Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қирғизистонда ўзбек киноси ҳафталиги: “Баҳодир Ялангтўш” фильми ватандошларни бирлаштирди

Қирғизистонда ўзбек киноси ҳафталиги: “Баҳодир Ялангтўш” фильми ватандошларни бирлаштирди

Қирғизистоннинг Ўш ва Манас шаҳарларида “Ўзбек кино кунлари” маданий-маърифий тадбирлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

"Ўзбекистон маданият кунлари"  доирасида ташкил этилган ушбу тадбир нафақат санъат байрами, балки хориждаги ватандошлар ва талаба ёшлар учун ўзига хос маънавий кўприк вазифасини ўтади. Кино кунлари Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Ташқи ишлар  вазирлиги, “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Кинематография агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилди.

Тадбир доирасида делегация аъзолари Ўш давлат университети ҳамда Жалолобод давлат тиббиёт университетида бўлиб, у ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашдилар. Очиқ мулоқот тарзида ўтган суҳбатларда бугунги ўзбек киносидаги ўзгаришлар, миллий қаҳрамонлик тимсоллари ва санъат орқали ватанпарварлик туйғусини юксалтириш мавзулари муҳокама марказида бўлди.

Дастурнинг энг ҳаяжонли қисми — “Тирик тарих” туркумига мансуб “Баҳодир Ялангтўш” бадиий фильмининг намойиши бўлди. Ўш ва Манас шаҳарларидаги кинотеатрларга йиғилган юзлаб ватандошларимиз тарихий шахсларимиз жасорати акс этган ушбу асарни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Фильм намойишидан сўнг актёрлар билан бевосита мулоқот қилиш, маҳорат дарсларида иштирок этиш имконияти ёшлар учун ҳақиқий совға бўлди.

“Она юртда узоқда эканлигимиз боис, ўзбек фильмларини соғинган эдик. Бугунги тадбир нафақат кино кўриш, балки она Ватанимиз нафасини ҳис қилиш учун имконият бўлди. Миллий маданиятимизни мана шундай форматда ўрганиш бизга катта ғурур бағишлайди”, — дейди талаба Гўзал Хамроева.

Санъат байрамида жами 350 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ва этник ўзбек ёшлари иштирок этди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу каби лойиҳалар миллий ўзликни англаш ва икки қардош халқ ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Даврон Эргашев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг