Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мозийга қайтиб...

Мозийга қайтиб...

Ўқувчилик давримизда дафтарларимизда академик шоир Ғафур Ғуломнинг «Вақт» шеъридаги қуйидаги сатрлар бериларди:

Азиз асримизнинг азиз онлари
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

Куни кеча «Ўткан кунлар» романи нашрининг 100 йиллиги муносабати билан Абдулла Қодирий уй-музейида ташкил қилинган «Мозийга қайтиб» адабий-маърифий кечаси ҳақида ёзгим келди. Файзли хонадонда А.Қодирий ижод мактаби ўқувчилари, Янги Ўзбекистон университети раҳбарияти, Республика «Маҳалла» жамғармаси, «Қадрият қаноти» жамияти ҳамда «O‘zbekligim-o‘zligim» нодавлат ташкилоти уюштирган тадбир бизларга тарихимиз ва моддий-маънавий бойлигимизга бефарқ бўлмай, уларни асраш йўлида нимадир қилиб бўлса-да, «умр дафтаримизни безамоқ чоғи»ни эслатди. Тадбир доирасида Туркистон сўзана ва миллий либослари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Биламиз, тарихий бойликларимиз хорижий музейларда, хусусий коллекцияларда сақланади. Уларнинг айримлари босқинчилик йўли билан олиб чиқиб кетилган бўлса, баъзиларини аждодларимизнинг ўзи қўш-қўллаб топширган (сотган). Тан олиш керак, агар ўша осори атиқалар хорижда сақланмаганида эди, ўзимиз йўқ қилган бўлардик (ҳадеб босқинчиларни айблайвериш ҳам адолатдан эмас). Узоқ йиллар Россияда сақланган Муқаддас Қуръони карим саҳифалари айнан мустақилликнинг илк йилларида сотилгани бунинг ёрқин мисолидир. Хўп, осори атиқаларимизни босқинчилар талон-торож қилган, 40 фоизини олиб кетишган дейлик. Қолган 60 фоизи қани? Ўзимиз йўқ қилмадикми?

Моҳира Султонова АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими ўзбекистонликлардан сотиб олинган буюмлар (юзга яқин аёллар либослари, палаклар)ни яна қайтариб олиб келди, отасига раҳмат. Ўзимиз бир вақтлар қадрига етмай сотиб юборилган буюмлар яна юртга қайтмоқда. «Зар қадрини заргар билади», деганлари шу бўлса керак. Бир вақтлар Омон Матжон куйиниб ёзган эди:

Аслини яратган халқнинг ўзида асли йўқ
Эшитганлар балки кулади.
Ҳали қанча Ҳамид Сулаймонлар
Қўлёзмалар устида ўлади...

Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари «Ўткан кунлар»ни саҳналаштирибди. Қойил қолдим. Cаҳналаштирилган композиция ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, агар шу парча ижтимоий тармоқлар ёки хусусий телеканалларда берилса борми, нур устига нур бўларди. Ўқувчиларнинг истеъдодига қойил. Ўзларига топиширилган ролларни қойилмақом ижро этишибди.

Биласизми, мен илк «Ўткан кунлар»ни ўқиб чиққанимда Хушрўйбибини ўша пайтларда анча машҳур бўлган (айниқса, «Қутлуғ қон»даги Нури роли билан) актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тамара Маҳкамова қиёфасида тасаввур қилган эдим. Тўғри, ҳозирги ёш авлод Тамара Маҳкамовани билмаслиги мумкин. Фикри ожизимча, Саида Раметова роллари кўп ҳолларда Тамара Маҳкамовага ўхшаб кетади. Ўқувчилар ижросидаги «Ўткан кунлар»дан парчаларни кўриб, Хушрўйбиби ролини ижро этган қизчамизни беихтиёр Тамара Махкамовага ўхшатиб юбордим.

Биламиз, бадиий асарлардаги салбий қаҳрамонларни кўпчилик хунук кўринишда қабул қилади. Аммо Абдулла Қодирий Хушрўйбибини ҳам, Зайнабни ҳам Тошкентнинг гўзал қизларидан эканини урғулайди.

Саҳна кўринишида икки опа-сингил суҳбати олдинги ўринга чиқарилишида рамзий маъно бор. Шу тариқа, аслида Кумушни бевосита Зайнаб эмас, билвосита опаси Хушрўйбиби ўлдирганига урғу берилган.

Сўнгги йилларда юртимизда «Заковат» ўйинларига қизиқиш кучайди. Тадбир доирасида «quiz» беллашуви ташкил этилди. Биринчи ўрин эгаларига олтита планшет ҳадя қилинди. Фаол иштирокчиларга ҳам махсус совғалар берилди.

Биламиз, бу каби ўйинларда иштирокчилар маълум маънода пул тўлайди. «Мозийга қайтиб» тадбири доирасида ўтказилган ўйиндаги барча ҳаражатлар Моҳира Султонова томонидан қопланди. Ижтимоий тармоқларда эълон берилгани боис ҳамкасбларимиз келиб, ўйинда иштирок этса керак, деган ҳаёлга боргандим. Аммо бармоқ билан саноқли журналистлар борди. «Заковат»да асосан ёшлар иштирок этди. Биз, катталар ҳам жамоа тузиб рамзий қатнашдик (яъни ютган тақдиримизда ҳам ютуқдан воз кечишни ният қилдик). Тан бериш керак, саволлар жуда мукаммал, аъло даражада тузилибди. Мушоҳадага ундовчи саволлар бўлди. Тўғриси, баъзи саволларга жавоб топишда жамоамиздагилар қатори мен ҳам қийналдим.

«Мозийга қайтиб» тадбири менга жуда таъсир қилди. Дўстимиз Фарруҳ Жабборов яхши бир фикрни ўртага ташлади: «Бу каби тадбирларни Абдулла Қодирий уй-музейида тез-тез ўтказиб туриш керак экан».

Майли, биз журналистлар аукционда балки иштирок эта олмасмиз. Аммо мана шу каби тадбир, мана шу каби аукцион ҳақида ёзиб, оз бўлса-да одамларни уйғонишига ҳисса қўшишимиз керак эмасми? Шоир ёзганидек:

Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек
Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас.
Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб,
Шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас.

Бир сўз билан айтганда, Абдулла Қодирий уй-музейида бўлиб ўтган адабий-маърифий кеча жуда манфаатли ва унутилмас бўлди. Зеро, бобомиз Юсуфбек ҳожи тили билан айтганда, “Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетган эрмас!”

Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг