Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қутайба ибн Муслим босқинчими ёки миллий қаҳрамон?

Қутайба ибн Муслим босқинчими ёки миллий қаҳрамон?

Қутайба ибн Муслимнинг она заминимизга ислом нури ва маърифатини олиб киргани юксак таҳсинга сазовор.

Фото: «Islamdag.ru»

Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани Қиличмозор маҳалласида араб саркардаси Қутайба ибн Муслим номи билан аталадиган зиёратгоҳ бор. Маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар ушбу қадамжони тез-тез зиёрат қилгани келадилар. Бу маскан ҳақида халқ орасида турли афсона ва ривоятлар ҳам тарқалган.

Айтишларича, Қутайба ибн Муслим мангу қўним топган зиёратгоҳдаги қайрағоч танасидан томиб турувчи шарбат инсонга тетиклик бахш этармиш. Ният ва ихлос қилган одамлар кўп хасталикларга шифо топишармиш.

Интернет нашрларининг хабар беришича, айни пайтда ҳудудда «Обод қишлоқ» дастури доирасида бунёдкорлик ишлари бошланган. Мамлакатимизга хорижлик сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга қаратилган ишлар доирасида мазкур зиёратгоҳни таъмирлаш кўзда тутилган. Бунинг учун давлат ҳисобидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Хуллас, бу маскан ҳам тез орада янада обод, хушманзара зиёратгоҳлар қаторидан ўрин олиши мумкин.

Қутайба ибн Муслим мангу қўним топган зиёратгоҳ. Фото: «Muslimun.uz»

Мақоламиз эса бу ерда амалга қилинаётган ишлар хусусида эмас, балки шу масканда дафн этилган деб қараладиган Қутайба ибн Муслим шахсияти ҳақида.

Қатъиятли, иродали, одил ва оқил

Тарихимиз жуда кўп босқинлар, қатлу қирғинлирга гувоҳ бўлди. Фотиҳлар келиб кетаверди. Ватан қолди. Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Маҳмуд Торобий, Дукчи Эшон сингари халқпарвар фарзандларнинг қаҳрамонлиги афсоналарга йўғрилди. Доро, Искандар Мақдуний, Чингизхон каби зобитлар эса юртимиз тарихида босқинчи сифатида тилга олинади.

Айни пайтга қадар турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган тарихий шахслардан бири ҳам айнан Қутайба ибн Муслимдир. Хўш, бу тарихий шахс ким ўзи? Уламоларимиз зикр этганидек юртимизнинг ислом нури билан мунаввар этилишига ҳисса қўшган, қатъиятли, иродали, одил ва оқил саркардами, ё айрим олимлар даъво қилганидек Марказий Осиёнинг исломгача бўлган маданиятини ер билан яксон қилган, минглаб аҳолини қатли ом этган шафқатсиз фотиҳ?

Тарихчи олим Муҳаммад Наршахийнинг ёзишича, ҳазрати Қутайба ибн Муслим ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Робия ибн Холид ибн Усайд ал-Хайр милодий 661 йилда Шомнинг Бохилий деган жойида таваллуд топган. Манбаларга кўра, у интизомли, истеъдодли, қатъиятли ва иродаси мустаҳкам саркарда бўлган. Ҳар қандай ишни маслаҳат ила амалга оширган.

Қутайба ибн Муслимни милодий 691 йили уммавийлар халифаси Абдураҳмон ибн Марвон Хуросонга ноиб этиб юборган. Қутайба ўз қаламравидаги ҳудудни шариат асосида бошқариш баробарида, халифалик ерларини шарққа томон кенгайтиришга катта ҳисса қўшган. 706 йили у Зарафшон водийси томон юриш қилиб, Пойкентни забт этади. 708 йили Марв ва Кешни, 709 йили Бухорони эгаллайди. 712 йили Хоразм ва Самарқандга кириб боради. 713 йил баҳорида Тошкент(Шош)ни эгаллаб, кейин Фарғона водийси томон йўл олади. Саркарда ўзи забт этган ҳудудларга ислом аҳкомларини ёйиб, халқни ҳидоятга даъват этади.

У қайси шаҳарни забт қилса, ўша ерда масжид, мадраса ва миноралар қурдирган. Мовароуннаҳрдаги илк масжид ҳам унинг бошчилигида, Бухоро шаҳрида 712 йилда қурилган. Бугунги кунгача етиб келган Самарқанддаги Ҳазрати Хизр масжиди ҳам айнан унинг кўрсатмасига биноан тикланган экан.

Самарқандда «енгилган» Қутайба

Исмоил Ҳаққий (р.а.) «Тафсир ул-рух ул-баён» китобида ёзишича, «Қутайба ибн Муслим ҳазратлари Жайҳун қирғонига келганида ўз аскарларига қарата: «Эй биродарлар! Қалбингизда заррача дунё ҳаваси бўлса шу қирғоқда қолинг, ниятингиз Аллоҳнинг розилиги ва унинг динини етказиш бўлса менга эргашинг», — дея хитоб қилган. Сўнг қўлини дуога очиб, парвардигорга юзланган: «Ё Роббим! Ўзинг гувоҳсан, бизларнинг қалбимизда заррача дунё умиди бўлса, шу дарёда чўктиргин, қалбимизда фақат сенинг динингни етказиш бўлса бизларга шу дарёдан нажот бергин». У шундай дея дарёга от солган ва бутун аскарлари билан нариги қирғоққа соғ-саломат чиққан экан.

Хабарларга кўра, Қутайба Самарқандни эгаллаганидан кейин шаҳар маъмурларидан бири саркарда бу шаҳарга шаръий талабларга зид тарзда кирганини даъво қилиб, қозига арз қилади. Қутайбани ҳам даъвогарнинг ёнида турғизиб қўядилар.

Исломий ҳарб аҳкомларига кўра Қутайба шаҳар аҳлига ё исломни қабул қилиш, ё жизя (ғайридинлардан ундириладиган солиқ) тўлаш, ё урушни таклиф қилиши лозим эди. Қутайба эса шаҳар аҳлини огоҳлантирмасдан, қўққисдан ҳужум қилган ва ғалаба қозонган эди. Қози даъвогарнинг арзини пухта ўрганиб чиқиб, Қутайба ибн Муслим шаҳарни чиндан ҳам макр-ҳийла билан эгаллаган дея ҳукм чиқаради ва саркарданинг бу ҳаракатини қаттиқ қоралайди.

Қозининг ҳукмига кўра Қутайба бошлиқ мусулмонлар шаҳарни тарк этадилар. Таомилга биноан шаҳар аҳлига юқоридаги шартлар таклиф этилади. Ғолиб саркарданинг мағлуб юрт вакили олдида маҳкамада енгилиши тарихда кузатилмаган эди. Шу ҳодисанинг ўзидан исломнинг нақадар ҳақ ва адолатли дин экани ҳақида хулоса чиқарган шаҳар аҳли ёппасига исломни қабул қилган экан.

Аввал ўлдириб, сўнг пушаймон қилишган

Қутайба ибн Муслим кўп тарихий китобларда ғайратли, уддабурон лашкарбоши, адолатли пешво, хиёнатни севмаган, маърифатга, шеъриятга яқин нозиктаъб инсон сифатида гавдаланади.

Қутайба ибн Муслимни Хуросонга ноиб қилиб тайинлаган халифа Абдулмалик ибн Марвон ўз даврида Усмон ибн Аффон, Абу Ҳурайра, Абу Саид, Умму Салама сингари улуғ зотларнинг насиҳатларини эшитган эди.

715 милодий йилнинг иккинчи ярмида халифа Валид вафот этиб, ҳокимият унинг укаси Сулаймон қўлига ўтади. Тарихчиларнинг ёзишича, халифа Сулаймон бинни Абдулмаликнинг ёнидагилар Қутайбага қарши кишилар эди. Қутайба бу хусусда ўз қўшини бошлиқлари билан маслаҳат қилганда улар саркардани қўллаб­қувватламайдилар. Бундан жаҳли чиққан Қутайба қўмондонларини қаттиқ мазаммат қилади. Шунда қўмондонлар Қутайбанинг чодирини ўраб оладилар. Қутайбанинг яқинлари хавфни сезиб, уни қочишга ундайдилар, аммо саркарданинг оти безовталаниб, эгарга минишига монелик қилади. Натижада тамимийлар қабиласининг бошлиғи Воқиъ бинни Абу Сууд ва бошқалар Қутайба, унинг укалари ва ўғилларини қатл этишади.

Айрим маълумотларга кўра Қутайба ибн Муслимни ўлдириш учун халифа Сулаймон ўзи махсус кўрсатма берган экан.

Ойнинг орқа томони

Албатта, Қутайба ибн Муслимнинг она заминимизга ислом нури ва маърифатини олиб киргани юксак таҳсинга сазовор. Афсуски, саркарданинг ватанимиз ҳудудига кириб келган пайтда шафқатсиз урушлари, минглаб аҳолини беомон қатл этгани, аёллар ва болаларни асир қилгани, маданий ёдгорликларни таг-туги билан йўқотишга урингани ҳам тарихий ҳақиқат.

Араб муаррихи Абу Жаъфар Табарийнинг ёзишича, арабларга жиддий қаршилик кўрсатган Тохаристоннинг Талликон шаҳрида жуда катта қирғин юз берган. Қутайба ибн Муслим шаҳарни эгаллагач, қўли қилич тутишга қодир бўлган барча одамларни ўлдиришга буюради. Талликонга олиб борувчи йўлнинг икки четидаги дарахтларга исёнчиларни осиб чиқадилар. Тарихий манбаларда ёзилишича, 4 фарсах (24 километр) масофадаги йўлнинг икки тарафидаги ёнғоқ дарахтларига жасадлар осиб чиқилган экан.

Ушбу тарихчининг ёзишича, жангларнинг бирида Қутайбанинг ҳузурига тўрт минг асирни олиб келишади. Тахт устида ўтирган Қутайба асирларни тахтининг тўрт тарафига мингтадан жойлаштиришни буюради, сўнг ўз аскарларига асирларининг барини қиличдан ўтказишга амр этган.

Абу Райҳон Беруний «Осорул-боқия» асарида Хоразмни фатҳ этган Қутайба қадимги хоразмий тилидаги битикларнинг барчасини йиғиб ёқишни буюргани, бу тилни биладиган олимларни қатл этганини ёзиб қолдирган.

Тарихчи Табарийнинг ёзишича, унга қаршилик кўрсатган маҳаллий одамлардан ҳар бирининг боши учун ўз аскарларига 100 дирҳамдан мукофот ваъда қилган. Қутайба бир жангда шундай хитоб қилган экан: «Агар умримдан учтагина сўз айтиш имкони қолганда «уқтулуҳу, уқтулуҳу, уқтулуҳу» (уларни ўлдиринг, ўлдиринг, ўлдиринг!) деган бўлардим».

Афсуски, Қутайба ибн Муслим ҳаётига оид бундай рақамларни яна кўплаб келтириш мумкин. Француз адиби Виктор Гюго ёзганидек, тарихнинг чиқинди қутиси бўлмайди. Бинобарин, ўзимизга ёқмаган, аммо рад этиб бўлмайдиган тарихий факт ва рақамларни ҳам тан олишга мажбурмиз.

Қутайба ибн Муслим динимиз равнақи учун жуда кўп ишлар амалга оширган ва ўша давр вазияти уни кескин чоралар кўришга мажбур қилган.

Юзлаб саркардалардан бири  

Бугун мамлакатимиз ўзининг кўҳна тарихи, беқиёс табиати, меҳмондўстлиги билан дунё аҳлини ўзига жалб этаётир. Юртимизга келаётган сайёҳлар оқими тобора ортиб бормоқда. Ўз навбатида жойларда сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тарихий қадамжоларни обод масканларга айлантиришга катта эътибор берилаётир.

Шу маънода Жалақудуқдаги Қутайба ибн Муслим мақбарасининг қайта тикланиши мусулмон мамлакатларидан келаётган сайёҳлар диққатини ўзига тортиши шубҳасиз. Ҳар қалай бу саркарда ислом тарихида ўз ўрнига эга сиймолар қаторидан жой олган. 

Шу ўринда бир савол туғилади: хўш, бу мақбарага ташриф буюрган сайёҳларга Қутайба ибн Муслим номи қандай тақдим этилади? Юртимизга қилич кўтариб келган фотиҳми ё миллий қаҳрамон? Аслида бу зотнинг миллатимизга алоқаси бор деб айтолмаймиз, унинг «қаҳрамон»лигини ҳам таърифлашимиз мантиққа тўғри келмас. Агар у чиндан юртимизни босиб олган фотиҳ бўлса, нима учун унга бу қадар эҳтиром кўрсатаяпмиз? Ё «биз шу қадар бағрикенг халқмизки, ҳатто юртимизга қилич кўтариб келган фотиҳнинг ҳам иззатини шу тахлит ўз ўрнига қўямиз» десак тўғри бўлармикин?

Ҳар қалай унинг шахсини кўкларга кўтариш, азиз-авлиёлар даражасида зикр этишдан аввал Қутайба ибн Муслим шахсияти, унинг жангу жадаллари, ҳарбий фаолияти, амаллари ҳақида тарихий манбаларда келтирилган маълумотларни пухта ўрганиб чиқиш зарар қилмайди.

«Қутайба ибн Муслимнинг юртимизда ислом дини ёйилишига қўшган хизмати унинг ҳар қандай хатоларини ювиб кетади» дегувчилар ҳам топилар. Аввало исломнинг она ватанимиз ҳудудида ёйилишига сабаб фақат Қутайбанинг қиличи эмас, динимизнинг ҳақлиги ва буюклиги, халқимизнинг азалий фикратига уйғунлиги бўлса ажаб эмас. Қолаверса, ислом ватанимизга Қутайбадан анча аввалроқ кириб келганди. Бобур Мирзо биргина Самарқанд аҳлининг ҳазрати Усмон (р.а.) замонларидаёқ мусулмон бўлишганини ёзган.

Бинобарин, Қутайба ибн Муслимни «миллий қаҳрамон» эмас, тарихда ўз давлати, шону шавкати учун беаёв курашган юзлаб саркардалардан бири сифатида эсга олсак, адолатдан бўлар эди. Бу хусусда тарихчиларимиз ҳам ўз муносабатларини билдиришса, фойдадан холи бўлмасди.

Иқбол Ҳумоюн

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг