Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суд ҳукмисиз инсон айбдор ҳисобланмайди – янгиланаётган Конституция

Суд ҳукмисиз инсон айбдор ҳисобланмайди – янгиланаётган Конституция

Жамоатчилик орасида жиноят иши қўзғатилган фуқарони суднинг ҳукми эълон қилинмасдан туриб, дарҳол жиноятчи сифатида баҳолаш ҳолатлари учраб туради.

Ваҳоланки, сўнгги йилларда қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан бир қанча оқлов ҳукмлари чиқарилмоқда (масалан, мамлакатимиз судлари томонидан сўнгги 5 йилда 4 минг 700 нафардан ортиқ фуқаро оқланган). Илгари буни тасаввур ҳам қилиш қийин эди.

Биринчи навбатда фуқарога нисбатан жиноят иши очилди бўлди, у жиноятчи ва у қамалади, дейиш нотўғри. Фуқарога нисбатан жиноят иши очилганда фуқарода ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқи доим бўлади. Агарда унинг айби исботланмаса у албатта озодликка чиқади. Инсонни айбдорлиги фақатгина суд муҳокамасида исботлансагина ва суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми бўлсагина, у айбдор бўлади.

Дўппи тор келганда тарозининг палласи инсон томонга тош босади. Яъни гумон ва шубҳаларни исботлаш имкониятлари мавжуд бўлмаса, бу ҳолат барча гумон ва шубҳалар гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи фойдасига ҳисобга ўтади.

Шунингдек, гумонланувчи ва айбланувчиларни ўз ҳоҳишисиз гапиртириш, ўз айбини тан олдиришга мажбурлаш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида тергов жараёнида жим туриш, яъни сукут сақлаш ҳуқуқи Конституция даражасида белгиланмоқда.

28-модда.

Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.

Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.

Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, инсонларни бошқа далиллар бўлмаган ҳолларда фақат ўзининг айбига иқрорлиги сабабли айбдор деб топиш тақиқланмоқда. Бу эса турли тазйиқлар билан жиноятни кимнингдир бўйнига қўйишдан сақлайди. Яъни энди бошқа бирорта далил бўлмаса, кимнидир турли босимлар остида «шу ишни мен қилдим» деб тан олишидан фойда йўқ.

Маҳкум ҳам аввало инсон. Инсонни озодликдан маҳрум этилгани у ва унинг яқин қариндошлари билан ноинсоний муомалада бўлиш, уларнинг шахсини камситишга йўл очиб бермаслиги керак. Маҳбусларга нисбатан жазо турлари қўлланилгани уларни жамиятнинг умумэътироф этилган муомала қоидаларидан ҳам чеклаш ҳуқуқини бермайди. Шу сабабли, озодликдан маҳрум этилган шахслар ва уларнинг қариндошларини камситиш, уларни асосий ҳуқуқлардан маҳрум қилишга сабаб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, айбсизлик презумпцияси конституция билан мустаҳкамланмоқда ва инсонни жиноят содир этганликда айбдор деб ҳисоблаш фақатгина суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукмига асосланилади.

Судланаётган фуқароларнинг умуминсоний ҳуқуқларга риоя этилиши ва тергов жараёнларидаги муҳим инсонпарвар қоидалар жорий этилиши белгиланмоқда.

Шахсни айбига иқрор қилиш эмас, балки тергов ва судда айбни ишончли далиллар билан исботлаш зарурлиги белгиланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг