Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хайрулла Ҳамидов ва Нодир Жонузоқ Каттақўрғон фожиасига муносабат билдиришди

Хайрулла Ҳамидов ва Нодир Жонузоқ Каттақўрғон фожиасига муносабат билдиришди

Фото: «Xabar.uz»

14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 23 ёшли Диана Енекеевани катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетгани, ўқитувчини зудлик билан шифохонага олиб боришларига қарамай жони узилгани ҳақида хабар берган эдик. «Xabar.uz» мазкур ҳодисани ўрганди ва суриштирув натижаларини эълон қилган эди.

Мазкур воқеа жамоатчиликни ларзага келтирди, минглаб юртдошларимизни чуқур қайғуга солди. Ижтимоий тармоқлар мавзуга доир постлар ва изоҳлар билан тўлиб-тошди. Фожиага Президент матбуот котиби Комил Алламжонов, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва кенг жамоатчилик вакиллари бефарқ қараб туришолмади, ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали ўз муносабатларини билдиришди. 

Миллат эртаси, юрт тақдирига дахлдор ушбу масала ижод аҳлини ҳам таъсирлантирди. «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Нодир Жонузоқ ҳамда «Маданият ва маърифат» телеканали муҳаррири Хайрулла Ҳамидов ўзбекистонлик шоирлар орасида биринчилардан бўлиб мазкур мавзуда юракларга оғриқ солувчи сатрларни қоралашди. 


Mиллат юзи

Дилимда наштардай бир саволим бор

(Безиён саволлар қатма-қат, лим-лим):

Миллатнинг юзини босмасми ғубор,

Кўча супуришга чиқса муаллим?

 

Не ҳол бу, мактабда йўқми ё иши?

Ё қора меҳнатга тушганми ишқи?

Наҳотки қайтара олмас ҳеч киши,

Кўча супуришга чиқса муаллим.

 

Жовдираб термилар зиёли кўзи,

Довдираб ўрда ҳам, қирда ҳам ўзи,

Ҳатто жужуқларга ўтмайди сўзи,

Кўча супуришга чиқса муаллим.

 

“Юртга нафи тегса нима қипти, хўш?!

Омборлар тўлади - сен ҳам улуш қўш…”

Фақат, болаларнинг мияси бўм-бўш,

Кўча супуришга чиқса муаллим.

 

Кўзлари тўрт бўлиб кутгай бўш синф,

Умиди бўрдай мўрт - тўкилар синиб.

Дарсини хаёлда ўтар хўрсиниб,

Кўча супуришга чиқса муаллим.

 

Ҳолбуки, алқайди зангор қутилар,

Ялтироқ сўзларга зеб бериб қутлар...

Оҳ, наҳот бир куни ўлиб қутулар,

Кўча супуришга чиқса муаллим?!

 

Минг узр, сўзларим туйилса аччиқ,

Не қилай, кўксимда заҳарли санчиқ,

Жонимни “Камаз”лар эзғилар янчиб,

Кўча супуришга чиқса муаллим.

 

Сиз-ку бир четдасиз… Яқинроқ келинг,

Шогирдсиз - заҳматин теппа-тенг бўлинг.

Қўлида супурги, хокандоз бўлинг,

Кўча супуришга чиқса муаллим!

Нодир Жонузоқ

 


Жавоб

...Эсимдан чиққанди ул оғир ҳолат,

Кетиб ҳам қолгандим ғамга суяна.

Тушунтириб берди менга сабабин

Кўчада фаррошлик қилган Диана:

 

«Юрак эзилади сукут дастидан —

Жимлик ҳақиндаги кўҳна ўгитлар...

Устозлари ўлса Камаз остида,

Автобус ичида ёнгай шогирдлар!»

Хайрулла Ҳамидов

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг