган бўлсак, ДЙҲХБнинг расмий сайтида келтирилган қоидабузарликлар сонидан бир неча бор кўплигига шубҳа йўқ.

Ҳайдовчилик маданиятига ҳавас билан қарай олмаймиз. Мисол учун, кўп кузатдим, пиёдалар йўлакчасида автомашиналар тўхтаб, пиёдани ўтказаяптими, демак, ё кузатув камераси бор, ё сал нарироқда ДЙҲХБ ходими. Албатта, бу умумий хулоса, яъни фақат салбий томонлари тилга олинмоқда. Қоидаларга риоя қиладиган ҳайдовчилар ҳам талайгина.

Қоида бузилиши ҳақида гап кетар экан, аввало бир масалани алоҳида қайд қилиб ўтиш керак: қонун-қоидаларга бўйсуниш талаб қилинишидан олдин шунга яраша шароит яратилиши шарт. Пойтахт йўлларининг ўзида камчиликлар бисёр, вилоятлардаги ёки марказдан чеккароқдаги аҳволни гапириб ўтириш шартмасдир. Тошкентдаги бирор-бир идорага кирмоқчи бўлсанг тўхташга жой йўқ, бўлса ҳам тақиқловчи белги бор. Қоидани бузишга мажбурсан ёки автомашинани анча узоқроққа қўйишга тўғри келади. Тошкентдаги кўп кўчаларда тақиқловчи белгилар қўйилганига қарамасдан, автомашиналар қатор бўлиб турганини деярли ҳар куни кўриш мумкин.Мисол учун кўп йўл белгилари бетартиб (дарахтларга, электр устунларига) ўрнатилган.



Пиёдалар ўтиш йўлагини акс эттирувчи белги электр устунига ўрнатилган, майли, лекин пиёдалар махсус чизиғи йўқ, шу пайтгача чизилмаган ёки чизилганиям ўчиб кетган.


Тошкентнинг «Олмазор» метро бекати ёнидаги қуйидаги ҳолатга қандай изоҳ бериш мумкин? Бу муаммочани бартараф этишга ойлаб вақт талаб қилинмаса керак?

Ўзи умуман пойтахт йўлларига чизилган махсус чизиқ, белгиларнинг ранги ўчганига анча бўлган, янги чизилганиям ёғингарчиликдан кейин яна ярми кўринмас чизиққа айланади. Айрим йўллар шунчалик торки, ҳайдовчилар қарама-қарши йўналишга чиқиб кетишга мажбур бўлишади.

Пиёдалар...
Кўп ўйлаб қоламан: ким кўп қоида бузади: ҳайдовчиларми ёки пиёдаларми? Айрим пиёдаларни кўриб ҳайрон қолади одам, пиёдалар йўлакчасидан бемалол, телефонда гаплашиб ўтади, ерости йўли турганига қарамасдан, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб катта йўлни кесиб ўтади. Яқиндан бошлаб пиёдаларга ҳам жарима солина бошлади. Бу жуда тўғри қарор, лекин кўп гувоҳ бўламиз, пиёдаларни жаримага тортиш қийинроқ кечади, лекин бу баҳона бўлиши керак эмас. Бир хулосага қўшиламан, айрим одамларга соатлаб тушунтириш фойда бермаслиги мумкин, лекин бир марта жарима солинса, кейинги сафар ўйлаб иш қилади.

Транспортни бошқариш пайтида ёқимсиз ҳолатлар бўйича ўз фикримни «Twitter» ижтимоий тармоғида баён қилган эдим.

Ижтимоий тармоқда ўтқазган кичик сўров натижаси.

Хулоса ўрнида...
Йўлларда инсон ҳаёти, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг хавфсизлиги жуда муҳим. Қоидабузарлар ҳақида хабар қилаётганлар ўз фуқаролик бурчини бажариб, қонунни бузган шахсларни маълум қилишаяпти, буни нормал ҳолат деб ҳисоблайман. Зеро, Тошкент шаҳар ИИББ ДЙҲХБ раҳбарияти таъкидлаб ўтганидек, соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатларининг самарадорлиги кўп жиҳатдан бутун жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг бу ишлардаги фаол иштирокига ҳам боғлиқ.

Жасурбек Норметов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг