Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода зар иплар жилоси (фото)

Бухорода зар иплар жилоси (фото)

Фото: Xabar.uz

III  Халқаро Зардўзлик ва заргарлик фестивалида дунё усталари Бухорода учрашди.

Кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги ПҚ-5098-сонли қарори асосида нуфузли ва анъанавий III  Халқаро Зардўзлик ва заргарлик фестивали  бўлиб ўтди. Маданият вазирлиги, «Ҳунарманд» уюшмаси, Туризм қўмитаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган миллий  қадриятлар ва нодир ҳунармандчилик анъаналарини ўзида мужассам этган ушбу фестивал халқаро жамоатчилик эътиборини яна бир бор Бухорога қаратди.

Фестивал эрта тонгданоқ, «Мўъжизалар карвони»нинг тантанали юриши билан бошланди. «Арк» қўрғонидан Лаби ҳовуз мажмуасигача бўлган тарихий кўчалар бўйлаб ўтган юришда миллий либослардаги иштирокчилар, фольклор жамоалари, ҳунармандлар ва санъаткорлар қатнашди. Қадимий шаҳар кўчаларида янграган миллий куй-қўшиқлар, халқ сайиллари ва амалий санъат кўргазмалари фестивалга ўзгача руҳ бағишлади.

Тадбир миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш ҳамда Бухоронинг бой маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган. Фестивал доирасида Пойи Калон ансамбли, Нодир Девонбеги мадрараси каби тарихий масканларда кўргазмалар, маҳорат дарслари, концерт дастурлари, «Bukhara Fashion Days – 2026» либослар намойиши ва халқаро конференциялар ташкил этилди.  Шунингдек, 12 та номинация бўйича халқаро кўрик-танлов ўтказилиб, иштирокчилар ишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Африка, Европа, Осиё, Шимолий Америка ва Тинч океани минтақаларидан 38 давлатнинг 120 нафардан ортиқ вакили фестивалда қатнашиш истагини билдирган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 300 нафардан зиёд маҳаллий ҳунарманд иштироки таъминланган. Маълум қилинишича, бугунги кунда республика «Ҳунарманд» уюшмаси тизимида 26 мингдан ортиқ аъзо ва 119 мингдан зиёд шогирд фаолият юритмоқда.

Фестивал доирасида Ўзбекистон халқ устаси, машҳур зардўз Бахшулла Жумаевнинг 70 йиллигига бағишланган «Заррин иплар мусиқаси» номли ижодий фотокўргазма ҳам очилди. Кўргазмада миллий нақшлар билан безатилган либослар, йирик зардўзлик асарлари ва халқ қадриятларини акс эттирувчи 25 га яқин амалий санъат намуналари намойиш этилди.

- Зардўзлик мен учун шунчаки касб эмас, бу миллат тарихи ва қалбининг ифодаси,-дейди устоз ҳунарманд.

Унинг таъкидлашича, миллий санъатни асраб-авайлаш ва ёшларга етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Маълумот ўрнида: уч кун давом этган фестивалда Бухоронинг эски шаҳар кўчалари бўйлаб, ўн мингдан ортиқ хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар, шунингдек, туб аҳоли ҳаракатланди. Бунда хорижлик сайёҳларнинг маҳаллий сайёҳлардан зиёд эканини кузатиш қийин кечмади. Ҳатто, шу уч куннинг юқори даражадаги жазирамасига қарамай, эски шаҳар кўчалари гавжумликдан холи бўлмади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг