Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Болани пулга ўргатма». Бу таомил қанчалик тўғри?

«Болани пулга ўргатма». Бу таомил қанчалик тўғри?

Фото: «polzavred.ru»

Халқимиз орасида «болани пулга ўргатма» деган гап кўп айтилади. Бу қанчалик тўғри? Ахир бугун қуён боқиб бойишни истовчи киши «хаёлпараст» эмас, тадбиркор. Замон ўзгараяпти, қарашлар ҳам.

Балки «болани пулга ўргатма» деб фарзандини то уйлантиргунча мустақил пул топиб, харажат қилишига йўл бермай, сўнг алоҳида ажратиб қўйганида у рўзғорини тебрата олмай қолишининг сабаби ҳам шундадир.

Номақбул одат

Одатда болалар икки-уч ёшидан бошлаб пул билан танишишни бошлайди. Уларни дастлаб пулнинг ёрқин cуратлари ўзига жалб қилади. Мутахассислар пул ҳақида бола 3, 6, 10 ва 15 ёшида нималарни билиши кераклиги ҳақида турли маслаҳатлар беришади. Уларнинг айримларини ҳукмингизга ҳавола қиламиз. Бунга амал қилиш ёки қилмаслик ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

5-6 ёшида болалар ўзларининг биринчи пулларига эга бўла бошлайди: бува ва буви, тоға ва амакилардан ҳайитлик, ота-онадан музқаймоқ учун 1000-2000 сўм пул ва ҳоказо. Йил ўтгани сари маблағнинг ҳажми ҳам, ундан фойдаланиш эркинлиги ҳам ошиб боради (бунга рухсат берилса, албатта).

Одатда боланинг қўлига тушадиган бундай пуллар бирор-бир қоида асосида сарфланмайди. Болалар ўз фойдалари ва харажатларини режалаштириб боришмайди, пулни жамғариш ёки аниқ мақсадга сарфлашни ҳам билишмайди.

Оилавий бюджетни режалаштиришга болаларни аралаштирмаслик одат тусига кирган. Натижада бу борада билим ва тажриба етишмаслиги оқибатида ўсмирнинг қўлига пул тушганида нафақат унинг ўзи, балки бутун оила жабр чекади. Бу болаларнинг қўлига пул бермаслик керак деганими? Йўқ албатта!

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ёшлигидан чўнтаги пул кўриб улғайган болалар кўпроқ муваффақиятга эришади ва ҳаётидан мамнун яшашади. Ёшлигида бюджет қоидаларини ўзлаштирган ва маълум мақсадларга эришиш бўйича тажрибага эга бўлганлар кейинчалик молиявий ҳаётини бошқаришни анча яхши эплашади.

Молиявий саводхонлик тартиби

Болалар пулни бошқаришни қанча эрта ўрганса, улғайганида иқтисодий силсилаларга шунча чидамли ва онгли ёндашувчан бўлади. Бу ҳомиладор аёл классик мусиқа ўрнига молиявий ҳисоботларни тинглаши, болаларига эртак ўрнига Уоррен Баффетни ўқиб бериши керак дегани эмас. Ҳар бир ёш тоифаси учун – алоҳида ёндашув.

3-4 ёшда

Болага «қиммат» ва «арзон» тушунчасини ўргатинг. «Бу қутида бешта шарча бор, улар анави ўн шардан арзонроқ».

Товар-пул муносабатларининг асосларини тушунтиринг: барча нарсалар қийматга эга; аввал маҳсулот учун тўлаймиз, кейин уни оламиз ва ҳоказо.

Келишишни ўргатинг. Масалан, дўконга боришдан олдин фақат битта ўйинчоқни харид қилиш шартини қўйинг, имтиёз — уни боланинг ўзи танлаш имконига эга бўлсин.

5-7 ёшда

Болани мустақил харидга ўргатиш. Аввалига у кассадан сизнинг назоратингизда ўтсин, кейин аниқ суммани бериб, дўконга юборинг, ниҳоят, маълум бир бюджет доирасида рўйхат бўйича маҳсулотлар харид қилиш вазифасини топширинг.

Фарзандингизни пул йиғишга ўргатинг. Майда пуллар йиғадиган қути олинг ва уни ишлатиш қоидаларини белгиланг. Мисол учун, ундан бир ойда бир мартадан кўп пул олиш мумкин эмас. Вақти-вақти билан болага қимматроқ ва арзон нарсаларни танлаш ҳуқуқини беринг. Қиммат буюм кўпроқ маблағ тўплашни талаб этишини тушунтиринг.

Харажат қилишда нимани биринчи ўринга қўйиш кераклигига мисоллар келтиринг. «Мен кичкина ширин йогурт ўрнига бир литр сут сотиб олдим, чунки бу сутга сен, укаларинг, бувинг ва бобонг ейдиган бўтқа тайёрласа бўлади».

7-10 ёшда

Мунтазам равишда болани харид қилиш учун юборинг. Бу нафақат масъулиятли ва мустақил бўлишни ривожлантиради, балки у харидлар рўйхатини тузиш, чекларни олиш ва текширишни ҳам ўзлаштиради.

Пул билан муомалада бўлиш қобилиятини ривожлантиринг. Агар қариндошларингиз ёки дўстларингиз болага оз миқдорда пул берган бўлса, ундан қандай фойдаланаётганини кузатинг. Барчасини ширинликларга сарфладими? Демак, боланинг пулга бўлган муносабати устида анча ишлашингиз керак бўлади.

Болани молиявий тушунчалар билан таништиринг: «ижара ҳақи», «коммунал тўловлар», «оилавий бюджет», «чегирмалар», «бозорлик», «кредит». Маъруза ўқиманг. Шунчаки, гапдан-гап чиққанида бу терминларни тушунтиринг.

11-14 ёшда

Болага пул беришни тартибга солинг. Мисол учун, унга ҳафтасига 20 минг сўм беришга келишинг. Бироқ буни ҳафта давомида мактабга йўл ҳақи ва тушликка тўғри тақсимласин. Қолганини эса ўз хоҳишига кўра сарфлаши мумкин.

Болани пул тўланадиган ишларга жалб қилиб туринг. Ўсмир нарх ва қиймат ўртасидаги фарқни сезиши керак.

15-18 ёшда

Болага қўшимча иш топинг. Ўрта мактабни битириш ёшида болалар мустақил пул топиш тажрибасига эга бўлиши лозим. Бу нафақат пул қиймати ҳақидаги фикри шаклланишига, балки келажакда эгаллайдиган касбини аниқлашига ҳам ёрдам беради.

Ўсмирнинг шахсий бюджетига аралашманг. Мустақил ишлаб топган пулини  ўзи сарф қилиши керак. Бошланишига ақл билан ишлатмаслиги, хато қилиши мумкин — бу унинг шахсий тажрибаси. Акс ҳолда, каттарганида болаларча молиявий хатоларини давом эттираверади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг