Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёшлар иттифоқи ҳузурида жамғарма тузилди. Илк молиявий ёрдам — 500 млрд.

Ёшлар иттифоқи ҳузурида жамғарма тузилди. Илк молиявий ёрдам — 500 млрд.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 27 июнь куни «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги фармонни имзолади.

2018 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури амалга оширилади.

Давлат дастури доирасида қуйидагилар амалга оширилади:

а) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармасини, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиалларини ташкил этиш, Жамғарманинг маблағларидан Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш, жумладан, қуйидагиларни амалга ошириш учун фойдаланиш:

ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;

Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш;

Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;

тегишли кўникмаларга эга банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш;

б) ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш;

в) давлат-хусусий шериклик шартларида:

ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказларини;

савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш.

Қуйидагилар 2018 йилда Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

— даромадларнинг прогноз қилинган қисмини ошириб бажариш ҳисобига республика бюджетидан 2018 йил июлда, 1 октябргача ва 1 декабргача тенг улушларда ажратиладиган 500 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам;

— ҳар чоракда Жамғармага ўтказиладиган, вазирлик, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган йиллик тушумларнинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сон фармони 13-бандига мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ҳар ойда тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;

— маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

— хайрия қилувчилар – жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

— Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғармага ижро этувчи директор – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади;

Жамғарманинг туман ва шаҳар филиалларига Жамғарманинг ижро этувчи директори томонидан тайинланадиган тегишли туманлар ва шаҳарларнинг муваффақиятга эришган ёш тадбиркорлари раҳбарлик қилади;

инвестициявий ва ижтимоий комплексларнинг республика ва ҳудудий органлари, шунингдек, молиялаштирувчи тижорат банклари ходимларининг 30 фоизгача бўлган қисми асосий иш жойи бўйича лавозими ва иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда Жамғармага, унинг туман ва шаҳар филиалларига бириктирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг